Кеча Киев аэропортида, қандайдир халқаро конференцияда қатнашиш учун бу шаҳарга келаётган москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси, Россия Президенти қошидаги Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг аъзоси, машҳур Москва Хельсинки Гуруҳининг эксперти Андрей Юровни Украинага киритишмапти. Сабаб сифатида Андрей Юров Украинанинг тегишли идоралари тарафидан персона нон грата қилинганини айтишибди.
Бу ҳуқуқ ҳимоячиси ўзини оқлаш учун бўлса керак, “Мен ҳеч қандай мухолифат билан учрашишни режалаштирмаганман. Мен сиёсат билан шуғулланмайман” дебди.
Ана холос, ҳуқуқ ҳимоячиларига экспертлик қилаётган одамнинг ибтидоий гапларига қаранг. Нима, ҳуқуқ ҳимоячиси мухолифат билан учрашолмайдими? Мухолифат аъзоларининг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, яъни, сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш Андрей Юровнинг бурчи эмасми? Андрей Юровнинг бу гаплари Москва Хельсинки Гуруҳига ҳам доғ туширмаяптими?
Аслида, саволни бошқачароқ ҳам қўйиш мумкин: Собиқ КГБчи, Россиянинг амалдаги диктатори Владимир Путиннинг қошида иш олиб бораётган Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячисини киритишлари мумкинми? Йўқ! Шундай экан, нимага Украина расмийлари ўз дўстлари Путиннинг “ҳуқуқ ҳимоячи”сини мамлакатларига киритмадилар, деган саволга ҳам жавоб йўқ.
Тўғрисини айтсак, бизни бу саволга жавоб эмас, жаҳон ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракатининг 20 асрдан чиқолмасдан, феълан боши берк кўчага кириб қолгани хавотирга солмоқда.
Ўтган асрда СССР каби темир девор орқасида яшайдиган мамлакатлардан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида биронта хабар олиш катта иш ҳисобланар эди. Ҳозирги Интернет ва электрон почта даврида темир девор эмас, ундан баттарининг орқасидан ҳам хабар олиб туриш ўта осон иш.
Шундай экан, ҳозир дунёга машҳур бўлиб кетаётган “Эзгулик” жамиятининг йўли тўғридир – сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш орқали, мухолифатнинг расмий сиёсий саҳнага чиқишига ёрдамчи бўлиш. Мухолифат расман сиёсий саҳанага чиққан жойда инсон ҳуқуқлари муаммоси бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас.