Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Брюсселдаги элчихонамизда Ўзбекистоннинг 2013 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларига ва 2014 йилнинг улкан режаларига бағишланган брифинг бўлибди. Хабарда брифингда кимлар қатнашгани, ким уни бошқаргани, у қачон бўлгани ҳам айтилмайди, фақат Европа Энегетик Хартиясининг Бош котиби Урбан Руснак ва БМТ Саноий Тараққиёт Ташкилотининг (UNIDO) Европа Иттифоқидаги доимий вакили Кристофер Иветотнинг қисқа, аммо Ўзбекистон номига айтилган мақтовлар тўла гапларини келтирилади, холос.
Бу икки шахс ўтган йилнинг натижалари ҳақида Ислом Карим айтган рақамлардан маст бўлганликларини билдириб, келажагимизга беш кетаётганларини таъкидлашади. Шундай номи улуғ лавозимларда ўтирган икки аҳмоқнинг сўзларига ҳайрон қилиш керак. Наҳотки улар иқтисоднинг кучи, яъни киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қўшнимиз Қозоғистондан 2005 йилда 5,5 баравар орқада бўлсак, энди бу фарқ 8 баравар бўлганини, миллионлаб ўзбеклар чет элларда мардикорлик қилишаётганини билишмайди. Қозоғистонда ўртача ойлик 683 доллар экан, бизда 90 доллардан ҳам кам эканлигини билишмайдими? Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишиничи?
Хабарда, жумладан, Кристофер Иветотнинг Ўзбекистонда юқори технологияларни модернизация қилишга оид 500 та юқори технологияли лойиҳани молиялаштиришга тайёрмиз, деган сўзлари келтирилади. Давлат Бюджети чет элдаги мардикорлар юборган пул билан оёқда турган Ўзбекистонда афсонавий 500 лойиҳани молиялаштиришга кучинг бор экан, нега бутун дунёни бир пасда АҚШ, Европа, Япония ва Жанубий Корея даражасига олиб чиқиб қўймасан, жаноб Иветот, дейдиган одам топилмапти-да ўша “брифинг”да.
Тахмин қилиш қийин эмаски, ҳеч қандай брифинг ҳам бўлмаган, бу икки аҳмоқни элчихонадагилар маст қилиб, уларнинг номидан ўзлари алжирашмоқда, холос.
“Ҳаракат” Агентлиги ўша икки шасга хат ёзиб, алжирашларига тушунтириш сўрамоқчи. 2 йилча аввал шу каби алжирашлар қилган “The Baltic Course – Балтийский курс” журналининг Бош муҳаррири, иқтисод фанлари доктори Ольга Павук исмли аёлни роса шарманда қилганимизни ҳам билмаганлар билиб қўйгани яхши.