03 October 2012
13:03 - Ислом Карим режимини мақтаб пул топаётганларни фош қилиш ва уларнинг ўзини режимни фош этишга тортиш ҳақида

ЎзАнинг сайтида 27 сентябрь куни берилган хабарида Латвияда рус ва инлиз тилларида чиқадиган ва обрўли халқаро нашр эканлигини иддао қилувчи “The Baltic Course – Балтийский курс” журналида иқтисод фанлари доктори Ольга Павук исмли аёл (расмда) “Ўзбекистонда хусусий бизнес ва касаба-ҳунар таълими ривожига устивор эътибор қаратилмоқда” номли мақола эълон қилганилиги айтилади. 12-14 сентябрь кунлари Тошкентда ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг роли ва аҳамияти” мавзусидаги конференцияда иштирок этган Ольга Павук Ўзбекистонда Ислом Карим олиб бораётган сиёсатни ипидан игнасигача мақтаб, хусусан қуйидаги фикрларни ёзибди:

1. Ўзбекистон фахрланишга арзийдиган ютуқларга эришганини биламиз.

2. Ўзбекистон халқаро молиявий-иқтисодий кризис бўлаётган пайтда 8 фоизли ўсишга эришган камдан кам мамлакатлардан биридир.

3. БМТ, ЖБ, ХВФ, Осий Тараққиёт Банки, Ислом Иқтисодий Банки каби ҳурматли ташкилотлар Ўзбекистоннинг хусусий бизнесни ривожлантириш йўлидаги ютуқларини юксак баҳоламоқда. Ялпи Ички Маҳсулотнинг 54 фоизи айнан шу секторда ишлаб чиқарилмоқда, меҳнатга қодир аҳолининг 75 фоизи шу секторда ишламоқда.

4. Таълим ситемаси, яъни янги 9 + 3 системаси Ўзбекистоннинг келажагини ўзгартиришга бошлаган буюк қадамдир.

Бу хусусда “The Baltic Course – Балтийский курс” журналига мактуб йўллаган “Ҳаракат” агентлиги таҳририяти Ўзбекистоннинг аҳволини кўрсатадиган аниқ рақам ва фактлар билан Ольга Павукнинг мутлақо ноҳақлигини кўрсатиб берди. Журналдан жавоб ҳам келди.

Маълум бўлишича, Ольга Павук журналнинг Бош редактори экан. У билан ҳам мактуб алмашилди. “Ҳаракат” агантлиги таҳририяти Фан доктори унвонига эга бўлган олим бундай хатоларга йўл қўйиши мумкин эмаслигини таъкилади ва Ўзбекистон Президенти ҳам иқтисод бўйича фан доктори экани, лекин умуман иқтисодни тушунмаслигини аниқ мисоллар билан кўрсатиб берди ва хусусан шундай деди: “Ислом Карим докторлик унвонини сотиб олганини ҳамма билади, кўринишидан, Ольга Павук ҳам шундайлардан. Ўзи ишлаётган журнални шарманда қилмаслик учун у аёл дарҳол истеъфога жўнаши ва Россияга бориб гастарбайтерлик қилгани маъқулдир.”

Ольга Павук бизга ёзган хатларида ўзини гўликка солиб, ўзининг қайси мақоласи танқид қилинаётганини тушунмаётганини ҳам айтишача борди. 2 ҳафта аввал Тошкентга келиб конференцияда қатнашгандан кейин Ўзбекистон ҳақида шунча кўп мақола ёздингизмики, қайси мақола ҳақида гапирилаётганини билмайсиз, дейишимиз қаршисида ҳеч нарса айтолмай қолди.

Аммо, сўнгги 3-4 йил ичида Ўзбекистон ҳақида бир неча мақола ёзганини айтиб, у мақолалардан бизга кўчирмалар юборди. Бу кўчирмалардан кўриниб турардики, Ольга Павук Ўзбекистонни фақат мақтаган бўлса ҳам, аянчли аҳволни кўрсатуви бир қатор рақамларни мутлақо таҳлилсиз келтирган экан. Бу рақамлар “Ҳаракат” агентлигининг Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол қанчалик ачинарли аҳволда эканлиги ҳақидаги гапларини тасдиқлар эди.

Маълумки, биз хабарларимизда Ўзбекистон Ялпи Ичкии Маҳсулотининг (ЯИМ) ҳажми 2011 йилда 43 миллиард доллар атрофида бўлгани, Қозоғистонники эса, 180 млрд атрофида бўлиб, ЯИМнинг киши бошига қиймати бўйича Ўзбекистон Қозоғистонда 6-7 баравар орқадалигини доим айтиб келаётган эдик.

Ольга Павук ўз мақолаларидан бирида Жаҳон Банкига асосланиб, бир қатор мамлакатларнинг киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотининг 2005-2009 йилларга оид рақамларини келтиради. Биз улардан фақат Ўзбекистонга, қўшниларимизга ва Болтиқбўйи давлатларига оидларини келтирамиз:

Страна           2005 г. 2006 г. 2007 г. 2008 г.  2009 г.   2011 г. ("Ҳаракат"дан)
Азербайджан  1270    1890    2710    3830     4840
Беларусь        2780    3470    4250    5360     5540
Казахстан       2930    3860    4970    6160     6740    10919 (тахм)
Узбекистан      530      610       730      910     1100     1400 (тахм)

Для сравнения:
Эстония          9760    11390  13180  14570   14060
Латвия            6820     8150    10120 11860   12390
Литва             7280     8410     9910  11870   11410
Дания            48620   52200   54290 58800  58930
Финляндия     38480   41320   43980 47600  45680

Ҳурматли ўқувчилар, бу рақамларга яхшилаб қаранг, аҳволимизни кўринг. Киши бошига ЯИМ бўйича, демак, даромад бўйича ҳам, ҳамма қўшниларимиздан 6-7 (!!) баравар, Болтиқбўйи давлатларидан 10-14 (!!!), Финландия-Даниядан 40-50 (!!!!) баравар орқадамиз. 2011 йилда ҳам аҳвол ўзгармаганини ҳисобга олсак, Ольга Павук нимага асосланиб Ўзбекистондаги аҳволни кўкларга кўтармоқда? Ростдан ҳам Ольга Павук докторлик унвонини сотиб олган сохта олим бўлиб, бу соҳада Ислом Карим каби ҳеч нарсани тушунмайдими ёки у Ўзбекистонга келганида уни тўғридан-тўғри сотиб олишганми?

Бу саволларга ҳали жавоб йўқ. Аммо, биз бу масалани охиригача етказишга ва Ольга Павукни ўз ўрнига ўтқазиб қўйишга эришамиз.

Айни замонда ҳамма демократларга ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қиламиз. Бу каби масалалар билан ҳамма шуғулланиши керак. Ғарбдан келган баъзи мутахассислар Ўзбекистон ва ҳукуматининг сиёсатини ҳеч бир асоссиз мақташ билан овора бўлаётганлари сир эмас. Уларни башарасини очиб, шарманда қилиш, мумкин бўлса, ишдан ҳайдатиш каби масалалар билан шуғулланиш - Ўзбекистон расмийларининг ҳам эс-ҳушини жойига келтириб қўйиш йўлидаги фойдали қадамлар бўлиши шубҳасиздир.