Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон бу мамлакатнда юз берган қаттиқ сиёсий зилзиладан камроқ талафот билан чиқиш учун ҳар куни қандайдир баҳона билан ўтказилаётган митингларда қатнашиб, ўз ҳукумати аъзолари ва ҳатто ўзининг ўғли коррупция ва порахўрлик воқеаларга аралашиб қолгани ҳақидаги иддаоларни ёлғонлаб, бу сиёсий зилзила унинг ўзи, партияси ва ҳатто Туркияга қарши фитна эканлигини гапирмоқда. Аммо, унинг обрўсига тузатиб бўлмайдигоан шикаст етказилгани шубҳасиз.
Шунинг учун бўлса керак, Туркия Бош вазири ўтказилаётган тадбирларда фан ва техниканинг янги ютуқларидан ҳам фойдаланиб, ўз обрўсини тиклашга уринмоқда. У ўтган шанба куни Измир шаҳрида шаҳар ҳокимлигига Эрдўғон раислигидаги Адолат ва Тараққиёт Партиясидан номзод қилиб кўрсатилаётган Бинали Йилдиримни танитиш митингига ўзи бормади. Эскириб қолган усулни қўллаб, митингчилар олидига осиладиган катта телеэкран орқали ҳам чиқиш қилмади. У митингчилар олдида голограмма тасвири билан пайдо бўлди (расмда). Одамнинг уч ўлчовли тасвирини ҳавода яратиш усули турклар тарафидан ўйлаб топилган нарса эмас. Лекин, ривожланган давлатларда бу усул нега кенг қўлланилмаётгани ҳам номаълум.
Ражаб Эрдўғоннинг голограмма тасвири билан чиқиши дунёнинг йирик ахборот воситалари эътиборига тушибди. Биз ҳам орқада қолмайлик деб, бу ҳақда хабар бермоқдамиз. Аммо, айтиш керакки, митинг қатнашчиларининг ўзи бу тасвирдан қандай таъсирланганлари турк хабар воситаларида гапирилмайди. Ҳар ҳолда, катта эффект бўлмаган бўлса керак.