28 January 2014
19:43 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Навбатдаги кризисга тайёрланинг! (Ҳаракат”дан жавоб: Ўзбеклар кўзингизни очинг!”)
Иқтисодда бир гап бор. Агар АҚШ иқтисоди аксиришни бошласа, жаҳон иқтисоди шамоллаб қолади.

Сўнги вақтларда АҚШ иқтисоди кризисдан чиқаётгани ва иқтисод ўнгланаётгани, ДОУ ЖОНЕС хам рекордлар қўяётгани ҳақида кўп ва хўп ёзилди.

Реаллик ҳам шундайми? Камина бошқачароқ фикрда.

2008 йили Леман Брозерс банки касодга учраб бутундунё молиявий бўхрони бошлангандан сўнг, бу кризисдан чиқиш йўли ўлароқ Бен Бернанке (АҚШнинг Шавкат Муллажонови) пул "печат" қилишни ва бу пулларни иқтисодга пуркашни "ихтиро" қилди. АКШ федерал резерви ҳар ой 85 млрд доллар "печат" қилиб, банкларга минимал ставкада қарзга бериш ва заём шаклида аҳолига таклиф қилиш билан кризисни "ечаётган" қилиб кўрсатди.

Бу монетар сиёсат инвесторларни инфляция эҳтимоли билан қўрқитди ва улар олтин сотиб олишга бошладилар. 2008 йил 1 унцияси $730 бўлган олтин 2011 йили Августда $1900 долларга кўтарилди. Талаб кўкка сапчиса, ўзи билан нархни ҳам кўтариб юради.

2008 йили Октябрда Доу Жонес 8400 эди, шу бугунги кунда 15800 атрофида. Баьзи иқтисодчилар буни кўпикка қиёслаб, эртами кеч бу кўпик ёрилади ва фонд бозори ўпирилади деган фикрдалар.

Ҳозирда ҳар ой АҚШда яратилаётган иш ўринларининг катта қисми ярим ставка ва мавсумий/вақтинча иш ўринларидир. Шу бугунги кунда АҚШда ишсизлик 7,3%. Ҳукумат буни 7% тушириб фоиз ставкаларини яна кутармоқчи. АҚШ энг қалтис вазият остонасида турибди.

Хўш, навбатдаги кризиснинг хиди қаердан келаяпти?

АҚШнинг ташқи қарзи ҳали тарихда кузатилмаган суммани ташкил қилади. Бу сумма 16.7 триллион. АҚШнинг шу кетишдаги даромади билан ҳисоблаганда, АКШ 7 йил емай ичмай даромадини тўплаши ва ҳақдорларга (қарзини – “Ҳаракат) қайтариши керак. АҚШда тирикчилик қилаётган, бизнес юритаётган ватандошлар режани пухта қилинглар ва тайёр туринглар. Албатта домино эффекти натижасида бўҳрон бошқа қитъаларга ҳам кучади. АҚШнинг хозирги иқтисоди қарз устига қурилган ва бу қарз ўсгандан ўсаяпти. Ҳар сафар АҚШнинг қарз лимити битганда конгресс бу лимитни ошириб яна қарз олиш учун ҳукуматга изн бераяпти. Кун келиб қарзга ботган карвон ўрнидан қўзгала олмай қолади.

Ҳозирда АҚШнинг ҳукуматининг юритаётган монетар сиёсатини бошқача килиб айтсак, Виза картнинг лимити битти, Мастер картга ўтамиз. Зиёфат давом этади, ҳамма рақсга тушсин.

Тоҳир

“Ҳаракат” таҳририятидан: Ўқувчимиз Тоҳирга юборган хати учун раҳмат деймиз. Дунё иқтисодий кризиси, дунё молиявий ва иқтисодий системасининг мотори бўлган АҚШдаги вазият ўта муҳим, бу масала ҳар бир одамни қизиқтириши керак.

Тоҳирнинг фикрларини ҳурмат қиламиз, аммо бу фикрлар қандай факт ва аргументларга асослангани жуда муҳимдир.

Тўғри, АҚШда Марказий Банк ролини ўйновчи Федерал Резерв инфляцияга ҳам кўз юмиб, мамлакатнинг катта банкларини кризисдан нисбатан тез олиб чиқди. Иқтисоднинг мотори молиявий система, унинг мотори эса, банклар эканлигини ҳисобга олсак, Федерал Резерв жуда тўғри иш қилди. Хўш, у бошқача нима қилиши керак эди? Бу саволга жавоб йўқ-ку.

Ҳа, олтиннинг нархи кескин ошди. Биз бу тўғрида ҳам ёздик. Аммо, ўсишни тўғридан-тўғри ҳозирги кризис билан боғлаб бўлмайди. Олтиннинг нархи ўтган асрнинг 90-чи йилларидан бери ортиб келмоқда. Инқироз пайтида олтиннинг нархи яна ҳам кўтарилгани тушунарли. Ҳали ҳам акциялардан, ҳатто пулдан ҳам кўпроқ, олтинга ишонадиганлар етралича бор. Ҳали ҳам Интернетдан кўра, почта орқали хат жўнатиш ишончлироқ деб ҳисоблайдиган содда одамлар етарлича борлиги каби. Қолаверса, ўз вақтида биринчи марта пул чиққанда, унга ишонмасдан йиллар бўйлаб олтин билан ишлаб юрган одамлар бўлган.

Яна қолаверса, ҳозир олтиннинг нархи яна тушиб бормоқда. Бугун унинг бир унцияси 1250 доллар.

Биз кўп марта ёзганимиз каби, дунёнинг молиявий системаси, математик иборалар билан айтсак, катта системадир. Математикада, “катта система” деб ҳамма параметрлари кўп бўлган ёки ҳамма параметрлари ҳали ўрганиб бўлинмаган системаларни эмас, ҳамма параметлари принцип ўлароқ тўла ўрганиб бўлмайдиган системаларни айтадилар.

Шундай экан, қўполроқ қилиб айтсак, бундай системаларни “хато қилиш ва тузатиш” усуллари билан бошқарилади. Шундай экан, Тоҳир мутлақо ҳақ, АҚШнинг молиявий ва иқтисодий системаси кризисдан чиқди деб, буни аниқ фактлар билан кўрсатиб берадиган усуллар йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди.

Бу дегани ҳеч нарса қилмаслик керак, дегани эмас. Катта системаларни бошқариш усулларини мутахассислар биладилар. Бу усуллар эркин иқтисод шароитида самалироқ ишлайди. Ҳозир бу усуллар Ғарбда ишламоқда. СССР инқирозга кирганда, социалистик йўллар билан ундан чиқолмадик ва СССРдек давлат қулади.

Ўша пайтда, энди набат АҚШдадир деган одамлар жуда кўп бўлган. Чунки, улар бозор иқтисоди билан социалистик иқтисоднинг фарқига боришмасди.

Хуллас, демқучимизки, 2 карра 4 эканлини кўрсатиб берса бўлади, аммо АҚШ иқтисодий кризисдан чиққанини кўрсатиб бериш усули йўқ. Аммо, бу фикрни тасдиқлаш учун етралича аргументлар бор. Мана улардан биттаси.

Кризисдан аввал АҚШда 7-8 фоизли ипотека кредитлари берилар эди. Федерал Резерв ўзи берадиган қарзларнинг ставкасини 0-25 фоизга тушириб қўйган эди, ипотека қарзлари 2-3 фоиз билан берилабошлади. Аммо, сўнгги ойларда бу ставка 4 фоизларга чиқди. Федерал Резерв ставкасини оширса, оддий банкларнинг ставкаси ҳам дарҳол ошишга бошлайди ва кризисдан аввалги савияга чиқади. Одамлар шундай катта фоизли қарз олишга журъат қилмоқдаларми, демак кризисдан чиқмоқдамиз.

АҚШнинг катта қарзи - ҳукумат-мухолифат ўртасдаги сиёсий курашдаги ишлатилаётган нарсдир. АҚШнинг шунча қарзи борми, демак, у ҳар қандай қарзни кўтариш кучига эга. Бели бақувват бўлмаганга ҳеч ким қарз ҳам бермайди.

АҚШда яшайдиган ўзбекларнинг бундай масалалар билан иши йўқ, чунки уларнинг мутлақо кўпчлиги мардикор, озгина ортиқча пули бўлса бир қисмини Ўзбекистонга юборади, бошқасини шу ердаги банкларда сақлайди. Аммо, бу ерда ҳам ўзбекларнинг бели бақуватлашишга бошлаши шубҳасиз. Ўшандайларга аввал ҳам берган маслаҳатимизни қайтарамиз: “Пулингизни ярмини банкларда, қолган қисмини фондлар биржасида сақланг.” Аслида, бу биздан чиққан маслаҳат эмас, мутахассисларнинг маслаҳати.

Мақсадимиз – ўшанқа мутахассислар даражасига чиқиш, АҚШда ва бошқа мамлакатларда яшаётган юртдошларимизга тўғри маслаҳатлар бериш, йўл кўрсатиш. Ош ейиш ва туалетга бориш билан машғул бўлган ўзбеклар миллат сифатинит иклай олмайдилар. Ўзбекларни жиддийроқ ишларга тортишимиз керак. Ҳозирча, шок терапияси усуллари билан уларни гаранг қилиб, аввал уларнинг кўзини очиш устида ишламоқдамиз. Бу иш самарали бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқ.