Қозоқларнинг Казинформ агентлигининг кечаги хабарига кўра, Нурсултон Назарбой “Қозоғистоннинг дунёдаги энг ривожланган 30 давлат қаторига кириши Концепцияси”ни 17 январдаёқ, яъни Концепция Президентнинг ўзи тарафидан телевидение орқали халққа тақдим этилган куниёқ, махсус Фармон билан тасдиқланган экан.
Фармон билан Концепция тасдиқланди ва ҳукуматга, вилоят ҳокимиятларига ҳамда Президентга бўйсунадиган давлат органларига шу Концепция асосида иш олиб бориш топширилди.
Бу Фармонга 2,5 саҳифалик таҳлил илова қилинган бўлиб, Концепцияда 2050 йилгача киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотни ҳозирги 12 минг доллардан 60 минг долларга чиқариш, яъни 5 баравар ошириш кўзда тутилгани урғуланади.
Бу ерда битта нарсага ўқувчиларимизнинг эътиборини қаратмоқчимиз.
Ўзбекистанда ҳозир киши бошига ЯИМ 1,5 минг доллар атрофида, яъни қозоқлардан 12-1,5 = 10,5 мингга кам. Яъни, фарқимиз 10,5 минг доллар.
Агар мўъжиза юз бериб, тўғрироғи, Ислом Карим яратиб бераётган “мустаҳкам” заминимизга таяниб, 2050 йилгача иқтисодимизнинг кучини Қозоғистон каби 5 эмас, 10 бараварга оширолсак ҳам, киши бошига ЯИМ 15 минг долларга чиқади, яъни қозоқлардан 45 мингга кам бўлади. Ана фарқу, мана фарқ!!
Демак, 2050 йилга келиб, миллионлаб ўзбеклар Қозоғистонда мардикор бўлишга, ўзбек аёллари эса, Туркия ва бошқа Осиё мамлакатларига бориб ўтирмасдан, қўшниларимзда фоҳиша бўлишга тайёрланишлари керак. Ўзбекистоннинг академик ва профессорлари ҳозирданоқ Қозоғистонга бориб дворниклик қилишга бошлашлари мумкин, дарҳол маошлари 2-3 баравар ортади, бир неча йидан кейин ортиш бундан ҳам катта бўлади.
Бу нарсани “Ҳаракат”дан фарқли ўлароқ, балки, фожеа сифатида кўриш ҳам керакмасдир. Мана миллионлаб лотин-америкаликлар АҚШда мардикорлик қилишади, биз Қозоғистонда қилсак нима бўлибди? Фақат, Ал Хоразмий, Ал Беруний, Ал Форобий, Ал Бухорий, Амир Темир, Улуғбек ва Бобирлар авлодидан эканлигимизни унутишимиз лозим. Акс ҳолда, миллий ғуруримиз уйғониб кетса, руҳий азобга чидолмасдан ҳали тарихда бўлмаган ишга қўл уришимиз ва миллат сифатида ўз-ўзимизга суиқасд қилиб қўйишимиз мумкин.