04 September 2008
03:00 -
18:00 - Гуржистондан Украина орқали Ўзбекистонгача 16:00 - МакКейн республикачиларнинг президентликка номзоди бўлди
18:00 - Гуржистондан Украина орқали Ўзбекистонгача

Гуржистон президенти Михаил Саакашвилининг Жанубий Осетияда Тбилисининг қонуний ҳукмронлигини ўрнатиш учун олиб борган бир кунлик уруши бутун дунёни алғов-далғов қилиб ташлади. Аммо феълан Россиянинг қўлига ўтиб кетган Жанубий Осетия ва Абхазия Россиянинг қўлида қолди. Яъни бир қарашда ҳеч нарса ўзгармагандек, ҳатто русларнинг бу минтақадаги мавқеи кучайгандек кўринади.

Аслида ундай эмас. Саакашвили бутун Ғарб дунёсини ўзининг очиқча ҳамкорига, Россиянинг эса душманига айлантириб қўйди. Россия НАТО ва Европа Иттифоқи (ЕИ) билан яхши алоқалар ўрнатиш, Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) кириш орқали ҳозирча нефтнинг дунё бозоридаги юксак нархига осилиб турган заиф иқтисодини мустаҳкамлаб олиш учун ҳаракат қилаётган ва анчагина муваффақиятларга эришганди. Уларнинг сал кам ҳаммаси пучга чиқди. ЖСТга кириш номаълум муддатга кечиктирилди, НАТО ва ЕИ Россия билан ҳакмкорликни минимал нуқталарга тушириб, Москвадан Гуржистоннинг ҳудудий бутунлигини тан олишни талаб қилмоқда, Абхазия ва Шимолий Осетига халқаро кузатувчилар, ундан кейин халқаро мандатга эга бўлган тинчликни сақлаш кучларини киритиш ғоясини секин-аста олға сурилмоқда. Уларни рад этиш учун Россия Ғарб билан муносабатларини янада ёмонлаштиришга мажбур бўлади. Бу эса, ўз навбатида Россиянинг иқтисоди учун таҳликалидир.

Айнан шуларни тушунган Россиянинг қоғоздаги президенти Медведев ва амалдаги хўжайини Владимир Путин Саакашвилидан аламзада эканликларини ҳам яшира олмаяптилар, расмий чиқишларида Саакашвилини сўкиш даражасида ҳакорат қилишдан ўзларини тия олмаяптилар.

Ғарб дунёсининг лидерлари тамомийла Гуржистон ва унинг президенти Саакашвили тамонида эканликларини очиқча кўрсатмоқдалар. Шу кунларда Тбилисига келиб кетган турли давлат раҳбарларининг сони 17 йиллик мустақиллик йилларида келганлардан бир неча марта кўпдир. Бугун бу ерга АҚШнинг вице-президенти Дик Чейни ҳам келиб кетди ва АҚШ ҳукумати Россия билан қарама-қаршиликда тўла Гуржистонни қўллаб-қувватлашини билдирди.

НАТОнинг ҳарбий кемалари Гуржистоннинг денгиз чегараларини ўз ҳимоясига олди, Гуржистоннинг ҳаво майдонини кузатадиган жиҳозлар НАТО системаларига боғланди. Россия томонидан яксон қилинган Гуржистоннинг ҳарбий потенциали Ғарб тарафидан тикланмоқда. АҚШ ва Европа ўлкалари Гуржистон иқтисодини тиклаш учун миллиардлаб долларлик ёрдам уюштирмоқдалар.

Гуржистон Россия билан дипломатик алоқаларини узди, энди гуржиларнинг Россияга бориб келиши ўта қийинлашади, аммо Европа ва АҚШга ҳамма йўллар очилади. Гуржилар бундан фақат хурсанд бўлаётганларини гапириб ўтириш ҳам ортиқча.

Хуллас, қисқа қилиб айтсак,, Михаил Саакашвили Россияни заифлатиш ва келажакда Абхазия билан Жанубий Осетияни ундан қайтариб олишга имконият яратиш учун яхши замин тайёрлади.

Айни замонда, Украинада янги сиёсий кризис оловланди. Президент Виктор Юшченко ва Бош вазир Юлия Тимошенко зарғалдоқ инқилобидан бери бирга бўлсалар ҳам уларнинг орасида ва уларнинг командалари ўртасида манфаатлар уруши ҳеч тўхтамаган эди. 2010 йилда бўладиган президентлик сайловлари арафасида бу кураш авжига чиқишини ҳамма кутарди. Гуржистондаги воқеалар баҳонаси билан кураш ҳозироқ оловланишга бошлади.

Шу пайтгача Гуржистон ва унинг президенти Саакашвилининг дўстиман дея кўксига уриб келган Юлия Тимошенконинг Гуржистон-Россия конфликти пайтида ўзини четга олиб қочгани, Ғарб билан параллел шаклда ҳаракат қилмасликка интилгани – аввалига унинг Путинга сотилгани ҳақида олди-қочди гапларга сабаб бўлган бўлса, кейин бу иддаолар расмий сиёсий саҳналарга ҳам чиқди. Тимошенко шу пайтгача ўзининг асосий рақиби, ҳатто душмани ҳисобланган россияпараст Регионлар Партияси ва унинг раҳбари Виктор Янукевичяга яқинлаша бошлади. Тимошенко ва Янукевичнинг парламентдаги фракциялари бирлашиб, президент Юшченконинг ваколатларини қисқартирувчи ва айни замонда Бош вазир Тимошенконинг ваколатларини кенгайтирувчи қонунлар қабул қилди. Юшченко буни давлат тўнтаришига уриниш каби баҳолаб расмий баёнот беришгача борди. Шунданй кейин, унинг парламентдаги тарафдорлаги зарғалдоқ коалициядан чиққанларини эълон қилдилар.

Украина қонунларига кўйича, коалициядан чиқиш қарори 10 кундан кейин кучга киради, шундан кейинги бир ой ичида парламент кўпчилигини ташкил қилувчи янги коалиция тузилмаса, президент парламентни тарқатиб юбориб, янги сайловлар тайин қилади. Юшченконинг тарафдорларисиз Тимошенко янги парламент кўпчилигини ташкил қилувчи коалиция тузолмайди, Янукевич билан коалиция тузилса, Тимошенконинг “зарғалдоқ инқилоби қироличаси, русларга бош эгмайдиган Ғарб тарафдори” имижи бутунлай битади.

Хуллас, Украина янги сиёсий инқирозга кирди. Шундай шароитда, яхши томонга борадиган жиддий иқтисодий ўзгаришлар ҳам бўлиши қийин.

Бу воқеаларга Ўзбекистон нуқтаи назардан қараш лозим. Украинанинг мисоли кўрсатмоқдаки, турли сиёсий коалициялар, айниқса, янги демократик жамиятларда, жуда мўрт бўлади. Уларнинг ҳар қадамда синабериши эса, мамлакат манфаатларига жиддий зарар беради.

Айнан шулар сабабли, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг ҳозирги ўзбек мухолифатини турли коалициялар доирасида бирлаштириш самарасиз эканлиги, ҳаммани бир кучли ташкилотда, бугун шундай кучли ташкилот “Бирлик” Партияси бўлгани учун, мухолифатни “Бирлик” Партиясида бирлаштириш фикри мутлақо тўғри бўлганлигини тан олиш лозим. Бу кунда бошқа йўл йўқ.

Гуржистондаги воқеаларнинг ҳам ўзбеклар учун ибратли жиҳатлари кўп. Биринчидан, Россия ҳозирги қудратидан қутуриб, эски мустамлакаларини янгидан назорат остига олмоқчи эканлиги очиқчқа кўринди. Гуржистон ва Украина каби Ўзбекистоннинг ҳам Россияга қарши турадиган кучи йўқ. Демак, Ғарб билан бирга бўлиш керак. “Бирлик” Партиясининг Ўзбекистонни тезлик билан Ғарбга интеграция қилишгина мамлакатимизда демократиянинг ривожланишини тезлаштиради, деган фикри мутлақо тўғри эканлигини ҳозир кўпчилик тушуниб бормоқда. Айни замонда, Ғарб билан бирга бўлиш, келажакда НАТОга кириш, Ўзбекистоннинг мустақиллигини ҳам кафолатлайди, русларнинг босимига жавоб бериш имконлари яратади.

Сўнги даврда ҳукумат ва унинг раҳбари президент Ислом Карим “Бирлик”нинг ғояларидан тўғри хулоса чиқариб, Ғарбга очиқча яқинлик кўрсатмаса ҳам, Россия ва Ғарб ўртасида мувозанатли сиёсат олиб боришга ҳаракатлар қилгандек бўлди. Лекин, у табиатан Москванинг, будан ҳам тўғрироғи, Лубянканинг одами бўлгани сабабли, ўша ердан кўрсатилган йўллардан кетишни давом эттирмоқда. У ҳозир Россия олдида яна бир марта тиз чўкиб, унинг Гуржистонга нисбатан агрессиясини оқламоқда. Шу кунларда Ислом Карим ўзбек халқининг бойлиги бўлмиш табиий газни русларга дунё бозиридан тахминан икки баробар кам нархда сотиш бўйича Путин билан шартнома имзолади. Бу миллатга хоинликдир.

Ўзбекистон яна эски аҳволга тушмоқда. Унинг мустақиллиги яна қоғозга айланмоқда. Мамлакат бойликлари яна русларнинг қўлига берилмоқда.

Буларнинг сабабчиси бўлмиш мавжуд режимга қарши самарали курашиш учун мухолифат жиддий кучга эга бўлиши, яъни бирлашиши керак. Такрорлашдан фойда бор – бирлашиш, аниқроғи, “Бирлик”да бирлашиш керак.

16:00 - МакКейн республикачиларнинг президентликка номзоди бўлди

Демократ Партиядан кейин Республикачилар Партияси ҳам АҚШ президентлигига ўз номзодини белгилаб олди. Кеча бу партиянинг қурултойида Жон МакКейн президентликка номзод қилиб кўрсатилди. У бугун расмиятчилик учун бу таклифни қабул қилишини эълон қилиши керак.

Маълумки, МакКейн йил бошидан ёзгача ўтказилган праймеризларда ғолиб чиққан ва у охирги ойларда республикачиларнинг феълан номзоди сифатида фаолият олиб бораётган эди. МакКейин вице-президентликка номзод қилиб, ҳозир Аляска штатига губернаторлик қилаётган Сара Пейлин хонимни танлаганига ҳам бир ҳафтача бўлган.

Демак, ноябрь ойида бўладиган сайловларида демкратларнинг жуфти Обама ва Брайн билан республикачиларнинг жуфти МакКейн ва Пейлин Оқ Ўйни эгаллаш учун курашишади. АҚШда кўпинча сайловларда мустақил номзод ҳам иштирок этиб келган. Лекин ҳозирча биронта одам бу сайловларда президентликка мусттақил номзод бўлишга ҳаракат қилишини эълон қилган эмас

Турли сўровномаларнинг натижаларига кўра, ҳали ҳам Барак Обама учун тахминан 49-50 фоиз, МакКейн учун тахминан 45-46 фоиз сайловчи овоз беришга тайёр.