03 September 2008
03:00 -
17:00 - “Озодлик”даги МХХчилар собиқ МХХчидан қаҳрамон ясашмоқда. Нимага?
17:00 - “Озодлик”даги МХХчилар собиқ МХХчидан қаҳрамон ясашмоқда. Нимага?

“Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг расмий сайтида сўнгги икки кунда Ўзбекистон МХХсининг собиқ ходими деб айтилаётган Икром Ëқубов исмли зобит ҳақида “Собиқ жосус юзидаги пардасини очди” ва “Собиқ жосусга ишонса бўлади…ми” номли мақолалар чиқди. Улар шу ном остида эфирга чиқарилган эшиттиришларнинг қоғозга туширилган матни бўлса керак.

Дарҳол саволлар туғилади: Бу қанчалик жиддий мавзу? Икром Ëқубовга ишониш мумкинми?

Бу саволларга жавоб беришдан олдин бир нарсага эътибор бериш керак. Номи тилга олинган иккала мақоланинг муаллифи, демак, ўша эшиттиришларнини олиб борган радио ходими - эфирда Абдулла Искандар лақаби билан чиқадиган хоразмлик Шуҳрат Бобожоновдир. Айнан шу одамни “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат МХХ назорати остида радионинг йўналишини белгиловчи одамлардан бири деб айтиб келаётганини ҳамма билади.

“Бирлик” лидерининг иддаолари асоссиз эмас. Охирги йилларда “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ўзбек мухолифатини йиғи-сиғи, дод-вой қилишдан бошқа нарсани билмайдиган одамлар тўдаси қилиб кўрсатиш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистонда амалда фаолият олиб бораётган “Бирлик” Партияси ва унинг лидеринининг исмини бу радиода ҳар замонда тишни тишга қўйиб мажбуран тилга олишади.

“Бирлик” 2001-05 йиллари қаҳрамонларча иш қилиб, ўзини тиклади, расман рўйхатдан ўтиш учун қонуний йўллар билан ҳукуматга қарши курашди. 2004 йилдаги парламант, 2007 йилдаги президент сайловларида иштирок этиш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Демократия нималигини тушунган одам айнан “Бирлик” мавжуд режим билан демократия кураши олиб бораётганини жуда яхши тушунади. Аммо, “Озодлик”нинг ўзбек хизмати МХХнинг топшириғи билан “Бирлик”нинг бу фаолиятини ўзбек халқидан бекитишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Ҳозир ҳам шундай. “Бирлик” қайтадан тикланар экан, “Озодлик”нинг ўзбек хизмати яна мум тишлаган. Айни замонда, мухолифат лидерининг “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати ходимларига қўйган айбномалари ҳаммага маълум бўлмоқда. Радионинг обрўси бир тийин бўлиб бўлганлигини гапириш жуда мантиқли. Чунки, бу радионинг ўзбек жамияти ва узбек мухолифатига қандайдир таъсири бўлса эди, Ўзбекистонда мухолифатнинг лидери “Эрк” партияси бўларди. Амалда эса, бу партия йўқ бўлиб бўлган, МХХ ва унинг “Озолдик” радиосидаги гумашталари инкор қилишга интилаётган “Бирлик” Партияси ҳамма кучларни бирлаштирувчи ягона мухолифат ташкилотига айланмоқда.

МХХда ахборот хавфсизлиги бўйича ишларнинг куратори бўлганини айтаётган Икром Ëқубовнинг бу гаплардан хабари йўқми? Йўқ бўлса, у ҳеч қандай эътиборга лойиқ одам эмас. Агар, у хабардор бўлса, ўзининг биринчи очиқламаларини МХХ назорати остида ишлашда айбланаётгани маълум бўлган “Озодлик” радиосида эмас, мухолифатнинг тан олинган ахборот воситаларида, унинг сайтларида қилган бўларди.

Ҳеч шубҳа йўқки, агар Икром Ëқубов ростдан ҳам МХХда ишлаган бўлса, унинг ҳозир “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати эшиттиришларида чиқиши МХХнинг махсус операциясидир.

МХХнинг мақсадларидан бир нечтасини тилга олиш мумкин.

- Бир вақтлар Каримовнинг (МХХнинг десак ҳам бўлаверади) топшириғи билан ўзбек мухолифатини парчалаб мамлакатимизда диктатура ўрнатилишида режимга ёрдамчилик қилган, Маҳмуд Худайбердиевнинг Андижон воқеаларида иштирок этганини ҳеч қандай исботсиз даъво қилишгача борган ва шулар туфайли сиёсий мурдага айланиб бўлган 53-54 лақабли Салой Мадаминовнинг Маҳмуд Худойбердиев масаласида ҳақ бўлганлигини кўрсатишга интилиш. Айни замонда, тожик махсус хизматларига ёрдам бериш.

- Тоҳир Йўлдошни обрўсизлантириш.

- Тошпўлат Йўлдошев ва Галима Бухорбоева каби кимсалар иштирокида “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг обрўсини тиклашга ҳаракат қилиш.

Хуллас, бир нарсани ҳозироқ айтиш мумкин. “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати янги бир “операция” уюштирмоқда. Эфирга узатилган эшиттиришлар биринчи қадам холос. “Операция”нинг қолган қисмини яқин келажак кўрсатади. Яқинда бу ишга МХХнинг ББСдаги паҳлавони қўшилади. Ҳеч шубҳа йўқки, асосий зарба мухолифатга қаратилади.