Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партиясининг (ЖХП) раиси Кемал Қиличдорўғли кеча журналистлар билан учрашар экан, Бош вазир Ражаб Эрдўғоннинг ўғли Билол Эрдўғон бошқарадиган “Туркия Ёшлик ва Таълимга Хизмат Вақфи - порахўрликнинг марказидир”, деди.
Туркия матбуотининг ёзишича, бу Вақфга университетларнинг ётоқхоналарини қуриш бўйича аукционлар ўтказиш ҳуқуқи берилган бўлиб, аслида, ҳамма нарса пора билан ҳал қилинар экан.
Тахмин қилиш керакки, ЖХП лидерининг қўлида бу вақфнинг порахўрчилик ўчоғи эканлигини исботловчи муҳим далиллар бор. Шу сабабли, у очиқча Эрдўғонга ташланмоқда. Кемал Қиличдорўғли бундан ташқари ҳам Бош вазир Эрдўғон ҳамда унинг Адолат ва Тикланиш Партияси адресига жуда қаттиқ гаплар гапирди.
Эрдўғон бу зарбалардан соғ чиқиши қийинга ўхшамоқда. Унинг ҳукумати коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботиб кетгани ҳақидаги гаплар, уч вазир ўғлининг уйидан миллионлаб доллар ва евро топилгани ҳукумат тарафдорларини ҳам ўйлантириб қўймоқда. 30 мартда бўладиган маҳаллий сайловларгача ҳукумат ўзини қуруқ сўз билан эмас, аниқ фактлар билан оқлай олмаса, сайловларда катта талофатга учраши муқаррар.