24 January 2014
16:05 - Украинада ўзгариш йўқ: ҳукумат-мухолифат музокаралари натижасиз

Ўзгариш йўқ деганда, Украина собитқадамлик билан портлаш нуқтасига кетаётганини назарда тутмоқдамиз Аслида, жузий янгиликлар жуда кўп. Масалан, кеча намойишчилар тарафидан бюосиб олинган Черкеск вилоят ҳокимлигининг биноси бугун милиция тарафидан қурбонсиз озод қилинди. Аммо, Киевда намойишчилар Агросаноат вазирлигининг биносини босиб олдилар, Черновци вилояти ҳокимлигини эса, шу дақиқаларда штурм қилмоқдалар (расмда). Волин вилоятининг ҳокими воқеаларнинг давомини кутиб ўтирмасдан истеъфога кетди.

Бугун кечаси Президент Виктор Янукович мухолифат лидерлари, яъни Юлия Тимошенконинг блоки “Батькивщина”, “Свобода” Бирлашмаси ва “Удар” Партиясининг парламентдаги фракция раҳбарлари Арсений Яценюк, Олег Тягнибок ва Виталий Кличко билан кўришди. Ўзи ва ҳукуматни истаъфога кетиш талабини рад этди. Агар намойишчилар агрессивликдан воз кечсалар, қўлга олинган намойишчиларни қўйиб юборишга, 16 январда Олий Рада тарафидан қабул қилинган репрессив қонунларни юмшатишга ваъда берди.

Евромайдондаги митингчилар эса, ҳокимият билан мулоқатдан ҳам воз кечиб, ҳокимиятни ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам қўлга олиш қарорини тасдиқладилар.

Кеча АҚШ вице-президенти Байден Украина Президенти билан телефонда гаплашди, у ҳам, Германия ва Франция лидерлари ҳам, тарафларни тинч йўл билан умумий қарорга келишга чақирмоқдалар, лекин уларнинг ўзи намойишчилар тарафида эканликлари очиқча кўриниб турибди.

Воқеаларнинг давомини кузатишдан бошқа йўл йўқ.