2014 йилнинг 14 январь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг Товоқсой посёлкасидаги 64/-3-сонли муассасасида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси Ҳасан Чориев озодликка чиқарилди.
Тошкент вилояти махсус прокуратурасига кўра, Ҳасан Чориев Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан қабул қилинган Амнистия тўғрисидаги қарори 1-қисми “в”-бандига мувофиқ жазониннг қолган қисмини ўташдан озод қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг 2013 йил 25 августдаги ҳукми билан 5,2 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ҳасан Чориев Қаршида фуқаро Матлуба Абдураҳмоновага нисбатан жинсий зўровонликда айбланган. Дастлабки тергов ва суд жараёнларида айбига иқрорлик билдирган ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли, “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев отасининг ўз ҳаракатлари қурбони бўлганини иддао қилган.
Айни иддаоларини исботлаш мақсадида у ўзини Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий мухолифи ўлароқ кўрсатишга, Ўзбекистон ҳукумати унга нисбатан репрессив усуллар билан курашаётганини айтиб келган. Ҳолбуки, “Бирдамлик” лидери АҚШдан сиёсий бошпана олганига қарамай 2009 йилда Ўзбекистонга бемаолол келиб кетган, ҳатто ҳукумат унинг мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетгани фактига ҳам кўз юмган.
Баҳодир Чориев 73 яшар отасининг қамалишини ўзига хос қора пиар қилиш мақсадида www.birdamlik.info нашри орқали “Эзгулик” ва унинг етакчи фаолларини бадном қилишга уринди. Ва, бундай хатти-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ҳасан Чориевнинг озод қилинишини олқишлаб, Ўзбекистон ҳукуматини қамоқларда қолаётган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакилларини ҳам озод қилишга чақиради.