13 January 2014
08:44 - Бутун умр ярим яланғоч юрган машҳур турк хонандаси Булент Эрсой ҳижобга ўралди

Бутун умр саҳналарга ярим яланғоч шаклда чиқиб келган Туркиянинг машҳур 62 ёшли хонандаси Булент Эрсой иккижинслиларга тоқатли бўлиш тарафдори ҳам эди. Аммо, у кеча Туркия телеканалларидан бирида ўзи олиб борадиган Bülent Ersoy Show программасига ҳижоб билан чиққани ва Мавлуд Қандили муносабати билан дуолар ўқигани ҳаммани ҳайратга солди, дейилади Турк матбуотининг хабарларида.

Маълумки, ҳозир ҳокимиятда бўган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси жамоат жойларида ҳижоб билан юришни тақиқловчи қонунларни яқинда бекор қилишга эришди ва биринчи марта баъзи депутатлар Туркия Парламенти - Миллий Мажлисга ҳижоб билан кела бошладилар.

Шу кунларда бир қатор исломчи вазирларнинг ўғиллари коррупция ва порахўрлик билан қўлга тушганларидан кейин, Бош вазир Ражаб Эрдўғон ўз ҳукуматининг таркибини ўзгартирди. Унинг партиясини обрўси кун сайин тушиб бормоқда. Бундай шароитда, Булент Эрсойнинг ҳижобга ўралишини бу партиянинг обрўсини тиклашга ҳаракат деб тушунса ҳам бўлади.