12 January 2014
22:14 - Киевнинг Мустақиллик Майдонида бугун мухолифат навбатдаги Халқ Йиғилишини ўтказди

“Ҳаракат” Агентлигининг фаолияти ярим йилча тўхтатиб қўйилгани сабабли, Украинада портлаш каби бўлаётган катта воқеалар ҳақида ўзбек ўқувчилари тўла маълумотга эга эмаслар. Ваҳоланки, собиқ Совет жумҳуриятларидан бирида бўлаётган бундай воқеаларни ўзбеклар билиши, ундан сабоқ олиши шарт.

Маълумки, Европа Иттифоқи ва НАТО Россиянинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан жанубга қараб кенгайиш борасида изчиллик билан иш олиб бормоқда. Шу йўналишдаги ишлардан бири ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида Брюсселда қилиниши аввалдан режалаштирилган эди. Брюсселда бир қатор давлатлар, хусусан, Украина, Гуржистон, Арманистон ва Озорбайжон ЕИга аъзо бўлиш йўналишида яна бир қадам қилиб, у билан ҳамкорлик қилиш Келишувини парафир қилишлар керак эди. Яъни, гап бу Келишувни имзолаш ҳақида ҳам эмас, уни имзолашга ҳозир бўлганларини эълон қилиб, уни парафир қилишлари ҳақида борарди.

Аммо, Россия бутун кучини ишга солиб, аввал Арманистонни ЕИдан воз кечиб, Россия бошчилигида, Белорусия ва Қозоғистоннинг ҳам иштирокида тузилган Божхона Иттифоқи киришга рози қилди.

Украина Президенти Виктор Янукович Москвага келиб Владимир Путин билан учрашди ва Россиядан олинадиган қарз ҳамда Россиядан сотиб олинадиган табиий газ нархини кескин тушириш эвазига ЕИдан воз кечиш сигналларини берди. Яъни, у очиқча гапирмаса ҳам, ҳозирча ЕИ билан келишувни парафир қилмаслик, Божхона Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гапирабошлади.

Ана шундн кейин, Украина мухолифати Киев марказидаги Мустқиллик Майдонига юз минглаб тарафдорларини тўплаб, Янукович ва унинг ҳукуматини истеъфога чақирди. Ўша кунларда Мустақиллик Майдони Евромайдон номини ҳам олди.

Янукович орқага чекиниб, ЕИга аъзо бўлишдан воз кечмагани, аммо ҳозир бунинг учун етарлича шартлар йўқлигини, охир-оқибат Украина ЕИга киришини гапирди. Лекин, тез кунларда Россия Украинага катта қарз бергани, газ нархини туширгани, ЕИ билан келишувни Гуржистон ва Озорбайжон парафир қилса ҳам Украина қилмагани кўрсатмоқдки, Янукович ва Путин халқнинг ғазабини аста-секин йўқ илиш ниятида иш бошлаб, ҳозирча халққа ёқадиган гаплар гапириш ҳақида келишиб олишган.

Мухолифат буни яхши тушунгани учун Евромайдондаги акцияларини тўхтовсиз давом эттирмоқда. Майдонда кечалари бир неча юз киши қолса ҳам, кундузи уларнинг сони бир неча мингга, якшанба кунлари эса, ўн минларга, ҳатто юз мингларга чиқмоқда. Бундай катта митинглар Халқ Йиғилиши номини олди.

Ўтган ҳафта Украина Ички Ишлар вазирлигининг “Беркут” исмли тезкор ва ҳужумкор отрядлари яна бир марта Евромайдонда йиғилганларни тарқатиб юборишга ҳаракат қилдилар. Майдончилар ҳам бўш келмадилар. “Беркут” чекинишга мажбур бўлди. Аммо, беркутчилар ўзларининг аввалги раҳбарлари, Юлия Тимошенко Бош вазирлги пайтида Ички ишлар вазири бўлган Юрий Луценкони бошини ёриб, юзини қонга бўядилар. У ҳозир касалхонада. Шундан бери ҳозирги Ички ишлар вазири Захарченкони истеъфога чқириш, унинг ходимларни жазолаш талаблари яна ҳам кучлироқ янграмоқда.

Бугун ҳам Евромайдонда навбатдаги Халқ Йиғилиши ўтказилди. Бу ерда АҚШ ва Европа давлатларига мурожат қилиб, Захарченко ва яна бир қатор ҳукумат расмийларига нисбатан санкциялар қабул қилиш талаби ҳам бўлган байнот қабул қилинди.

Украина ахборот воситаларининг билдиришича, 15 январь куни АҚШ Сенатининг Халқаро ишлар комитети мажлис ўтказади, унда фақат Украина билан боғлиқ масалалар тилга олинади.

Бу воқеалар қандай битишини тахмин қилиш қийин. Аввалги йиллари, “Ҳаракат” Агентлиги Украинадаги воқеаларни яқиндан кузатиб борар экан, мухолифат ичида бирлик йўқлиги энг катта камчилик эканлигини урғулаганди. Ҳозир мухолифат бирлашгандек кўринади. Аммо, бошқача сигналлар ҳам бор. Агар Янукович истеъфога кетиб, вақтли президент сайловлари бўлса ёки навбатдаги президент сайловларига етиб борилса, сайловларнинг биринчи турида мухолифатнинг 3 та асосий гуруҳи ўз номзоди билан иштирок этишини ҳозирданоқ эълон қилди.