08 January 2014
19:16 - Прокуратура ходимлари уммондан “чавақ” тутди
Кеча “Ҳуқуқ” газетасида чоп қилинган совет замони руҳидаги фелетъонда айтилишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) шифокорларидан бири 500 АҚШ доллари миқдоридаги махсус кукун билан ишлоқ берилган пулни олаётганида қўлга тушибди. Марказнинг токсикология бўлимида ишловчи, исми-шарифи келтирилмаган шифокор касаллардан пул таъма қилиб келган. Бундан ташқари унинг автомобилидан беморлар учун мўлжалланган дори-дармон воситалари топилибди. Шифокор дориларни сотишни мақсад қилган экан.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди шифокорни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилибди. Ҳатто фелетъонда ҳукм муддати ҳам айтилмайди.

Президентнинг қизлари бир неча миллионлаб долларларга хориждан кошоналар сотиб олаётган, амалдор-у коррупционерлар унча-мунча пулнинг бетига қарамаётган бир замонда оддий шифокорнинг “Ҳуқуқ” фелетъони қаҳрамонига айланиши ўзбек матбуотининг аҳволини кўрсатибгина қолмай ҳаётимиздаги ижтиомий адолатнинг мезонларини ҳам ифода этади. Ахир, Қозоғистон ёки Россияда дворник қилаётгпн ўзбеклар ҳам шўринг қурғур шифокордан кўпроқ маош олишади.