Ўзбекистондаги расмий хабар воситаларининг Интернет сайтлари ҳали ҳам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг янги йил табригини ўз саҳифаларининг бошида ушлаб туришибди.
Балки, ростдан ҳам, Ислом Карим ҳамма ўзбекистонликларни ўз табрикномасида айтилганидек “азиз ватандошларим, қадрдонларим” деб ҳисоблар ва “мўътабар отахон ва онахонларни, мунис опа-сингилларимизни, навқирон ўғил-қизларимиз, жажжи болаларимизни” янги йил билан чин қалбидан табриклаб, “самимий тилакларини изҳор этишни ўзи учун катта бахт деб ҳисоблар”. Бўлиши мумкин.
Аммо, азиз ватандошлар ва қадрдонларга ёлғон гапиришнинг, тўғридан-тўғри масхарабозлик қилишнинг нима кераги бор?
Қаранг, Ислом Карим ўз табригида нима дейди: “Бугунги кунда олдимизда турган буюк мақсадларимизга эришиш, тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, ҳаётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мамлакатимиз қўяётган амалий қадамлар, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори юксалиб бораётгани барчамизга яхши маълум.”
Ана холос. Дунё тарафидан тан олинган халқаро ҳимоячиси ташкилотлар, хусусан, “Фридом Хаус” Ўзбекистонни дунёнинг энг ёмон 10 та диктаторликлари рўйхатига киритган, демак, Ислом Каримнинг ўзи 10 та энг ёмон диктаторлардан бири. Шундай одам “тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш” ҳақида гапирса, куласизми, йиғлайсизми?
Ҳа, алдагани ўзбек яхши. Тўғри, тожик аслли Ислом Карим ўз табригида бирон марта “ўзбек” сўзини тилга олмайди, аммо алдашнинг нишони қилиб ўзбеклар олингани шубҳасиздир.
Мана у зотнинг табриқ нутқида бошқа бир иқтибос: “жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамасдан, кейинги йилларда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан зиёдни ташкил этгани ва бундай кўрсаткич дунёда камдан-кам давлатларда кузатилаётгани барчамизга чуқур мамнуният етказади.”
Ҳақиқат эса қуйидагича. Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қувватининг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича Ўзбекистон АҚШ каби давлатлардан 30-40 баравар орқада. Уларни қўйиб туринг, Қозоғистондан 8 баравар орқадамиз.
Жаҳон Банкининг маълумотларига кўра, 2005 йилда киши бошига ЯИМ Қозоғистонда 2930 доллар, бизда 520 доллар эди. Яъни, иқтисоднинг киши бошига қуввати бўйича, қозоқлардан 5,6 марта орқада эдик. 2011 йилда бу рақамлар қозоқларда 10919 долларга, бизда эса 1400 долларга юксалди. Яъни, қозоқлардан орқада қолишимиз 7,9 бараварга чиқди. Бу танденция давом этмоқда.
Бизда Давлат Бюджетининг даромад қисми 11 миллиард доллар атрофида, қозоқларда 36 миллиард доллар. Бюджетларимизнинг ҳаражат қисмларида ҳам тахминан шунча фарқ бор. Бизда аҳолининг сони Қозоғистондан икки баравар кўп эканлигини ҳисобга олсак, қозоқларнинг бюджети биздан 7 баравар кучли эканлигини кўрамиз.
Ислом Карим эса, бизда “дунёда камдан-кам давлатларда кузатилаётган” ўсиш борлиги ҳақида масхарабозлик қилади.
Яхши ҳамки, чет элларда миллионлаб ўзбеклар мардикорчилик қилиб Ўзбекистондаги оилаларини боқмоқдалар. Улар бўлмаса эди, Ўзбекистон аҳолиси ўта қашшоқлик даражасига тушиб бўлган бўларди. Аммо, Ислом Карим ўз табрикида ўша миллионлаб мардикор-ватандошларимизга раҳмат айтишни ҳаёлига ҳам келтирмайди.
Бош масхарабоздан бошқа нима ҳам кутиш мумкин?