18 August 2008
03:00 -
23:00 - Гуржистон-Россия урушини ким ютди? Шеварнадзе қаерда? 8:00 - Абдураҳим Пўлат: Холдор Вулқоннинг “муросаси” ҳам мен айтаётган “масъулият”нинг натижаси бўлсин (Ўзбек демократларига чақириқ)
23:00 - Гуржистон-Россия урушини ким ютди? Шеварнадзе қаерда?

Агар биринчи саволга фақат ҳарбий томонидан қарасак, табиий, урушни Россия ютди. Россия шундай кучга эгаки, истаса Тбилисини ҳам бир неча соатда кўлга киритади.

Аммо, ташқарида 21 аср. Бугун урушларнинг ҳарбий тарафи эмас, сиёсий тарафи муҳимроқ. Биз ҳам масалага шу тарафдан қарайлик.

Супер кучга эга бўлган Россия Ғарбнинг талаби билан алам ичида Гуржистондан аскарларини олиб чиқишга мажбур бўлмоқда. Алам шунчалик кучлики, руслар бу ишни қўлларидан келганча чўзадилар. Бу ҳам майли, у бечоралар аламларини Саакашвили ва Гуржистоннинг бошқа раҳбарларидан олишларини кўриб қандай кулишни ҳам билмайсан киши. Бугун Россия президенти Дмитрий Медведев Гуржистон раҳбарларини “сиёсий бадабашаралар” дебди. Мана, супер мамлакат парезидентининг аҳволи. Алам ичида сиёсий одобни ҳам унитибди, бадбашара унинг ўзи бўлиб қолганини ҳам сезмайди.

Саакашвили Шеварнадзени қочириб, Гуржистон президентлигига сайланганда, ярим мустақил бўлиб олган олган Аджарияни бир кечада Гуржистонга қайтариб олганда, унинг политтехнологиялар устаси эканлигини кўпчилик тан олган эди. Ҳозир яна шундай бўлмоқда. Ҳатто, баъзи америкалик сиёсатшунослар Саакашвили Ғарб дунёси, хусусан АҚШни Россия-Гуржистон муаммоси гирдобига тортиб олганидан ғазабланмоқдалар. Русларнинг қанчалик ғазабда эканлигини фараз қилиш қийин эмас.

Дарвоқе, Гуржистоннинг собиқ раҳбари, тўғрироғи икки марта, Совет замонида ва мустақиллик замонида раҳбари бўлган, қайта қуриш сиёсатининг архитекторларидан бири ҳисобланадиган Эдуард Шеварнадзе қаерда? У бўлаётган воқеаларга қандай муносабатда?

Кўринишидан, у ўзини йиқитган Саакашвилининг мардлигини олқишлаш, ўз халқини оғир кунларда қўллаб-қувватлашга куч тополмапти. АҚШнинг Вашингтон Пост газетаси бугун ёзишича, Шеварнадзе бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришдан қочиб, ўзи китоб ёзиш билан банд эканлигини айтибди. Шармандалик!

Гуржистондаги Саакашвилининг мухолифлари ҳам чиройли иш қилмаяптилар. Мамлакат уруш ичида экан, улар 2-3 ойдан кейин янги сайловлар ўтказиш лозимлигини гапиришга бошламоқдалар.

Саакашвилининг хатолари бордир, аммо у ҳам ўз ҳудудларининг 20 фоиздан кўпроғини арманилар босиб олганини эсдан чиқариб юборган Озорбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг отаси Ҳайдар Алиев каби президентликнинг гаштини суриб юравериши керакмиди?

Офарин, Саакашвили, дейишимиз керак аслида. У бутун дунёни бунга жалб қилиб бўлса ҳам, ўз мамлакатининг бутунлигини тикламоқчи. Ундан фақат ўрганиш керак.

8:00 - Абдураҳим Пўлат: Холдор Вулқоннинг “муросаси” ҳам мен айтаётган “масъулият”нинг натижаси бўлсин (Ўзбек демократларига чақириқ)

“Бирлик” фаоли, ёзувчи Холдор Вулқон сайтимизда 13 август куни эълон қилинган “Ягона тўғри йўл – Муроса” номли мақоласида ҳаммани Муросаи мадорага чақиради. “Халқимиз озодлиги йўлида ўртадаги гина-кудуратларни унитиб, бир-биримизни кечирайлик!” дея хитоб қилади.

Мен ўша чақириққа ёзган қисқа изоҳимда бундай чақириқ ва хитоблар амлада ишламаётгани, уларни ишлатиш учун ҳам инсонларда “маъсулият” туйғуси бўлиши кераклигини, масъулиятга фақатгина аҳлоқий-маънавий эмас, жамият олдидаги мажбурият категорияси сифатида қараш лозимлигини урғуладим.

Хуллас, Холдор бир нарсалар ёзди, мен бир нарсаларни урғуладим, шу билан иш битдими? Амалда бирон нарса озгина бўлса ҳам ўзгарадими? Ўйлайманки, яқин орада ҳеч нарса ўзгармайди, ҳамма нарса аввалгилари каби қоғозда қолиб кетааверади. Чунки, қайта-қайта ёзаётганимдек, жамиятимиз, хусусан, ўзбек демократлари, ўзгаришлар қиладиган кучга эга эмас.

Келинг, шуни ҳисобга олиб туриб, яъни кучимас етишмаслигини ҳисобга олиб, кучимизга лойиқ ўзгаришлар қилишга йўллар излайлик. Буни қилолсакгина, ўзбек мухолифати жамиятдан кўра прогрессивроқ, демак, жамиятга лидерлик қилишни даъво этишга ҳаққи борлигини кўрсатган бўлади.

Аввал, менинг бундай ташаббус билан чиқишимга яна бир туртки бўлган АҚШдаги сиёсий бир воқеани айтиб бермоқчиман.

Маълум бўлишича, АҚШда давом этаётган сайловолди кампанияси доирасида, демократларнинг президентликка номзоди Барак Обама ва аввалги номзод Хиллари Клинтоннинг командалари бир масалада муросага келишибди. Масала қуйидагича.

Праймеризларда Барак Обама Хиллари Клинтон устидан ғалаба қозонди. Аммо, унинг ғалабаси мутлоқ эмасди. Яқинда бўладиган Демократик Партиянинг қурултойи/конгрессига праймеризда сайланган делегатларнинг 2144 нафари Барака Обама тарафдори, 1924 нафари эса Хиллари Клинтон тарафдори. Шундан келиб чиқиб, Хиллари Клинтон номзодлик учун курашини тўхтатганини эълон қилган ва ўз тарафдорларини Барака Обама учун овоз беришга чақирганди. Демак, демократларнинг конгрессида номзодликка номзод қилиб фақат Обама кўрсатилишига келишилганди.

Аммо, инсон барибир инсонда, Хиллари Клинтон ҳам. У тўғридан тўғри ўзи эмас, ўз командаси одамлари номидан қуйидаги мазмунда талаб қўйибди: “Шунча оавозга эга бўлган Хиллари Клинтоннинг номи партия конгрессида номзодликка номзод сифатида ҳам тилга олинмаслиги адолатсизлик бўлади. Унинг тарафдорларини катта қисми Барак Обамага сўзсиз овоз беришга тайёр. Аммо, тарафдорларнинг кичик бир қисми, яъни, ўлсак ҳам (АҚШ матбуотида айнан шундай ибора ишлатилган) Клинтонга овоз бермиз деган қисми конгрессда муаммолар, тўғрироғи, жанжаллар чиқариши мумкин. Бу эса, ноябрь ойида бўладиган умумий сайловлдарда ҳам Обамага қарши роль ўйнайди. Бунинг олдини олиш учун, партия конгрессида номзодликка номзод сифатида Хиллари Клинтон ҳам қатнашсин.”

Кўриниб турибдики, бу қадамлар Хиллари Клинтоннинг шахсий амбицияларини қисман бўлса ҳам қондириш учун қилинмоқда.

Хуллас, ҳозир маълум бўлишича, Клинтон ва Обаманинг командалари бу масалада комромиссга, муросага келишибди. Партия конгрессида Хиллари Клинтон ҳам номзодликка номзод қилиб кўрсатилади, унинг номи ҳам овозга қўйилади, аммо, унинг ўзи ҳамма тарафдорларини Обамага овоз беришга чақиради.

Ўлсак ҳам Клинтонга овоз берамиз деган делагатлар эса, ўз амбицияларини қондириб, Клинтонга овоз берадилар, лекин Обама партиянинг расмий номзоди қилиб кўрсатилиши ҳозирданоқ маълум.

Бу кичкина мисолдан ҳам кўриниб турибдики, АҚШдек давлатда ҳам Хиллари Клинтондек сиёсий лидарларнинг энг камида амбиция шаклидаги ўз манфаатлари бор. Улар ўз манфаатларини қондириш учун ўз партиялари, қолаверса жамият ва мамлакт учун муаммолар чиқаришдан ҳам ўзларини тўла тия олмайдилар. Аммо, миллатдан тепки олиш қўрқуви остида, бошқа тараф билан муросага боришга, умумий мақсадга йўналтириган қадамлар қилишга мажбурлар. Мана шу – мен келтирган мисолдан чиқарилиши керак бўлган АСОСИЙ хулосадир.

Мен ҳозир ўзбек демократларига мурожаат қилмоқчиман.

Азиз, дўстлар! Ўз-ўзимизни алдаш билан шуғулланмайлик. Андижон воқеаларидан кейин “Бирлик” Партияси оёққа туришга бошлади. Бошқа мухолиф гуруҳлар ҳозирча бундай қилишга қодир эмаслар. Шундай экан, миллат ва мамлакат манфаатлдарини ҳамма нарсадан юксак қўйган ҳар бир демократ бизни қўллаб-қувватлаши, менга қолса, бизнинг сафга қўшилиши керак.

“Бирлик” Партияси ва шахсан менинг ўзим ҳамма билан муроса излаб, принципиал масалаларда умумий нуқтага келишга тайёрман, аммо, муросага келиш гина-кудуратларни унутишгина эмас, хатолардан тўғри хулосалар чиқариш, масъулиятни унутмаслик асосида бўлиш кераклигига ишонаман.

Келинг, мухолифтни бирлаштирш масласини шу шу таклифим нуқтаи назаридан муҳокама қилишни бошлайлик, бунинг натижаси демократик мухолифатнинг бирлашиши бўлсин.