14 июнь оқшомида Ўзбекистон телеканали Қозоғистгон Президенти Нурсултон Назарбойнинг ташрифига доир тафсилотларни, хусусан, Қозоғистон раҳбарининг ҳар бир учрашуви акс этган лавҳаларни намойиш этди. Президент Ислом Карим билан яккама-яка учрашув, ҳукумат вакиллари билан суҳбатлар, расмий ҳужжатларни, хусусан, Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномани имзолаш маросимлари, Қозоғистон элчихонасининг янги биноси очилиш маросими шулар жумласидандир.
Нурсултон Назарбойнинг Ўзбекистонга сафари ҳақидаги хабарлар Қозоғистон оммавий ахборот воситалари тарафидан ўз вақтида етказиб бергани ҳолда Ўзбекистон ТВ умумлаштирувчи хулоса ва сиёсий баҳо билан узатган кўрсатув билан чекланди. Табиий, замонавий хабарчилик нуқтаи назаридан Ўзбекистон жуда орқада қолганлиги бу масалада ҳам намойиш қилинди.
Бу программада Президент Ислом Каримнинг Нурсултон Назарбойга қарата айтилган сўзлари ҳам келтирилади: “- Мен ҳар доим сиз билан учрашишдан хурсандман. Бугунги учрашувимизга эса катта эҳтиёж бор, чунки гаплашадиган гапларимиз кўп. Учрашув кун тартибидаги масалалар аввалдан белгилаб олинган. Менимча, Қозоғистон томони ҳам, Ўзбекистон томони ҳам музокараларимиз самарали бўлиши учун яхши ишлади”.
Ўзбекистон ТВ томонидан эфирга узатилган кўрсатувда Нурсултон Назарбойни Тошкент аэропортида кутиб олишдан бошлаб, токи кузатиш маросимгача намойиш этилди. Расмий хабарларда айтилмаса ҳам, Тошкентнинг марказий кўчалари Нурсултон Назарбой ташрифи давомида вақтинчалик ҳаракатдан тўхтатилди.