Истанбулда ҳокимлик тарафидан бузилмоқчи бўлган Сайр боғи ҳимоячиларининг кичкинагина митинги 12 кун ичида Бош вазир Эрдўғоннинг мамлакатни исломлаштириш сиёсита қарши бутун Туркия бўйлаб бўлаётган катта намойишларга айланиб кетди. Туркия матбуоти бугун Эрдўғонга қаршиларнинг Истанбул марказидаги Тақсим майдонида қанча одам борлигини ёзмаяпти. Ким билади, Туркияда шунақа қонун борми. Аммо, Тақсимда бугун тўпланган намойишчиларнинг сони Эрдўғонни яна ҳам қиздириб юборди.
У бир неча кунлик Шимолий Африка сафаридан кейин жума куни Истанбулга келган эди, бугун пойтахт Анқарага келди. Тақсимдаги намойишларга намойишкорона куч кўрсатиш мақсадида Анқара шаҳар ҳокимлиги, Эрдўғон тарафдорларини уни кутиб тадбирига тўплади. Расмда кўриниб тургандек, бу ерда ҳам одам кўп. Аммо, хабарларда тўпланганларнинг тахминий сони ҳам айтилмайди.
Бош вазир ўз тарафдорлари олдидаги нутқида ўзига қарши турганларга нисабатан жуда қаттиқ ифодалар ишлатди. У ўзини халқ тарафидан сайланганини урғулар экан, ўзига қарши чиққанларни халққа қарши чиққанлар, ҳатто бузғунчилар дейишгача борди. У ҳаммани 7 ой кутишга, ундан кейин бўладиган маҳаллий сайловларда куч кўрсатишга чақирди ва ўз партияси қолганларни дабдала қилиши хусусида имо-ишоралар берди.
Эрдўғон ўз нутқида мамлакатдаги қарама-қаршиликни исломчилар ва дунёвичилар деб таърифламаган бўлса ҳам, "аввал ҳижоб таққанлар босим остида эди, улар чидадилар, энди бошқалар ҳам чидашга ўргансин" каби сўзлари билан қарама-қаршиликнинг асосида нима ётганини феълан тан олди.
Аввал хабар берганимиздек, Эрдўғон тарафдорли янаги шанба ва якшанба кунлари Анқара ва Истанбулда турклар "говда кўрсатиш" дейдиган намойишлар ўтказишмоқчи.
Хуллас, Туркияда вазият юмшамаяпти, аксинча, кескинлашмоқда.