02 August 2008
03:00 -
19:00 - Илҳом Алиев президентиликка номзод бўлди, мухолифат партиялари сайловни бойкот қилишмоқчи 17:00 - Озорбойжонда бир партия пикет ўтказса, қолганлари томошабин
19:00 - Илҳом Алиев президентиликка номзод бўлди, мухолифат партиялари сайловни бойкот қилишмоқчи

Бугун ҳокимиятдаги “Янги Озорбойжон Партияси” ўз раиси Илҳоом Алиевни бир овоздан шу йил 15 октябрда бўладиган президент сайловига номзод қилиб кўрсатди. Демократиядан узоқ бўлган бу мамлакатда сайлов қандай ўтиши ҳам маълум, демак, Илҳом Алиев яна президент бўлиб қолади.

Кеча пикет ҳам ўтказолмаган Мусават Партияси (раиси Муса Қамбар) президент сайловида қатнашмасликка қарор қилган. Озорбойжон Халқ Жабҳаси Партияси (раиси Али Каримли) ва унинг иттифоқчилари бўлган икки майда партия сайловда қатнашмаслик қарорини аввал эълон қилишганди.

Эслатиб ўтиш керакки, Мусават Партияси Озорбойжон Халқ Жабҳасидан 1992 йили Элчибей президент, Муса Қамбар эса унинг энг яқин одамларидан бири бўлган пайтда ажралиб чиққан. Ҳозир Мусават ва Озорбойжон Халқ Жабҳаси партиялари бир-бирларига душманликлари билан машҳурлар.

Хуллас, кўриниб турганидек, ажралганни бўри емоқда. Парчаланишдан бошқа нарсага қодир бўлмаган мухолифат партиялари ўлим остонасида ҳам бирлашини истамайдилар, худди Ўзбекистонда каби.

Озорбойжондаги демократ партиялар ўз келажакларини ўйламаяптилар, дейиш ҳам хато бўларди. Улар кимдир келиб демократия ўрнатса, ана ундан кейин ҳокимият учун курашига ўзларини “тайёрламоқдалар”.

Агар “Бирлик” Партияси бўлмаса, Ўзбекистонда ҳам аҳвол аллақачон шундай бўлган бўларди. Яъни, ўнлаб партиячалар қурилган ва улар демократия ўрнатилгандан кейин ҳокимият учун курашишга тиш қайраб ўтиришган бўларди. Фақат “Бирлик” Партияси ҳеч нарсани кутиб ўтиргани йўқ, аксинча, демократияни ривожлантириш учун якка ўзи бўлса ҳам бугун ҳаракат қилмоқда. Бошқалар - томошабин.

17:00 - Озорбойжонда бир партия пикет ўтказса, қолганлари томошабин

Кеча Озорбажондаги энг кучли мухолифат партияларидан “Мусават” Бокунинг марказида пикет ўтказибди. Тўғрироғи, маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ўтказмоқчи бўлибди. Шаҳар ҳокимияти пикетга рухсат бермаган экан, шу сабабли пикет ўтказилиши мўлжалланган жой аввалдан миршаблар билан ўраб олинибди. Шундай бўлса ҳам пикет ўтказишга ҳаракат қилинган, аммо мирашаблар бунга йўл беришмаган, 13 кишини ушлаб миршабхонага олиб кетишган.

Пикетдан мақсад - мамлакатнинг сайловларга оид қонунларини демократлаштириш талабани ўртага қўйиш бўлган.

Бу воқеани чет эллик элчихона ва ташкилотларининг вакиллари кузатишибди.

Хўш, бошқа мухолифат партиялари қаерда эди? Бундай саволнинг туғилиши табиий.Чунки, яқинда Озорбайжонда президент сайлови бўлади. Сайлов қонунларини демократлаштириш ҳамма мухолифат партияларининг қизиқтирадиган масала.

Бу мамлакатда бир биридан фарқини партия лидерлари ҳам тушунтириб беролмайдиган 50 дан ортиқ мухолифат партияси бор. Бу партияларнинг ҳаммаси битта-биттадан ўлимга кетишга ҳам тайёр. Аммо, улар ўлиб қолсалар ҳам бирлашмайдилар, бирга ҳаракат қилмайдилар. Кечаги пикетда ҳам шундай бўлган.

Агар ҳамма партиялар бу каби акцияларни бирга ўтказса эди, тадбир пикетдан митингга айланарди, мавжуд ҳокимият мухолифатнинг талабарига қулоқ солишга мажбур бўларди. Буни ҳамма тушунади, аммо, бирга ҳаракат қилмайди.

Озорбойжондаги бу аҳволнинг сабаби, худди Ўзбекистонда каби, мухолифат партиялари раҳбарларининг амбициялари ва уларга таъсир кўрсатоладиган жамиятнинг ҳали шаклланмагани.

Тўғри, дунёнинг тажрибаси кўрсатаётгандек, жамият ривожланиб боради ва ахир бир кун 1-2 кучли партия оёқда қолади, қолганлари йўқ бўлиб кетади.

Шундай экан, дунёнинг тажрибасидан фойдаланиб, ҳозироқ партияларни бирлаштириш керак эмасми? Дунёнинг тажрибасига кўз юмиш ақлсизлик бўлмайдими?

Шу ва шу каби саволларга жавоб ахтарган “Бирлик” Партияси демократик мухолифатни ўзида бирлаштириш учун ҳаракат қилмоқда. Озорбойжондаги воқеалар ҳам кўрсатмоқдаки, “Бирлик” танлаган йўл энг тўғри йўл. Шундай қилинса, жамиятнинг ривожланиши партияларнинг бирлашишини эмас, партияларнинг бирлашиши жамиятнинг ривожланишини тезлаштирган бўларди. Ўзбеклар ҳам дунёга тажриба бўлоладиган иш қилган бўлардилар.