24 May 2013
16:46 - "Ҳаракат" хатқутисидан: Тузлиғига тупирганлар телеканали
Бугунги кунда инсон ҳаётида телевидение ўзига хос, салмоқли ўрин тутади. Бирон хонадон йўқки, тўрида телевизор турмаган бўлса. Худди оиланинг бир аъзосидай, агар у бўлмаса уйдагиларнинг барчаси ҳаловатини йўқотади. Йиллар давомида биронта китоб ўқимаган ёки қўлига газета ушламаган одам ҳам ҳар куни телевизор кўришни канда қилмайди. Телевидение маънавий озуқа беради, дунёқарашни кенгайтиради. Ҳеч бир оммавий ахборот воситаси (ОАВ) фойдаланишдаги қулайликда, ахборотни етказишдаги тезкорликда, мафкурани тарғиб қилишда телевидениега тенг келолмайди. Бу эса соҳа ходимлари зиммасига улкан маъсулият юклайди.

Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан барча ОАВ қатори нодавлат телеканаллар фаолиятини кенг йўлга қўйиш, шароитини яхшилаш, сон ва сифат даражасини, кўламдорлигини ошириш борасида кўп ишлар қилинди. Кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан илҳомланиб, зиммаларидаги маъсулиятни чуқур ҳис қилиб самарали фаолият юритаётган тармоқ ходимлари тўхтовсиз ижодий ютуқларга эришиб келмоқдалар.

Афсуски, Урганч шаҳридаги “S-IQBOL” фирмасига қарашли “S-IQBOL” телеканали раҳбарияти (собиқ) ҳақида бундай илиқ фикрларни билдириб бўлмайди. 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу телеканал асосан тижорат, кўнгилочар, спорт ва бадиий дастурларни эфирга узатишга мўлжалланган. Бироқ ТВ мутасаддилари кўпроқ даромад топиш учун фақат тижорат дастурларига эътибор қаратишган. Кўнгилочар дастурлардан ҳам биринчи навбатда тижорат мақсадлари кўзланган. Кўрсатувларнинг ижтимоийлиги, сифати ва бадиийлиги уларни қизиқтирмаган. Натижада ТВ дастурлари бир-бирига ўхшаб кетадиган, бир-бирини такрорлайдиган савиясиз клиплару концертлардан, бошловчи билан қўшиқчининг: янги қўшиғингизнинг номи, ким билан ҳамкорлик қиласиз, кейинги режаларингиз каби сийқа савол-жавобдан ташкил топган кўрсатувлардан, ғарб маданиятини тарғиб қилувчи мусиқий соатлардан, санъаткорларнинг янги қўшиқлари ҳақида маълумот берадиган ҳамда уларнинг янги суратларини намойиш қиладиган анонслардан иборат бўлиб қолган.

Шунингдек, фирмага тегишли кабель телевидениеси доимий равишда менталитетимизга ёт бўлган беҳаё фильмларни намойиш қилишни одат қилиб олган. Бундан ташқари, “S-IQBOL” раҳбарлари даромадларини янада орттириш мақсадида ТВ биносини тунги клубга айлантиришган. Кундузи ТВ ходимлари фаолият юритадиган маскан кечқурун тунги клуб вазифасини ўтаган. Бу ерда аксарияти вояга етмаган ёшлар тўпланишиб, ўйин-кулги оқшомдан то тонггача давом этган. Клубга фуқароларга жисмоний тазйиқ ўтказиш, тан жароҳати етказиш каби ишлар билан машғул бўлиб, “Фахриддин разбор” номини олган Ф.Хасанов бошчилик қилган. У клубга келган ўспиринларга спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар тарқатиш ишларига ҳам бош-қош бўлган.

Фирма фаолияти билан боғлиқ қонунга хилоф ишлар рўйхати бу билан тугамайди. ТВ биносидаги яширин цехда ноқонуний равишда дисклардан нусхалар кўпайтирилиб, фирма хўжайини С.Ҳасановга тегишли дўконларга тарқатилган. Ҳайрия концертларидан тушган маблағ ҳам С.Ҳасановнинг чўнтагига тушган. Телеканалнинг ижрочи директори Б.Уллибоев ҳам ноқонуний ишларни амалга ошириш борасида фирма бошлиғидан ортда қолмасликка ҳаракат қилган. У ижодий ходимларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиб, улардан пул талаб қилиб келган. Оқибатда бу тазйиққа чидолмаган кўпгина мухбирлар ва журналистлар ишдан кетишга мажбур бўлишган.

Қонунбузарликни ўзига одат қилиб олган фирма раҳбарияти тунги клуб фаолиятидан ва дўконлардаги савдодан тушадиган маблағлардан даромад солиғи тўлашни хаёлига ҳам келтирмаган. Устига-устак фирманинг коммунал тўловлардан қарздорлиги ҳам ниҳоятда ортиб кетган. Зеро, бундай иқтисодий қонунбузарликлардан етказилган зарар “S-IQBOL”дан ундириб олинади, албатта. Лекин етказилган маънавий зиённи нима билан қоплаш, ҳукуматимиз ишончи суиистеъмол қилинганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳозирда биз ахборотлар кураши даврида яшаяпмиз. Турли мафкуравий марказлар юртдошларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга уриниб ётишибди. Биз уларнинг бузғунчи ғояларига қарши ўзимизнинг миллий ғояларимизни қарама-қарши қўйишимиз керак. Ушбу курашда ҳукуматимиз ОАВга, аввало телевидениега, шу жумладан нодавлат телеканалларга таянади. Шунинг учун давлатимиз уларнинг ривожига катта эътибор қаратиб, юқорида таъкидланганидек, яхши шароит ва имкониятлар яратиб бермоқда.

Афсуски, С.Ҳасанов ва унинг маслакдошлари ана шу имкониятлардан фойдалана туриб, айни шу қулайликларни яратиб берганга, яъни юртимизга зиён келтирадиган ишлар билан машғул бўлганларини қандай тушунса бўлади? Тузини еб, тузлиғига тупириш, деб шуни айтсалар керак.

"Ҳаракат": Ҳеч шубҳасиз, бу хат мавжуд режимнинг одами ёки режимга ёқишни истаган одам тарафидан ёзилган. Унинг Ўзбекистондаги ОАВларига берган баҳосига мутлақо қўшилиб бўлмайди. Аммо, “S-IQBOL” телеканали атрофида шунча шубҳали ва ноқонуний ишлар бўлаётган болса, унинг олдини ҳокомиятнинг тегишли органлари олиши керак.

Бу ерда бир қизиқ савол туғилади: Нега бу хатни бизнинг сайтга юбордилар? “S-IQBOL” телеканали билан унинг рақиблари ўртасидаги жанг майдонига бизни ҳам тортишмоқчими?