Бунинг нимаси сенсация дейсизми? Туркияда 20 йилдан бери курд террористлари билан уруш давом этар экан, Туркиянинг катта шаҳарларида, ҳатто Истанбулнинг метро станцияларида, ахлат қутилари йўқ қилинган эди. Чунки, террористлар бу қутиларга халталарда қўлбола бомбалар ташлаб кетиш усулини ихтиро этишганди. Шу сабабли ахлат қутилари ўрнига патнис ёки баркаш каби нарсалар қўйиш одат тусига кирди. Айниқса, метро станцияларида бу қанчалик кулгили кўринишини тассавур қилиш қийин эмас.
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркияда ҳукуматининг террористбоши деб ҳам айтиладиган ва ҳозир Мармара денгизидаги Имрали оролида умр бўйи қамоқ жазосини ўтаётган Курдистон Ишчи Партиясининг лидери Абдуллоҳ Ожалан билан олиб борган музокаралаи ижобий битгач, курд террористлари қуроли курашни тўхтатиб, Ироққа чиқиб кетмоқдалар. Очиқ айтилмаса ҳам тахмин қилиш мумкинки, курдларга Туркия таркибида секин-аста мухторият тузиш ваъдаси берилган.
Тахминан бир ойчадан бери Туркияда курд террористлари билан уриш бўлаётгани йўқ. Турк ахборот воситаларининг сенсация сифатида берган хабарларига кўра, курдларнинг норасмий пойтахти бўлган Диёрбақир шаҳрининг кўчаларида 20 йилдан бери биринчи марта ахлат қутилари пайдо бўлибди. Бу олқишга сазовор воқеа.
Аммо, курдлар бу ғалаба билан чекланишларига ишониш қийин. Улар бир оз танафусдан кейин тўла мустақиллик учун урушнинг кейинги босқичини бошлашларига шубҳа йўқ. Айнан шу сабабдан улар қуролларини ҳукуматга топширмасдан, қуроллари билан Ироққа ўтиб кетмоқдалар. Вақти келади, яна уруш бошланади, шаҳарларда ахлат қутилари яна йўқ бўлади. Яна сенсацион хабар ёзамиз.