22 May 2013
01:32 - ЎЗИ НИМАЛАР БЎЛЯПТИ: МИЛИЦИЯ ҚУТУРГАН, ПРОКУРАТУРАНИНГ ҚУЛОҒИ КАР, СУДНИНГ ЭСА КЎЗИ КЎР?! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №12, 21.05.2013)

Совет даврида ҳаётий воқеага асосланган латифа бўларди: терговчи хонасида утирган гумондор терговчига қарата: “Ўрток бошлиқ, ахир мени айбим исботланмади, шунинг учун айбдор дейишингиз нотўғри, мен гумондорман”, деса терговчи уни елкасидан тутиб дераза олдига олиб келибдида, қўли билан ниқтаб кўрсатибди: кимни кўряпсан? Одамларни, жавоб берибди гумондор. Э йўк, улар гумондорлар, сен эса менинг олдимда ўтирибсан, демак айбдорсан” деган экан. Афсуски, совет даврида латифа бўлган бу воқеа бугунга келиб, ҳақиқатга айланди. Ишонмасангиз, Ургутда содир бўлган мана бу воқеага қулоқ тутинг.

“Сен хотинингни ўлдиргансан, ҳовли четига кўмгансан, қотилсан!..”

Самарқанд вилояти Ургут тумани прокуратураси томонидан фуқаро Тугал Муродовга нисбатан 2013 йилнинг 20 февралида Ўзбекистон Республикаи ЖКнинг 97-моддаи 1-қисми билан 10-27307-сонли жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши материлларига кўра, фуқаро Тугал Муродов шаърий никоҳда бўлган хотини Гулсанам Турғуновани ўлдирган ва ҳовлининг номаълум жойига кўмиб(!) қўйган. Ургут тумани ИИБ ЖҚБ вакиллари, уларга ёрдамга келган Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари Тугал Муродовни чунонам дўппослашган, айбни бўйнига қўйишга, жасадни топиб беришга мажбур қилишган. Ҳолбуки, бу пайтда жасад Қозоғистонда нимадир қилиб юрган, мазкур мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни тутиб, Ўзбекистонга экстарадация қилмаган эди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “Постда” газетаси орқали қилирув эълон қилинганидан сўнг 2013 йилнинг 2 апрелида ҳали жони чиқмаган жасад Ургутга келди, ўйинлар шундан сўнг бошланди....

Мазкур воқеа 1996 йилги Шаҳрисабз ҳодисаларини ёдга солади. Ўшанда дарёдан топилган мурданинг шахсини аниқлай олмаган миршаблар уни Россияга кетган фуқаро деб тахмин қилиб, қотилликни бошқа бир шахснинг бўйнига қўйган, “ўйин” ошкор бўлгач, миршаблар жавобгарликка тортилган. Мустақлликнинг дастлабки йилларида ўзига хос шов-шув ясаган бу ҳол, афсуски, бугунги кунда жамоатчиликнинг эътиборини ортиқча тортмаяпти. Аксинча, Ургутда жасад “тилга кирмас”, ўзининг зўрланганини айтиб, бир милиция ходимининг тақдирини аянчли ҳолга солиб қўймасди.

Милиция ходими жинсий тажовуз ва гомосексуализмда айбланмоқда

Албатта, бу айблов жуда қалтис, боз устига, менталитети кўникма ҳосил қилмаган биз ўзбеклар учун номус ва ўлим билан баравар гап: Ургут тумани ИИБ нозири Шукурулло Бобомуродовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ва 120-моддаси (Бесоқолбозлик) билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жабрланувчи, биз юқорида номини тилган олган, Қозоғистондан тутиб келтирилган “жасад” (бундай дейишга ҳаққимиз бор, чунки Ургут тумани прокуратураси уни жасад деб атаган — Эзгулик) прокуратурага арз билан мурожаат қилган, шу асосда милиция ходими қамоққа олинган. Ҳозирда МХХ ертўлаларидан бирида, Тошкент ёки Самарқандда сақланмоқда. Жабрланувчининг арзига кўра, 2012 йилнинг 11 июнида милиция ходими Шукурулло Бобомуродов ўзининг хизмат машинасида унинг номусини топтаган...

Бобомуродовнинг адвокати М. Муродовга кўра, бу иш ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тили билан айтганда, “отказ” қилинган . Лекин негадир 2013 йилнинг апрелига келиб, иш қайта қўзғатилди ва милиция ходими қамоққа олинди. Суд милиция ходимини негадир МХХ ертўласида сақлашга санкция берди. Тергов шу қадар сирли бўлиб кетдики, Бобомуродовнинг ўлик-тириклигини, қаердалигини ҳеч ким билмайди. Терговчи “тергов сири” дейди, адвокат на балик на на гўшт, прокурор мурожаатларга жавоб бермайди, миршаббошиларнинг олдига киришнинг имкони йўқ.

Хўрлик ҳис этаётган ота-она, бузилган оила...

Шукурулло Бобомуродовнинг ота-онаси Ургутнинг Бешкапасида яшовчи оддий қишлоқ одамлари. Уларнинг гапига кўра, Андижон вилоятида туғилиб, тақдир изми билан Ургутга келиб қолган Гулсанам Турғунова 14 ёшидаёқ турмуш қурган, шу пайтга қадар етти марта эрга тегиб чиққан аёл. Унинг кимлиги ҳақида собиқ эрлари билан гаплашишнинг ўзи кифоя, лекин ўғли Шукуруллонинг Ургутга машҳур аёлга нима тааллуқлилиги бор, буни ҳеч ким билмайди. Лекин шуниси аниқки, воқеадан сўнг Шукуруллонинг оиласи бузилди, хотини кетиб қолди, уч фарзанд тирик етим бўлди.

Аччиқ хулоса

Афтидан, Ургутдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари нима қилиб бўлса ҳам фуқаро Гулсанам Турғуновани жабрланувчига айлантиришмоқчи. Эътибор беринг, фуқаро Тугал Муродовга нисбатан қотиллик бўйича иш қўзғатилди — жабрлануви Турғунова, лекин иш ўхшамади, жавобгарлик муқаррар. Бобомуродов гомосексуалист, иккинчи уриниш ҳам ўхшамаса ёмон бўлади, нафақат Ургут, балки бутун Самарқанд вилояти ИИБ ва прокуратураси шарманда бўлади...

Бу воқеаларнинг Совет даври қамоқхонасидаги тергов латифасидан нима фарқи бор?! Ўзбекитон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу ҳодисага изоҳ бера олармикан?