22 July 2008
03:00 -
23:00 - Ислом Карим АҚШ элчисини қабул қилди, бу нимага ишора? - Маошлар ошади, аммо бундан одамлар хурсанд эмас 1:30 - Путин ноябрда Ўзбекистонга келиб Ислом Карим билан учрашмоқчи
23:00 - Ислом Карим АҚШ элчисини қабул қилди, бу нимага ишора?

Бугун Оқсаройда АҚШнинг мамлакатимиздаги дипломатик миссияси раҳбари Ричард Норландни қабул қилган Ислом Карим: “Сиз Ўзбекистондаги ҳақиқий вазият ҳақида АҚШга бошқа турли манбалардан етиб борадиган ахборотлардан фарқли бўлган материаллар тўплаш имконига эга бўлдингиз”, деди. Мазкур таъкид АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатларнинг тикланишига ишора эканини ҳис этган элчи ҳам режимбошига ён берди ва Ўзбекистон билан яқиндан танишганини таъкидлади.

Аммо элчи машварат одобига кўра, ўзининг мамлакатимиздаги вазият ҳақидаги салбий фикрларини очиқламади, дейди мухбиримиз. Расмий хабарга кўра, ўзаро муносабатларга оид бир қанча масалалар, хусусан, абадий Афғонистон мавзуида тарафларнинг фикри ўхшаш чиқди. Шунингдек, учрашувда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларига доир вазият борасида ҳамокрлик қилиш сингари масалалар ҳам тилга олинган.

Маошлар ошади, аммо бундан одамлар хурсанд эмас

Бугун матбуотда Президент Ислом Каримнинг ойлик маошлар миқдорини 1,2 бараварга ошириш ҳақидаги Фармони чоп этилди. Унга кўра, шу йилнинг 1 сентябридан эътиборан энг кам маош 25040 сўм қилиб белгиланди. Ёшга доир пенсиялар миқдори 49600 сўмга кўтарилди. Аммо режимбошининг бу Фармони қашшоқликдан қаддини тиклай олмаётган, косасидан олдин сочи оқараётган фуқароларни хурсанд қилмади.

Боз устига, маошларнинг сентябрдан бошлаб оширилиши нархларнинг яна-да ошиб кетишига сабаб бўлади. Маълумотларга кўра, жамоат транспорт нархлари, чакана бозордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари 1 августдан эътиборан кўтарилади. Ҳозирданоқ ваҳимага тушган кишилар куни кеча Ислом Каримнинг Вазирлар Маҳкамаси ярим йиллик мажлисидаги тутуриқсиз нутқи муҳокамасига тушиб кетган.

1:30 - Путин ноябрда Ўзбекистонга келиб Ислом Карим билан учрашмоқчи

Биринчи навбатда ўзбеклар ва руслар учун қизиқарли бўладиган бу хабар қозоқларнинг “Қозоғистон бугун” Агентлиги (www.kz-today.kz ) томонидан тарқатилгани ҳам қизиқ. Унга кўра, Россия Бош Вазири Владимир Путин кеча Россия ҳукумати ҳайъатининг йиғилишида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун Ўзбекистонга боришини эълон қилган. Унинг зиёрати шу йилнинг ноябрь ойигача амалга оширилади, сўнгра Москвада ҳукуматлараро комиссия ўз мажлисини ўтказади.

Бу комиссиянинг Россия томонидан раисдоши, Россия Бош Вазири ўринбосарии Сергей Иванов яқинда Ўзбекистонга бориб келгани ҳақида кечаги йиғилишда Путинга ҳисобот берар экан, "Газпром", "ЛУКОЙЛ" кампаниялари Ўзбекистонда самарали фаолият олиб бораётгани, Тошкентдаги Чкалов номли авиа-ишлабчиқариш бошқармасини аста-секин Россиянинг Бирлашган авиа-қурилиш корпорацияси таркибига киритиш масаласи муҳокама қилинаётганини айтибди.

Бу хабар яна бир марта шуни тасдиқламоқдаки, Россиянинг янги президенти, Кремлнинг расмий хўжайини Дмитирий Медведевда Лубянканинг одами деб ҳисобланадиган Ўзбекистон президенти Ислом Карим билан мулоқотда бўлиш, у билан учрашиш истаги ортиқча йўқ. У ҳамма Марказий Осиё мамлакатларининг президентлари билан шахсий учрашувлар ўтказиб бўлганига қарамасдан, Ислом Карим билан учрашишдан қочмоқда.

Ўзбекистон хўжайини билан учрашиш Лубянкадан чиққан Владимир Путинга топширилгани алоҳида диққатга сазовордир. Икки дўст, икки ҳамкасбнинг учрашуви самаралироқ бўлади, деб ҳисобланса керак.