20 May 2013
07:11 - Таиландда Осиё ва Тинч океани мамлакатларининг 2-чи Сув Форуми бўлмоқда

Бу йилги Форумнинг мавзуси - "Сув ва табиий офатларнинг таҳдидлари билан боғлиқ хавфсизлик масалалари". Хитой ва Таиландга тасмий ташриф билан йўлга чиққан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кеча бу Форумда нутқ сўзлади ва Марказий Осиёда шу мавзу билан боғлиқ 5 та муаммо борлигини гапирди. Булар:

- минтақада сув заҳираларнинг бир хил тақсимланмагани;
- иқлимнинг ўзгариши билан сув заҳираларининг камайиб бориши;
- аҳоли сонининг ортиши ва иқтисоднинг ривожланиши туфайли сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши;
- табиий офатларнинг тез-тез бўлиши ва Оролнинг қуриши давом этаётгани;
- минтақа давлатларининг гидроэнергетик муаммоларни ҳал қилиш учун етарлича ҳамкорлик қилмаётгани.

Шу муаммолар устида тўхтаган Имомали Раҳмон Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув масаласи атрофида бўлаётган жанжалларни тилга олиб-олмагани хабарларда айтилмайди.

Бу Форумда бир қатор давлатларнинг раҳбарлари ва вакиллари қатнашаётгани айтилсада, улар санаб ўтилган эмас. Масалан Грузия-Online агентлиги Президент Михаил Саакашвили ҳам ўша ердалигини айтади. Ўзбекистон вакили бор-йўқлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.