15 May 2013
21:55 - АЛИҚУЛ САРМИСОҚОВ: “ЗОМИН ҲОКИМИ АНДИЖОН ВОҚЕАЛАРИНИНГ ҚАЙТАРИЛИШИНИ ХОҲЛАЯПТИ!” (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №11, 14.05.2013)

Жамиятга тўрт киши ариза билан келди. Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро Алиқул Саримсоқов “Эзгулик” жамиятига мурожаатини сиёсийлаштиришга уринди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Қарши ҳарбий гарнизони билан судлашаётган Дилбар Мирзаалиева Президент Ислом Каримовнинг вақтини ўғирлашдан хижолат тортмоқда. Олотда ўқ-дори сақлаш билан қамоқда ўтириб қайтган Саидқул Файзиев талончилик қурбони бўлди. Мирзачўллик аёл “Эзгулик”дан йўқолган қорамолини топиб беришни сўрамоқда. Воқеаларнинг тафсилотлари қуйидагича.

Зоминда собиқ фермер адолат излаяпти

Жиззах вилояти Зомин тумани Тешиктепа қишлоғида яшовчи фуқаро Алиқул Саримсоқов Президент Ислом Каримовнинг мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ бошлаган ислоҳотларига ишониб, фермер бўлгани, аммо 2009 йилнинг февралига келиб, туман ҳокими Ускан Азимовнинг қаҳрига учраганини ёзади. Фуқаронининг таъкидича, қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаган фермерни 2009 йили ҳоким қаматган, ҳокимнинг ўзи эса ер сотади. Давлат ерларини даромадбоп экинлар учун фуқароларга ижарага беради. Бу ҳақда юқори органларга шикоят қилган фуқароларни, хусусан, Алиқул Саримсоқовни ҳам “халқни давлатга қарши оёқлантиряпти” деган баҳона билан бадном қилишга уринади. Фуқаронинг фикрича, кишилар бундай адолатсизликка узоқ чидай олишмайди.

Қаршида суд қарори билан ёлғиз қария уйидан мажбурий кўчирилди

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди ўзининг 2004 йил августдаги ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Жануби-Ғарбий округи Қарши ҳарбий гарнизони балансидаги уйлардан биридан фуқаро Дилбар Мирзаалимовани мажбурий кўчиришга кўрсатма берган. Суднинг ҳал қилув қарори шу йилнинг 9 февралида ижро қилинди ва ёлғиз аёл кўчада қолди. Аёлнинг келини Ф. Мирзаалимова Ўзбекистон Президентидан тортиб Мудофаа вазиригача, Олий суд раисидан Парламент юқори Палатаси раисисгача шикоят қилган. Кўчада қолган қайнонасини жойлаштириш учун Қарши шаҳар ҳокимлиги бошпана бермаётгани, Қашқадарёда судларнинг адолатсизлиги ҳақида ёзилган аризаларда фуқаро бундай майда масала билан Президент Ислом Каримовнинг вақтини ўғирлаётганидан хижолат тортаётганитилга олинади.

Бухоролик қозилар муттаҳамми?

Бухоро вилояти Олот шаҳри Олот шоҳ кўчаси 44-уйда яшовчи фуқаро Саидқул Файзиев Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилиб, укаси Фурқат Файзиевнинг ўзи уйда бўлмаган (жиноий жазони ўташ даврида) вақтда омонат кассасидаги 177498 сўм маблағини, шунингдек, онаси Г. Галимхонова томонидан васият асосида қолдирилган уй-жойни ўз номларига сохта ҳужжатлар асосида расмийлаштириб олганини баён қилган. Судлар қалбаки ҳужжатларни бекор қилгани ҳолда адолатни тикламаётгани, айбдорларнинг жазога тортилмаётганини таъкидлаган. Муқаддам юқори лавозимларда хизмат қилган  Саидқул Файзиев ўз ҳуқуқини талаб қилгани боис укаси ва унинг болалари, яқинлари  томонидан калтакланаётган экан.

Мирзачўлда фуқаронинг қорамоли йўқолди, миршаблар уни қидирмаяпти

Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Пахтазор қишлоғи Паҳлавон Маҳмуд кўчаси 17/2-хонадонда яшовчи фуқаро Зарифа Жўраевнинг қорамоллари боқувда бўлган ва шу йилнинг 11 апрелида уйига қайтиб келмаган. Ўзаро келишув асосида қишлоқ чўпонлари молларни далага ҳайдаб чиқаркан, чўпонлар фуқаронинг 4 нафар қорамолидан хабарсизлигини, Зарифа Жўраева эса йўқолган моллар учун чўпоннинг жавобгарлигини таъкидламоқда. Туман ИИБ миршаблари эса риза билан мурожаат қилинганига қарамай молларни қидирмаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент шаҳар ва вилоят прокуратураларини юқорида номлари зикр қилинган шахсларнинг шикоятлари юзасидан прокурорлик назорати ўрнатиш ҳамда мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда ўрганиш ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга чақиради.