15 May 2013
13:12 - Жонажон Ўзбекистонимизда ҳамма нарса масхарабозлик, нефть-газ соҳасидаги улкан салоҳиятимиз ҳам

Авваламбор шуни алоҳида таъкидлашни истардикки ҳурматли ўқувчиларимиз, ватанимизда бўлаётган ҳар бир воқеанинг фақат салбий томонларини кўрсатаётганимиз, баъзилар ўйлаётгандек, мавжуд режимни ёқтирмаганимиз сабабли эмас. Бизни Ватаннинг ва Миллатнинг тақдири ва келажаги қизиқтиради. Ҳозирги режим Ватан ва Миллатнинг келажагини ўйламасдан, фақат ўзининг бугунги роҳатини ўйлаётгани ва ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларини масахарабозликка айлантириб юборганини, бошқалардан фарқли ўлароқ кўриб турган бўлсак нима қилишимиз керак? Қани айтинг, нима қилишимиз керак, уларга қўшилиб масхарабоз бўлайлик ва биз ҳам халқни алдаб юраверайликми?

Кеча Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2013” ўн еттинчи халқаро кўргазмаси очилгани давлатнинг расмий хабар агантлиги ЎзА тарафидан билдирилди. Тадбир “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ITE Uzbekistan, ITE Exhibitions & Conferences (Буюк Британия), ITE China (Хитой), GIMA (Германия) каби халқаро компаниялар ҳамкорлигида ташкил этилибди.

Ҳеч шубҳасиз одамни қувонтирадиган воқеа. Аммо, хабар қуйидаги сўзлар билан давом эттирилиши ақли бор одамни ўйлантириб қўяди:

"Кўргазманинг очилишида мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқларини, жумладан, нефть-газ соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидандир. Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида табиий газ қазиб олиш бўйича етакчи ўринлардан бирида туради. Кейинги йигирма йилда Ўзбекистон нефть ва газ саноатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди."

Бу сўзлар Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмайдиганларнинг, ўзбекларнинг кўпчлиги айнан шундайлар қаторига киради, роса кўнглини кўтарса керак. Аммо ҳақиқатни билганлар буни қандай қабул қилиши керак? Ахир биз биламизку, мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқлари чуқур инқироз ичида, иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ривожланган мамлакатлардан 30-40 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, қўшнилармиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6 ва 8 баравар (!!!) орқадамиз. Бундан ҳам ёмони, орамиздаги фарқ йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. 2005 йили Қозоғистондан 5,5 баравар орқада эдик, Ислом Карим раҳнамолигида ҳозир 8 баравар орқадамиз. Қозоқларда ўртача ойлик 670 доллар, бизда 85 атрофида. Қозоқ дворниклари ўзбек профессорларидан кўпроқ ойлик олишади. Амир Темир авлодларининг катта қисми бир бурда нон учун Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга бориб, йиллаб оиласини кўрмасдан мардикорчилик қилишмоқда. Демак, миллионлаб болалар ота меҳридан айрилган, аёллар йиллаб эрлари билан ётиш имкониятидан маҳрум бўлган.Балар ҳаммаси иқтисодий саводсиз Ислом Каримнинг раҳнамолигида бўлди.

Шуларни билган одам қандай қилиб Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳаси ана шу саводсиз одам раҳбарлигида қандайдир ғалабаларга эришаётганига ишонади.

"Ҳаракат" Агентлиги ғариб аҳволимизни кўрсатувчи шундай солиштиришлар билан чекланимайди. Биз ҳар доим мавзуга оид аниқ факт ва рақамлар ҳам келтирамиз. Бу сафар ҳам шундай қиламиз. Буни аввл ҳам ёзганмиз, аммо билмаганлар билиб қўйсин. Аҳолиси биздан 5 баравар кўп бўлган Россиянинг табиий газ заҳиралари 49 триллион кубметр, аҳолиси биздан 4 баравар кам бўлган Туркманистонники 8-9 триллион кубметр, Ўзбекистонники эса 1,5 триллион кубметр. Шундай аҳволда ҳам, ўз халқимизни газсиз қолдириб, ўрта миён экспортчига айланишимиз мумкин, аммо ўзи кам газ билан мамлакатимизни ҳозирги қолоқликдан олиб чиқолмаслигимиз ўз-ўзидан маълум. Буни чет эллик мутахассислар ҳам билишади. Демак, Тошкентда очилган халқаро кўргазма навбатдаги масхарабозлик эканлигига шубҳа йўқ.

Ўзбекистон бутун иқтисодда ёриб ўтиш даражасидаги инқилобий ислоҳотлар қилмаса, қашшоқликдан чиқолмаслигимизни қўйиб туринг, қашшоқлигимиз ортиб боаверади. Халқимизнинг бундан ҳам катта қисми чет элга кетиб оиласини боқишга мажбур бўлади. Зотан шундай бўлмоқда. У ҳолда, бизга бундай ҳукуматнинг нима кераги бор?

Айнан шу сабабли, бизнинг мақсадимиз халқнинг кўзини очиш, сиёсий савиясини ошириш ва охир-оқибатда миллат душманлари қўлида бўлган мавжуд масхарабоз режимдан қутилиш.