11 May 2013
12:43 - Бундай қўлбола иқтисодиёт билан иштонсизгина эмас, нонсиз ҳам қолишимиз аниқ

Бу фикрларни "Ҳаракат" сайтида эълон қилинган Турон Буюкнинг "Ўзбекистон банк сектори: ривожланиш йўлидаги тўсиқлар" номли мақоласининг 1-қисмига жавобан ёздим. Мақола муаллифи жуда муҳим мавзуни кўтарган. Банк сектори мамлакат иқтисодиётининг бугунги аянчли аҳволга тушишида катта роль ўйнаётганини назарга олиб, фикрларим билан ўртоқлашишни бурчим деб билдим.

Мақолада келтирилган важлар мавжуд муамоларнинг ташқи кўринишидир. Ичкарига шўнғисак, яна ҳам даҳшатли нарсаларни кўрамиз.

Хозирги вақтда Ўзбекистон худудида 30 та тижорат банк фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан нақд 3/4 қисми Давлат банклари хисобланади. Бу дегани ҳеч қанақа либерелизация ҳақида гапириб бўлмаслиги аниқ эканлигини билдиради. Муаммо - банкларнинг (Айниқса, давлат банкларининг) иқсодиётнинг айнан бир йўуналишига қараб бўлиниши ва шу йўналишдаги Давлат корхоналарига хизмат кўрсатишдан иборатлигидадир. (Масалан Агробанк - Аграр соҳага, Асакабанк - автопромга ва ҳоказо).

Бозор иқтсодиётига тўлиқ ўтилмагани, бизнеснинг ривожланмагани, иқтсодиётга инвестицияларнинг йўқлиги, коррупциянинг жуда зўриқиб кетиши Ўзбек банк бозирининг бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан торлиги ва фаолиятининг ривожланмаслигига энг катта омилдир. Чет эл банкларининг Ўзбекистонга, мамлакатда эркин конвертация бўлмасдан туриб, киришини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳеч қайси чет эл банки бундай шароитда Ўзбекистонга келмайди! Банклар бугунги кунда ҳисоб-китоб марказларига айланиб кеткан. Уларнинг асосий вазифаси, яъни кредит бериш эса, жуда ва жуда оқсоқланиб келмоқда.

“FitchRatings” халқаро рейтинг компанияси маълумотларига қараганда, Ўзбекистон МДҲ давлатлар орасида кредитлар иқтсодиётга кириб бориш даражасида энг паст кўрсатгичга эга экан. Гапим қуруқ сафсата бўлмаслиги учун таққослов мисоли келтириб ўтмоқчиман. Масалан, Россияда қайта молиялаш ставкаси (ставка рефинасирования) - 8,25%, Қозоғистонда - 5,5%, кулгиз қистайди, лекин Тожикистонда - 6,5%, биздачи?? Ўзбекистонда эса - 12% ташкил этади! Шу билан чегараланиб қолсак ҳам майли эди, аммо бу фоиздан кредит олиб бўлмайди. Ўзбекистон хануз молиявий ресурслар олиш бўйича дунёнинг энг пастки ўринларида туради! Банклардаги ҳисоб пуллар ва унинг нақд пулга айлантириш ўртасида 15% тафовут мавжуд. Тадбиркор кўп сонли бюрократик чиғириқлардан ва азобу уқубатлардан ўтканидан сўнг, охирида 35-48 фоизлик кредит олиши мумкин. 12 фоизлик кредитлар эса давлат корхоналарига субсидия тариқасида берилади, яъни қалпоқни у бошдан бу бошга кийдирамиз!

Буларнинг бари бизнесни панада (тень) туришга, яъни давлатга кўринмасликка ундайди!  

Эффектив бўлмаган давлат банкларимиз совет тизимидан сўнг деярли ўзгармай қолган. Ходимларнинг сони ҳаддан ташқари кўплиги, филиаллар сонининг саноқсизлиги, ойликларнинг жуда кичиклилиги, професионал кадрларнинг йўқлиги - давлат банкларининг бизнес сифатида эффектив эмаслигини англатади. Масалан, Давлат Акциядорлик “Халқ Банки” 200 тадан зиёд филиали бор бўлиб, ходимларининг сони 30 мингдан ортиқ бўлса-да, 2012 йил якуни бўйича ҳали ҳам даромадга киргани йўқ!!!    

Иқтсодиётни қўлбола усулида бошқариш оқибатида, банклар фақат кўрсаткичларга ишлайдиган бўлиб қолган. Улар Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Марказий Банк йўриқномаларини бажарувчи, план орқали ишлайдиган структурага айланиб қолди! Ҳар ҳил ижтимоий фикрлар сўровларига қарамасдан, одамларнинг банкларга ишончи йўқолиб бўлган. Улар пулларини банкда эмас, ёстиқ тагида яширишни афзал билишади. Шу орқали банкларда нақд пул муаммоси яққол билиниб турибди. Ҳар бир тижорат банкининг Марказий банкга нақд пул топшириш плани бор! (Пенсионерлар нақд пул танқислик муаммосини яққол ўзларида сезишлари мумкин). Бу бозор иқтсодиёти қонунларига умуман зид кўринишдир!

Алам билан айтиш керакки, Ўзбекистонда тижорат банкларининг асосий даромади уларнинг инвестицион фаолиятидан эмас, балким, халқаро пул ўтказмаларидан олинадиган комиссионлардан тушади!!!! Мардикорларимиз (тани-жонлари соғ бўлсин!!!) банкларимизни ҳам боқишмоқда!!!! Бу шармандагарчиликдан бошқа нарса эмас!!!!

Хулоса ўрнида шу нарсани айтиш керакки, бундай кетишда иштонсиз эмас, буханка нонсиз қолишимиз аниқ!!!! Ўзбекистонда бозор иқтсодиётга тўлиқ ўтиш бўйича инқилобий ўзгаришларни эртага эмас, бугун қилиш даркор! Бундай тизимда буни қилиб бўлмайди! Қилмайдиган бўлсак, эртига холимизга маймунлар йиғлаши муқаррар!!!!!!

Аҳмад Тошкандий