08 May 2013
01:07 - "Гражданлар, ақчангизни омонат кассаларда сақланг!”, агар бор бўлса...

Машҳур “Иван Василевич ўз касбини ўзгартиради” фильмида шундай бир эпизод бор. Ўғри Жорж Милославский ҳамма тиш докторлари каби ўзига тўқ яшаган Антон Шпагнинг квартирани ўмараётириб, томошабинга ана шундай мурожаат қилади: "Гражданлар, ақчангизни омонат кассаларда сақланг!”

Дарҳақиқат, совет даврида одамлар ўз маблағларини омонат кассаси деб аталаган банкда бемалол сақлай олардилар, чунки у даврда совет банкларига ишонч бор эди.

Аммо хозирга келиб Ислом Каримнинг ўзи ҳам ақчаларини Ўзбекистон банкларида эмас, чет эл банкларида сақласа керак.

Замонавий дунёда ҳар қандай давлатни банклар тизимисиз тассавур қилиб бўлмайди.

Аммо Ислом Карим режими банк тизимида ҳам ўзига хос ўғриликка шароит яратди. Биринчи ва энг асосий сабаб - нақд пул билан ҳисоб рақамидаги пул орасидаги фарқдир.

Фирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари ўз ҳисоб рақамидаги пуллардан эркин фойдалана олмайдилар. Агар фермер нақд пулга мухтож бўлиб қолса, қонунларни айланиб ўтишга мажбур. Бу ерда у банк ходимлари билан мажбуран келишади, ёки бошқа бир фермер ё умуман ким биландир келишиб, ҳисоб рақамидаги ўз пулини 100:80 қилиб сотади ва ҳисобидаги 100 000 сўм пулини 80 000 минг нақд пул қилиб олади. Балким бу нарх ҳозир бир оз юқори ёки паст бўлиши мумкин.

Корхона эгалари ўз пулларини шунинг учун ҳам кўпроқ товар кўринишида сақлаб, бирон операцияни амалга ошираётган пайтидагина бирров ўз ҳисобидан фойдаланиб оладилар, халос.

Аҳоли эса хозир ўз маблағини банкларда сақламайди, агар маблағ бўлса албатта. Ва жуда тўғри қилади! Чунки банк тизимига ишонч йўқ!

Бу тизимида тартиб бўлиши учун жамиятда қонунлар ишлаши керак. Бунинг учун эса ошкоралик бўлиши ва мухолиф партиялар эркин фаолят кўрсата олишлари керакдир.

Акбарали Ориф