06 May 2013
20:30 - Покистон-Афғонистон чегарасидаги жанжал Марказий Осиё давлатларига ҳам сачраши мумкин
Ўтган ҳафта Покистон тарафи икки мамлакт ўртасидаги 1893 йили инглизлар чизиб берган чегаранинг Нанагарҳар вилоятидаги ҳали баҳсли қисмида жойлашган постни тузатиш ишларини бошлаб юборгач, қуролли жанжал бошланди. Чунки, Афғонистон тарафи бу чегарани тан олмайди ва бу пост ўз ҳудудида жойлашганини иддао қилди. Ҳозирча қон тўкилмаган жанжал бироз тинчигандай бўлганди, аммо бугун қайтадан бошланди, дейилади Foreign Policy журналининг бизнинг адресга ҳам келадиган хабарида. Афғонлар Покистонга қарши турли намойишлар ҳам ўтказмоқдалар.

Ўтган шанба куни бу хусусда Толибонга мурожаат қилган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай покистонликларни тўғридан-тўғри тилга олмаса ҳам, феълан қуролни уларга қаратишга чақирди. Бу ўта хавфли тенденциядир.

Ўзбекистон чегараларидан узоқда бўлаётган бу воқеанинг бизга ҳам тегишли тарафи бор, дейди мухбиримиз. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги чегараларда ҳали ечилмаган муаммолар бор. Бундан ташқари, Москва атайлаб Ўзбекистоннинг чегараларини шундай чизганки, биринчидан, ўзбеклар яшайдиган жойлар қўшни мамлакатларга бериб борилган, иккинчидан, мавжуд чегаралар Ўзбекистиннинг бутунлигига таҳдид соладиган даражада муаммоли. Масалан, Фарғона вдийсидаги уч вилоят билан мамлакатнинг бошқа қисми фақат тоғлар орқали ўтадиган йўллар воситасидагина алоқа қилолади.

Шундай экан, чегара муаммолари уруш жанжалларига айланиб кетиши шубҳасиз. Буни олдини оладиган ягона йўл - Марказий Осиёда интеграцион жараёнларни тезлаштириш ва ЕИдан ўрнак олиб, Марказий Осиё Бирлиги ёки Туркистон Бирлиги номли умумий давлат яратишдир. Бу осон иш эмас, аммо уни тезроқ бошлаш керак. Маълумки, ҳозирча бундай жараёнлар йўлидаги асосий тўсиқ - Ўзбекистон Президенти Ислом Каримдир. Демак, қонли воқеалар бошланса, бош айбдор айнан шу киши бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё Бирлиги ёки Туркистон Бирлиги номли умумий давлат яратиш ғояси биринчи марта "Бирлик"нинг 2003 йили Тошкентда ўтказилган қурултойида тилга олинган ва тегишли резолюция қабул қилинган.