08 July 2008
03:00 -
8:00 - Пўлат Охуннинг фуқаролигини бекор қилишга ҳаракат бошланди - Адвокатнинг ниқоби тўла йиртилди 7:00 - Самарқандга Ислом Карим келиб кетганга ўхшайди - Андижонда миршабни отиб ташлашди
8:00 - Пўлат Охуннинг фуқаролигини бекор қилишга ҳаракат бошланди

Кеча “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судидан чақирув қоғози олди. Судья Ш.Тошмирзаев имзолаган мазкур мактубдан маълум бўлишича, Андижон вилояти ИИБ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими Пўлат Охуннинг яшаш жойида доимий рўйхатга ўтганлиги ҳолатини (яъни, пропискасини) бекор қилиш ҳақида даъво аризаси берибди, 9 июлда шу масала бўйича биринчи суд мажлиси бўлар экан. Суднинг юритувига қабул қилган ишига мувофиқ, Пўлат Охуннинг Андижондаги доимий рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги ҳолати бекор қилиниши мумкин, дейди мухбиримиз.

Агар суд Пўлат Охунни доимий яшаш ҳақидаги рўйхатдан ўчирса, унинг фуқаролиги масаласи ҳам қайта кўрилиши, ҳатто у бекор қилиниши эҳтимол. Лекин Ўзбекистон ҳукумати тан олган фуқаросизликни тугатиш ҳақидаги халқаро келишувга мувофиқ ва Пўлат Охун ўзга давлат фуқароси эмаслиги боис, унинг фуқаролиги бекор қилиниши мумкин эмас.

Эртага ўтказилиши мўлжалланаётган суд мажлисига Бўз тумани прокурори М.Абдуллаев, вилоят ИИБ ХЧКва Ф бўлими бошлиғи Ш.Бадаловлар ҳам чақирилган. Процессуал қонунчиликка зид равишда Пўлат Охунга даъво аризасининг нусхаси юборилмаган.

Адвокатнинг ниқоби тўла йиртилди

Бугун бир қанча интернет сайтлари таниқли тутқундаги диссидент шоир Юсуф Жуманинг ўғли Алишернинг очиқ хатини чоп этди. Унда кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига адвокатлик ролини ижро этаётган Руҳиддин Комиловнинг хатти-ҳаракатларига баҳо берилади. Маълум бўлишича, адвокат Юсуф Жума ва унинг ўғли Машрабга ҳимоячилик ниқобида мамлакат махсус хизматларининг буюртмаларини бажариб келган.

Алишернинг очиқ хатида: “Мен Руҳиддин Комилов СНБ кўрсатмаси билан иш қилаётгани, демократик давлатлардан товламачилик қилиб, бизнинг қора кунимиздан фойдаланиб опам Ферузанинг номига пул олиб ўзлаштиришга урингани, уни қўрқитиб террорчилик қилгани учун Руҳиддин Комиловни адвокатликка нолойиқ, деб биламан ва ундан воз кечаман. У билан қилган шартномам ўз кучини йўқотганини эълон қиламан. Руҳиддин Комиловни бу қилган ишлари учун далиллар билан Ўзбекистон Олий судига бераман. Токи бундан кейин ўзбек мазлумлари ўз тақдирларини Руҳиддин Комиловга ўхшаган адвокатларга топширмасинлар”, дейилади.

Эслатиб ўтиш керак, бир пайтлар “Бирлик” Партияси МК аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари бўлган Руҳиддин Комилов Андижон қатли оми туфайли ҳибсга олинган беш нафар “Бирлик” ва “Эзгулик” фаолларига ҳимоячилик қилган пайтда ўзгара бошлаган эди. У ўша пайтдаги дастлабки терговлар даврида ўзини бу ишга ёллаган партия раҳбари Абдураҳим Пўлат ва “Эзгулик” раиси Васила Иноятнинг устидан ҳам жиноят иши қўзғатишни сўраб, Андижон вилояти прокурори Б.Деҳқоновга мурожаат қилгани ҳаммани ҳайратга солган. Натижада Абдураҳим Пўлат ва Васила Иноятнинг устидан жиноят иши қўзғатилган ва иш Абдураҳим Пўлат мамлакат ҳудудида эмаслиги боис алоҳида иш юритувига олинган.

Шу воқеадан кейин, “Бирлик” ва “Эзгулик” Руҳиддин Комилов билан алоқаларини бутунлай тўхтатган эди. “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви мажлисида унинг бу ҳаракатлари, яъни мижозга қарши ишлаши устидан Адлия вазирлиги қошидаги адвокатларнинг Олий малака комиссиясига мурожаат қилишга келишилган, аммо Васила Иноятнинг: “Орамиздаги парокандаликдан фақат ҳукумат манфаатдор” деган сўзларидан кейин бу қадам қилинмаганди.

Мухолифат гуруҳлари ичида бирлик ва ҳамкорлик бўлмагани сабабли, Руҳиддин Комиловнинг иши кўпчиликнинг диққатидан четда қолди. Мана энди унинг ким эканлиги ҳаммага маълум бўла бошлади. У айниқса Дадахон Ҳасан ва Юсуф Жума ишида ўзини тўла фош этди.

7:00 - Самарқандга Ислом Карим келиб кетганга ўхшайди

Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, кеча “Бирлик” Партияси Самарқанд ташкилотининг раиси Холиқназар Ғани ва унинг ўринбосари Абдумалик Умурзоқ уй ҳибсида ушлаб турилган соатларда Ўзбекистон президенти Ислом Карим бу вилоятга келган ва ҳокимликда мажлис ўтказган.

Унинг бу ердаги ташвиши - ғалла тайёрлашнинг сустлиги бўлган экан. Ғалла тайёрлаш планини бажариш учун, вилоятдаги хамма ташкилотларга, у қандай ташкилот бўлишидан қатъий назар, мактабми, касалхонами ёки қурилиш ташкилотими, бир тоннадан ғалла топшириш мажбурияти юклангани айтилмоқда. Бир маҳаллар ҳаммага тўкилган пахтани териб давлатга топшириш мажбурияти юклатиларди, кўринишидан, Ислом Карим эски тажрибага янгича руҳ бериб, ҳаммани тўкилган ғаллани теришга сафарбар қилмоқчи, шекилли.

Андижонда миршабни отиб ташлашди

Бугун Андижон шаҳри кўчалари фавқулодда миршаб ва қуролланган аскарларга тўлиб кетди. Маълум бўлишича, кеча оқшомда Асака шаҳридаги Асакабанк қоровули, милиция сержанти Зокиржон Парпиев (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиевнинг укаси) банк мижозларидан бири томонидан ўз тўппончаси билан отиб ўлдирилган. Иккинчи миршаб эса оғир яраланган, дейди мухбиримиз. Ичкиликбозликдан сўнг чиққан ўзаро жанжалдан сўнг ҳозирча шахси номаълум қуролланган қотил Андижон шаҳрида яширинган. Шу туфайли Андижон қирғинидан сўнг шаҳар на оёққа турди.