27 April 2013
23:34 - Ислом Карим навбатдаги катта лойиҳаларни амалга оширишга ваъда берди, аммо "Бирлик"сиз ҳеч нарса қилолмайди
Шуҳратбек Абдураҳмоновни Андижон вилояти ҳокими лавозимига тайинлаш масаласи билан 26 апрель куни Андижонга келиб, вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашган ва нутқ сўзлаган Ислом Карим иккита катта қурилиш лойиҳасини тилга олди.

Булардан бири - 2016 йилгача Қамчиқ довонидан ўтадиган 120 километрлик Ангрен-Поп темир йўлини қуриш ва ишга тушириш. Табиий, бундай йўл қуриш учун битта ёки иккита туннель қуриш керак бўлади. Яъни, бу осон иш эмас. Ўзбекистоннинг иқтисоди йилдан-йилга чўкиб бораётгани, Давлат Бюджетининг харажат қисми бор-йўғи 10 млрд доллардан озгина ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, бир неча миллиард долларлик темир йўл лойиҳасини амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Ислом Карим ҳар ҳолда шуни тушунса кераки, бу қурилишга қанча маблағ кераклигини айтмабди.

Фарғона водийси билан темир йўл алоқаси керак. Лекин бошқа альтернатив лойиҳалар устида ҳам ишлаш лозим эди. Масалан, Тожикистон орқали ўтадиган, аммо тожикларга керак бўлмайдиган эски темир йўлни Ўзбекистонга қўшиб олиш, керак бўлса, уни ери билан тожиклардан сотиб олиш. Келажакда Марказий Осиё Бирлиги яратилиши муқаррарлигини тушунадиган тожиклар билан бу масалада келишса бўлади.

Бошқа тарафдан, мамлакат аҳолиснинг учдан биридан кўпи яшайдиган Фарғона водийсини фақат тоғдаги ягона йўл ва Тошкент орқали Ўзбекистоннинг бошқа қисми билан боғланадиган қилиб қўйиш - иқтисоднинг ривожланиши йўлидаги катта тўсиқ бўлишдан ташқари, Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги келажагини кўрабилмасликдир. Бу - Ўзбек миллати душманларининг сиёсатидир.

Иккинчи лойиҳа - Наманган вилоятида 900 МВт қувватга эга бўлган Тўрақўрғон Иссиқлик Электростанциясини қуриш. Мустақилликка эришганимздан бири биринчи марта қуриладиган электростанция лойиҳасини амалга ошириш учун 1 млрд доллар маблағ керак экан.

Бу иикита лойиҳа Ўзбекистон учун фойдали. Бироқ, ҳозир Ўзбекистон Президенти авваламбор малакатимизнинг иқтисодини чўкишдан қутқаришни ўйлаши керак. Унутмайликки, иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича 2005 йилда Қозоғистондан 5,5 марта орқада эдик, ҳозир 8 баравар орқадамиз. Қозоқларда ўртача ойлик 670 доллар экан, бизда бор-йўғи 85 доллар. Миллионлаб ўзбеклар Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилиб оилаларини тебратмоқдалар. Шундай экан, ҳозир биринчи навбатда иқтисодимизни кескин ривожлантирадиган лойиҳаларга инвестиция қилиш керак.

Ўрнак сифатида кўрсатиш мумкин, ўтган асрнинг 80-чи йилларида Туркияда ҳукумат бошига келган Турғут Озал Ғарбдан катта қарз олиб, уни мамлакатнинг асосий автомобиль йўлларини яхшилашга ташлаган. Яъни, қарзга олинган маблағ мамлакатнинг ҳар бир бурчагига етиб бориб, бутун иқтисоднинг гуркираб ўсишига асос бўлган. Унинг ислоҳотлари натижасида Туркиянинг киши бошига ЯИМ ҳажми Европа мамлакатлари билан солиштирса бўладиган даражага чиққан.

Ўзбекистон эса, бу кўрсатгич бўйича ҳозир ҳам Ғарб давлатларидан 15-30 баравар орқада. Биз буюк иқтисодий ҳамлаларга муҳтожмиз. Минг афсуски, ҳозирги ҳукуматдагилар бундай нарсаларни тушунишмайди ҳам. Бундай муаммоларни тўғри ифодалаётган фақат "Бирлик" Партиясидир. Муаммони тўғри ифдолаш ечимнинг ярми деган ибратли сўзларни эсласак, Ўзбекистонинг келажаги фақат бу партия билан боғлиқ эканлигини тушунамиз.