21 April 2013
14:30 - АҚШда беш нафар сноубордчи ҳалок бўлди, ҳеч кимнинг иши йўқ, ислом экстремистларига дарс бўлсин!
Колорадо штатининг тоғларида 5 сноубордчи (сноу - қор, борд - тахта, сноуборд - махсус тахта устида қорли тоғлардан тушиш ва акробатик трюклар қилиш спорти) қор остида қолиб ҳалоқ бўлди. Бу ҳақда ҳамма ерда хабар тарқатилди, аммо бу воқеага ортиқча эътибор йўқ. Қолаверса, дунёда ҳар куни юзлаб одам турли ҳалокатларда, кўпроқ, автоҳалокатларда ҳалок бўлади. Бу хусусда хабарлар тарқатилади, аммо бу воқеалар атрофида катта шовқин-сурон, ажиотаж бўлмайди.

15 апрель куни Бостондаги портлашлар натижасида 3 киши ҳалок бўлди. Шундан бери бутун дунё ўша воқеа атрофида яшамоқда, десак бўлади. Нью-Йорк фондлар бозорида жиддий тушиш бўлди, АҚШ ва Россия президентлари телефонда гаплашдилар. Тезда бу портлашлар террористик акт бўлгани, террорчилар ака-ука чеченлар эканлиги аниқланди. Уларнинг биттаси ўлдирилди, иккинчиси ярадар ҳолда қўлга олинди.

Бу мавзуга эътибор беришимизнинг сабаби нима?

Қаранг, касалликлар бор экан, касалликдан ўладиганлар бўлади. Автомобиллар бор экан, автоҳалокатларда одамлар ўлади. Умуман ҳар қандий техник жиҳозлар ва воситалар ишлатаяпмизми, демак, турли носозликлар туфайли ҳалок бўладиганлар бўлади.

Буларга кўз юмамизми? Йўқ. Одамзод бундай ўлимларнинг сонини имкон борича камайтириш устида тинимсиз ишламоқда. Масалан, касалликлар туфайли оламдан бевақт кетаётганларнинг сонини камайтириш мақсадида медицина яратилди, автоҳалокатларда ҳалок бўладиганларнинг сонини камайтириш мақсадида йўлларнинг структураси яхшиланмоқда, автойўлларда тартибни кузатадиган махсус хизматлар тузилган ва ҳоказолар.

Дунёда одам ўлдириш қуроллари бор эканми, одамларда бу қуролларни қўлга киритиш имконияти бор эканми, демак, оддий қотилликларни, сиёсий ёки диний мақсадлар йўлида амалга оширилаётган террористик актлар ва ҳужумлар ҳеч қачон йўқ бўлмайди.Одамзод бунга қарши кураш йўлларини ривожлантириб боради, медицинани ривожлантираётгани каби.

Ана ўшандан кейин, Колорадода ҳалок бўлган 5 сноубордчининг ўлимига эътибор оз бўлгани каби, террористик акт ва ҳужумларга эътибор минималлашади. Террористик актлар ва ҳужумлар автоҳалокатлар каби оддий, аммо инсониятга жиддий зарар келтиролмайдиган нарсаларга айланади.

Бостонда 3 кишини ўлдириб, дунёнинг эътиборини қаратдик, шу йўл билан, яъни террор йўли билан бирон нарсага эришоламиз деган ҳаёлда яшаётган ислом экстремистларига, биринчи навбатда, ўзбек исломчиларига мурожаат қилишни истардик.

Ҳозир сиз олиб бораётган курашнинг келажаги йўқ. Террор билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Тарихдан сабоқ олишга ўрганинг. Насронийлар ҳам ўз вақтида тан олинган диний тушунчаларга тўғри келмайдиган йўналишда фикрлаганларни, масалан, буюк олим Жордано Брунони триклайин ўтда ёқишди. Бу ҳам террор каби усул эди. Муқаддас инквизиция доирасида 300 мингдан ортиқ одамни ёқишди. Охир-оқибат дунёвийлик принципини қабул қилишга мажбур бўлишди.

Исломда ҳам барибир айнан шундай бўлади. Террор билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Оллоҳ бизга Қуръонни беришдан аввал дунёни яратган, демак, дунёвийлик принципини тан олишдан бошқа йўл йўқ. Бу кимнингдир истаги эмас, Оллоҳнинг амри. Демак, Ислом дини ҳам дунёвийлик принципини тан олишга мажбур.