20 April 2013
12:13 - Тошкентда "Эзгулик" жамиятининг қурултойи ўтди
Бугун, 20 апрелда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг навбатдаги Қурултойи ўтди. Жамият Қурултойида вилоят бўлимлари конференциялари томонидан сайланган делегатлар жамиятнинг бугуни, келажагини муҳокама қилишди. Жамият фаолиятига алоқадор қарорлар, режалар қабул қилинди. Жамият раиси Васила Иноятовага кўра, "Эзгулик" расман рўйхатдан ўтиб фаолият олиб бораётганига 10 йил тўлди, бу орада жамият ҳуқуқ ҳимоячилиги борасида дунёга танилган ташкилоятга айланди. Жамиятнинг номи нафақат мамлакатда, балки халқаро доираларда тилга тушди.

Жамиятнинг бугунги Қурултойи нафақат келгуси режаларни белгилаш нуқтаи назаридан, балки ўтган йилларни сарҳисоб қилиш борасида ҳам ўзига хос қадамдир, дейди Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Исроил Ризаев. Инчунун, мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият мураккаблашар экан, давр ҳуқуқ ҳимоячилари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Ана шу вазифанинг яққол ифодаси жамият ҳисоботлари, баёнот ва релизларида ўз аксини топган.

Васила Иноятовага кўра, Қурултойдан Қурултойгача бўлган даврда "Эзгулик" мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий-сиёсий вазиятга ўз нуқтаи назаридан ёндошар экан, бир неча йиллик ҳисоботлар, юзлаб пресс-релизларини жамоатчилик ҳукмига ҳавола этди. Шунингдек, бирмунча молиявий жиҳатдан мураккаб келган даврда ҳам қаддини эгмади, аксинча фаолият кўламини кенгайтириш, ҳисоботлар сифатини ошириш йўлидан борди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг бугунги анжумани эса таҳлил, ўз-ўзини танқид руҳида ўтди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан узоқ тортишув ва соғлом баҳслардан сўнг қарорлар қабул қилинди. Марказий бошқарувнинг янги аъзолари, тафтиш комиссияси вакиллари сайланди. Жамият Марказий бошқаруви раиси ва вилоятлар бўлимларининг раҳбарлари ҳисоботи тингланиб, у қониқарли деб топилди. Овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловларда Васила Иноятова номзоди бир овоздан раис лавозимига қайта сайланди.