19 April 2013
08:49 -
Русларнинг масхарабоз эксперти: Ўзбекистонни буюк ҳарбий кучга эга бўлган иқтисодий гигантга айлантириш жараёни бошланди

Бу аёл Ислом Каримни худди ўзи каби севадиган масхарабоз, россиялик эксперт Александр Собяниннинг фикрларини келтиришни яхши кўрарди. Энди бу масхарабознинг фикрларини тарғибот қилишга қароргоҳи Бишкекда жойлашган Сa-News агентлиги ҳам киришибди. Кеча бу агентликнинг сайтида манба кўрсатилмасдан ўша Александр Собяниндан мўл-мўл иқтибослар келтирилган.
Москвадаги Стратегик Ҳамкорликлар Марказида Стратегик режалаштириш хизматини бошқарадиган Собяниннинг оламшумул фикрича, Ислом Карим Ўзбекистонни буюк ҳарбий кучга эга бўлган иқтисодий гигантга айлантириш жараёни бошлабди.
"Ҳаракат" Агентлиги Ислом Карим Ўзбекистонни мустақиллик йиллари қашшоқ мамлакатга айлантиргани, Ўзбекистон давлат сифатини ҳам йўқотиб бораётгани, ҳамма соҳаларда лидерликни қозоқларга топшириб бўлгани, миллионлаб ўзбеклар чет элларда мардикорлик қилиб оила боқишаётгани, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолга тушгани каби фактларга асосланиб, Ислом Каримга қанчалик салбий муносабатда бўлмасин, агар бу одам қандайдир мўъжизалар қилиб, Ўзбекистонни қайтадан оёққа қўйишга қаратилган сиёсат бошласа, уни олқишлаган бўларди.
Нима эмиш, Ислом Карим Ўзбекистонни 20 йиллик ихтиёрий изоляциядан чиқариб, шиддат билан ўстиришга бошлар эмиш. Ислом Карим яккамоховга айланиб бўлгани, мамлакат иқтисодини чўктираётгани ҳақида "Ҳаракат" йиллардан бери ёзмоқда. Буларни феълан тасдиқлаётган Собянин Ислом Карим изоляциядан қандай чиқмоқчи бўлаётгани, йил сайин чўкиб бораётган иқтисод қандай қилиб юксалишга бошланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса демайди.
Собяниндан нима истайсиз, масхарабоз масхарабозда, аммо Сa-News агентлигининг мухбирларида бу хусусда ҳеч қандай савол туғилмадими? Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича 2005 йили Қозоғистондан 5,5 баравар орқада бўлсак, ҳозир 8 барвар орқадамиз. Демак, сўнги йилларда ҳам Ўзбекистон иқтисоди фақат орқага кетмоқда. Ислом Карим энди қандай янги иқтисодий сиёсат олиб боришини ҳам айтмасдан, Ўзбекистонни иқтисодий гигантга айлантирмоқчими? У шундай ақлли экан, нега 20 йилдан бери фақат орқага кетмоқдамиз?
Бу саволларнинг ҳаммасига биттагина жавоб бўлиши мумкин: Сa-News агентлиги ҳам масхарабозлар уясига айланган. Пес-песни қоронғида топади дейсизми, қозонга яқин юрсанг, қораси юқади дейсизми, фарқи йўқ. Иккала ўзбек мақоли ҳам Сa-News каби "агентлик"ларнинг башарасига жуда ярашади.