20 April 2013
19:51 -
"Бирлик" Партияси Марказий Кенгашининг мажлиси Тошкентда кўтаринки руҳда ўтди

Тошкентда мажлисга келганлар ичида "Бирлик" Партияси раисининг ўринбосарлари Холиқназар Ғаниев (айни замонда, Самарқанд вилоят ташкилотининг раиси) ва Дайнов Ташанов (айни замонда, Қашқадарё вилоят ташкилотининг раиси), партия Бош котиби Васила Иноят, Фарғона вилоят ташкилотининг раиси Адҳам Муҳиддин, Сирдарё вилоят ташкилотининг раиси Исроил Ризо ва бошқалар бор (расмда).
Кун тартибидаги икки масала қизғин ва дўстона муҳитда муҳокама қилинди. Скайп орқали партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг қисқача нутқи тингланди. Партия раиси ҳам МК йиғилишининг қатнашчилари ҳам Ўзбекистоннинг молиявий-иқтисодий аҳволи ҳалокат ёқасида эканлиги қайд этдилар ва мавжуд ҳукумат ҳеч бир нарса қилишга қодир эмаслигини кўрсатиб бўлганини алоҳида таъкидладилар.
Бундай шароитда нима қилиш кераклигига бағишланган кун тартибининг иккинчи масаласи бўйича бир қатор тадбирларни амалга оширишга келишилда. Масалан, аҳоли ичида Ўзбекистондаги аҳволни кўрсатувчи рақам ва кўрсатгичларни иложи борича кенг тарқатиш ва аҳволни тузатишни истаганларни "Бирлик" Партияси билан ҳамкорлик қилишга чақириш. Партиянинг стратегик режаларини ҳам одамларга тушунтириш керак. Ҳозирги имкониятлар доирасида тафсилотли маълумотлар тарқатиш имкони бўлмагани сабабли, "Бирлик" биринчи навбатда Ўзбекистонда бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлида ҳозирги ҳукумат қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ва Ўзбекистонда замонавий банк системаси йўқлиги туфайли, уни яратиш ташаббуси билан чиқаётгани ҳақида кўпроқ гапирилиши шарт.
Сал кам бир йилдан бери партия Марказий Кенгаши мажлисининг илк марта ўтказилиши "Бирлик" фаолларига катта маънавий куч бергани шундоқ кўриниб турарди, дейди мажлисда қатнашган мухбиримиз. Бундай йиғилишларни тез-тез ўтказиш, 1 йилдан кейин бўладиган президент сайловидан олдин партия фаолиятини жиддий шаклда жонлантириш масаласида ҳам ҳамманинг фикри бир бўлди.