20 April 2013
17:34 - Ислом уламолари "Ҳаракат"нинг таклифларини муҳокама қилишга мажбур бўлишмоқда
"Ҳидоят" журналининг 2013 йил 1-чи сонида хабар қилинишича, Ислом Виқҳи Академиясининг Маккаи мукаррамада ўтказилган навбатдаги мажлисида (унинг аниқ вақти кўрсатилмайди) асосий эътибор шимолий Оврупа давлатларида намоз вақтларини белгилаш ҳамда намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш тўғрисидаги масалаларга қаратилибди. Саудия Арабистони Қироллиги уламолар кенгаши аъзоси, қирол маслаҳатчиси шайх Абдуллоҳ Маъний белгиланган намоз вақтларини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаб, 48-чи ва 66-чи даража кенглик орасида жойлашган мамлакатларда шарққа нисбатан намоз вақтлари катта фарқ қилишини айтибди.

Шайх Абдуллоҳ Маъний бундай ўлкаларда кун қисқа ва тун узунлигини, баъзи жойларда эса ярим йил қуёш деярли чиқмаслигини ҳисобга олиб, бу масалага жиддий ёндашиш ва тўғри фатво чиқариш зарурлигини, шом билан хуфтон ёки бошқа намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш одатга айланиб қолишининг олдини олиш ҳақида бир қатор фикр ва мулоҳазалар билдирибди.

Ислом уламолари бундай муаммоларни ҳам муҳокама қилишга бошлашганини олқишлаш билан бир қаторда, баъзи фикрларни ҳам айтиб ўтиш лозим, дейди мухбиримиз.

Биринчидан, астағфирилло, ислом уламолари, ислом дунёси дунёвий оламга камида 4-5 асрдан бери маълум бўлган илмий-астрономик фактлардан шу вақтгача бехабар эканмилар, дейди "Бирлик" Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд қилоят ташкилотининг раҳбари Холиқназар Ғани. Қолаверса, нега фақат 66-чи даражагача ўйлашимиз керак, қутбларга яқинлашган сари 5 вақт номоз ўқиш ва рўза тутиш каби исломнинг фарзлари умуман маъносини йўқотади-ку. Уларни яна 4-5 асрдан кейин ўйлаймизми?

Иккинчидан, "Ҳаракат" Агантлиги бу каби масалаларни тахминан 10 йилдан бери кўтармоқда ва ислом уламоларнинг Қуръонни тафсир этишдаги хатоларини тузатиш ва исломда ислоҳотлар қилиш лозимлигини айтиш билан чекланмасдан, ислоҳотларнинг умумий йўналишларини ҳам кўрсатиб бериб бўлди.

Исломни ислоҳот қилиш, исломнинг фақатгина бир фарзи - Имон фарзи борлигини, қолган фарзлар бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ бўлмаган амалиётлар сифатида тан олинишдан бошланиши керак, дейди "Бирлик" Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Бугун бўлмаса, эртага - барибир тан олинади.

Уламолар ўз вазифаларини бажармасдан, бу масалаларни сиёсатчилар кўтаришга мажбур бўлаётгани ҳар кимни ўйлантириб қўйиши керак. Хўш исломнинг ўзбекистонлик уламолари нега бу ҳақда ҳеч нарса демайдилар? Ўзбекистон мусулмонлари ўз уламоларидан жавоб талаб қилишга ҳақлари бор.