18 April 2013
19:32 - Ислом Карим Вашингтонга таъзия билдирибди, ўзбекларга қачон билдиради?
Президент Ислом Карим АҚШнинг Бостон шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатлари натижасидаги инсоний қурбонлар муносабати билан АҚШ Президенти Барак Обамага ҳамдардлик билдирди. Ислом Каримнинг таъзияномасида ўзбекларнинг америка халқи кулфатига шериклиги айтилади.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Бостонда анъанавий югуриш мусобақасининг финишига яқин жойда иккита портлаш содир этилди. Бунинг оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 150 дан зиёди турли даражада жарохатланган.

Ҳар одамнинг ўлимига, айниқса ўлдирилишига қайғуриш, ўлим ёки ўлдирилиш бўйича таъзия изҳор қилиш инсонларнинг табиатидан келиб чиқадиган нарса. Ислом Карим нафақат лавозимидан, инсоннинг табиатидан келиб чиқадиган мажбуриятини бажарибди. Яхши. Аммо, ҳар йили Россияда қуллардек мардикорлик қилаётган миллионлаб ўзбеклардан, норасмий маълумотларга кўра, мингга яқинининг жасади келади. Ўз ажали билан ўлганлар ҳам бор, аммо кўпчилик оғир аҳвол таъсирида, 100 га яқини эса қотиллар қўлида ўлмоқда.

Ислом Карим уларнинг оилаларига ҳам таъзия билдириши, бундай воқеалар қайтарилмаслиги учун нималар қилаётганини халққа билдириши керак. Бу унинг вазифасидир.