13 April 2013
16:35 - Ғазна Ислом маданияти маркази деб эълон қилинди
Афғонларнинг Pajhwok хабар агентлигига асосланиб берилган хабарларда айтилишича, ЮНЕСКО Ғазна шаҳрини Ислом маданияти маркази деб эълон қилди. Бугун шаҳарда шу воқеа муносабати билан тантанали маросим ўтказилмоқда. Маросим давомида Қуръондан сура-оятлар ўқилмоқда, Афғонистон гимни ижро этилди. Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг табрик мактуби ўқиб берилди.

Ғазнага бундай мақом беришни Таълим, фан ва санъат масалалари бўйича Ислом конференцияси (ИСЕСКО) 2007 йили таклиф қилган экан.

Эслатиб ўтиш керак, Ғазнада буюк ўзбек олими Ал-Берунийнинг қабри ҳам бор.

Қобул-Қандаҳор йўлида жойлашган Ғазна шаҳри ҳозир замонавийликдан узоқдалиги расмдан ҳам кўриниб турибди. Афғонистондаги уруш охирига келаётгани, бу шаҳар Ислом маданиятининг маркази деб эълон қилиниши унинг ривожланишига йўл очар деб умид қилиш керак.