11 April 2013
19:08 - Россияда ЯИМ бу йил бор-йўғи 2,4% ортади, Ўзбекистонда ҳар доимгидек 8% бўлса керак
Россиянинг оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Иқтисодий Ривожланиш Вазирлиги мамлакатнинг Ялпи Ички Маҳсулоти (ЯИМ) бу йил аввалги прогнозларда айтилгани каби 3,6% эмас, 2,4% ортиши хусусида янги прогноз берибди. Вазир ўринбосари Андрей Клепач бундай тушишнинг сабаби сифатида экспортда ўсиш ноль фоиз бўлаётганини кўрсатган.

Биз ҳар бир хабарга Ўзбекистонни қўшиб, истеҳзо қилиш ниятимиз йўқ, аммо мамлакатимиз аҳволи шунчалик ғарибки, бу мавзудан четга чиқишга журъатимиз ҳам етмайди.

Хуллас, Ислом Каримнинг бу йил Вазирлар Маҳкамасида қилган нутқидан маълумки, бизда бу йил ҳам ЯИМнинг ортиши ўтган йили каби 8% атрофида бўлади. Қанчалик гўзал. Аммо, косанинг тагидаги нимкосага қарасак, ишлар дабдала эканлигини кўрамиз.

Фараз қилинг, қўлида 1 сўм пули бўлган қашшоқ одам яна 1 сўм топди. Унинг бойлиги 100 фоизга ортганини айтсак тўғри бўладими? Ҳа, тўғри бўлади. Аммо, у 1 млн сўми бор одамнинг пули 1 млн 100 мингга чиққани (яъни бор-йўғи 10 фоизга ортгани) устидан кулса, ғирт аҳмоқ бўлади.

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича ривожланган мамлакатлардан 30-40 баравар, ҳатто қўшнимиз қозоқлардан 8 баравар орқада бўлсак-да, бизда йиллик ортиш 8 фоиз бўлгани билан мақтанаётган Ислом Каримни ким деб аташ керак? Ахир қозоқларда бундан буён ҳеч қандай ўсиш бўлмаса ҳам, уларга етиб олиш учун тахминан 100 йил керак-ку!! Қани энди фикр билдиринг, кимлар бизни бошқармоқда?