08 April 2013
20:02 - Ислом дунёси ҳам бошқарувга мухтож
Ҳеч сир эмас ислом дунёси ҳозир бошидан ўтказаётган тушкинликлар ва унга бошқа дин вакиллари томонидан амалга оширилаётган жоҳилликлар (Қуръонни ёқилиши, пайғамбармизнинг (С.А.В) сурати деб номланган суратнининг масхараланиши ва шу кабилар) ҳар бир ўзини мусулмон деб ҳисоблаган кишини ғазабга келтиради.


Мен ислом динини ҳақ дин эканлигига заррача ҳам шуҳба қилмаган ҳолда исломнининг ҳозирги аҳволи учун бутун дунёдаги диний уламоларимиз тўла айбдордирлар дея оламан. Сабаб шуки, Қуръон бир, пайгамбармиз бир бўла туриб мусулмонлар бунчалар бир-бирларина қарама-қарши? Қачон мусулмонлар тўғри йўлга бирлашадилар ?Қайси йўл тўғри ўзи? Ҳизбтаҳрирникими? Ваҳобийларникими? Салафийларникими? Акромийларникми ёки шиаларникими ? Яна қанча йуналишларни санаб ўтай, "Ҳаракат" сайтида таклиф қилинган Имонийларникими? Ва уларнинг қайсиниси ўз йўналишини нотўғри деб хисоблайди?

Қаранг, Рим папаси фалончи, тўртинчи ёки ўн олтинчини дунёнинг бир четидаги ҳабаш ҳам танийди. Хўш, мусулмонларни ҳам бирор бир бош имоми ёки ягона фатво чиқарувчи кишисини ким танийди? Нима, шундай инсоннинг бўлиши ислом динга зидми? Нима сабабдан дунё мусулмонлар идораси шу пайтга қадар йўқ! Бўлса биз нега танимаймиз?

Нима сабабдан у ёки бу йўл нотўғри бўлса, энг аввало уламоларнинг фатво ёки тавсияси билан эмас, қандайдир давлатларнинг қонунлари билан тақиқланади?

Мусулмонларнинг сони милиарддан ошиб бораябди ва коммуникация шу қадар ривожланиб кетган ҳозирги даврда ҳам нега мусулмонларни дунё бўйича бирор бошқарув органига эга эмас? Биламан, қандайдир Исломий кенгаш бир-икки йиғилганини, аммо нима ҳақда йиғилиш бўлганини ва бу йиғилишнинг мақсади нима эканлигини мендан бошқалар ҳам билмаса керак.

Менимча умуммусулмон бошқарув ҳайъатини шакллантириш ҳозирги куннинг заруриятидир. Балким шунда ҳақиқий йўл кўрсатувчи пайдо бўлар ва барча мусулмонлар ҳеч иккиланиай тўғри йўлга кетармиз. Балким, шунда исломни ҳозирда кўзга кўринмаётган қирралари номаён бўлар. Балким, шунда ўзаро диний тортишувлар, фирқавозлик ва терорга чек қўйилар.

Аммо буни ким ва қандай амалга ошира олади? Бу ҳақда "Ҳаракат" сайтида турли йўллар таклиф қилинди. Агар ташшабусни Ўзбекистон диний уламолар кенгаши ўз зиммасига олиб ва қўшни давлатларни уламолари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уни кенгайтириб борса,энг аввало миллатимизга, давлатимизга жуда катта обрў ҳам келтирган бўларди. Улар биргаликда йиғилишларга дунёвий олимлар, сиёсатчилар иштирок этсалар жуда кўп ечилмаган тугунларни ечилиб кетиши муқарардир.

Менимча бу иш учун Ҳазрат Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф маъсул бўлсалар, энг тўғри йўл танланган бўларди. Ҳозир ҳаёт эканлар, бу зотни салоҳиятларидан фойдаланиб қолиш керак.

Акбарали Ориф