05 April 2013
09:50 - Қозоғистонлик олимлар иккинчи марта буюк кашфиёт қилишди, биринчиси шармандаларча тугаганди
Қозоғистонда рус тилида чиқадиган "Экспресс-К" газетасининг кечаги сонида хабар қилинишича, бу мамлакатнинг олимлари Владимир Шчербак и Максим Макуков Ернинг ташқарисидаги цвилизациядан келган мактубни топишибди. Бу мактуб ҳозирги одамларнинг генетик кодида экан. Уларга кўра, Қуёш системасидан ташқаридаги номаълум цивилизацияда бизнинг генларни коди штамп қилинган ва қандайдир йўл билан Ерга келиб қолган. Қисқа қилиб айтсак, бу кашфиёт тўғри бўлса, бизни Оллоҳ яратмаган ёки Дарвиннинг назариясида айтилганидек, маймундан келиб чиқмаганмиз, ўша узоқдаги цвилизация усталарининг маҳсулотимиз, холос.

Бу олимлар ҳақ ёки ноҳақлигини мутахассислар муҳокама қилишсин. Биз эса, фурсатдан фойдаланиб, ҳозирги авлод билмайдиган қозоқларнинг бошқа бир "кашфиёти"ни эслатмоқчимиз. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида қозоқлар чўлда каттагина бир тош топиб олишди. Унинг устида қандайдир афсонавий расмга ўхшаган чизиқлар ва харфларни эслатувчи қандайдир символлар ўйилган эди. Қозоқ олимлари катта тўпалон кўтардилар ва ҳеч қачон ўтроқ шаклда яшамаган қозоқ халқи жаҳонда ягона бўлган "кўчманчилар маданияти" (кочевая цвилизация) яратгани ҳақида бонг урабошладилар. Қозоқ миллатчиларининг боши осмонда эди, олимлар тошдаги харфларни ўқиш ҳаракатига тушдилар.

Тезда маълум бўлдики, уруш пайтида Олмотага кўчиб келган Москва киночилари қозоқларнинг тарихи ҳақида қандайдир афсонавий фильм олишибди ва шу фильмда ишлатиш учун бир тошнинг устига қандайдир чизиқлар чиздиришибди. Кино олиниб бўлгандан кейин, тош ўша жойга ташлаб кетилибди. Бу ҳақда Москвада чиқадиган газеталар фельетонлар ёзишгандан кейин, қозоқ миллатчилари қандай шарманда бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Аммо, дейди мухбиримиз, бу воқеанинг ҳали ҳамма ҳам англаб етмаган давоми бор. Қозоқлар жаҳл устида ўша тошни бир тепишганда, тош тўппа-тўғри Қирғизистонга бориб тушган. Уни топиб олган қирғиз олимлари, қозоқлардан фарқли ўлароқ, тошдаги ёзувларни тезда ўқиганлар. Ҳайрат! У ерда "Манас" ёзилган экан.