05 April 2013
05:54 - Gallup: Ўзбеклар Ислом Каримдан хурсанд, мамлакатни тарк этишни исташмайди, чет элларда мардикорлик қилишни ёқтиришади
Жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш бўйича машҳур бўлган АҚШнинг Gallup ташкилоти 2010-2012 йиллари собиқ Совет республикларида (Болтиқбўйидан ташқари) аҳолининг ўз раҳбарларига муносабати ва ўз мамлакатини тарк этиш хоҳиши каби масалалар бўйича маълумот йиғибди.

Аҳолиси 29 миллион бўлган Ўзбекистондан турли маълумотларга кўра 4-5 миллион киши чет элларда ишлаётганига қарамасдан, ўз раҳбарларнинг сиёсатидан хурсанд бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича ўзбеклар биринчи ўринни эгаллашибди ва ҳаммани ҳайон қолдиришибди. Собиқ Совет республиклари ичида Ўзбекистон иқтисодий аҳволи ёмон бўлганлар қаторида. Аммо, мамлакатни тарк этиш ниятидагиларнинг фоизи бўйича ўзбеклар охирги ўринда эканлиги ҳам ҳайрон бўлишга лойиқ. Доимий яшаш жойин ўзгартириб, бошқа давлатга кўчиб кетиш ниятидагилар Ўзбекистонда 5 фоизни ташкил қилибди.Ваҳолангки, бундайдарнинг фоизи Арманистонда 32, Украинада 21, Белорусияда 17, Қирғизистонда 16, Россия, Озорбайжон ва Гуржистонда 14, Қозоғистонда 13, Тожикистонда 11, Туркманистонда 6 фоиз экан.

Аслида, бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Ўзбекистонда профессорларнинг ойлиги Қозоғистон ва Россияда мардикорлик қилаётганларникидан бир неча баравар кам бўлгани сабабли, миллионлаб ўзбеклар чет элда мардикорлик қилиб, Ўзбекистондаги оилаларини ўз профессорларимиздан яхши яшатишмоқда. Чет элга кўчиб кетиш ниятидагилар эса, айнан ўша профессорларимиз ва бошқа етук мутахассисларимиз бўлса керак.

Ўзбеклар Ислом Карим ва бошқа раҳбарлардан хурсандлиги ҳам тушунарли. Ахир раҳбарларимиз ўзбекларга чет элларда мардикорлик қилишни тақиқласалар эди, умуман оч қолардик-ку! Профессорларимиз ва бошқа етук мутахассислар эса, кўчиб кетаверишсин, уларсиз ҳам кунимиз ўтаверади. Қирғизлар ҳам ўзбекларни йўқ қилаверсин. Руслар кайф остида чизиб берган чегаралар доирасидаги осмонимиз тинч бўлса бўлди-да.

Ҳа, "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат "ўзбекларни қайтадан миллат қилиб бўлмайди" деганда ҳақ бўлганини тан олиш билан бир қаторда, унинг "аммо биз буни қиламиз" деган сўзлари олдида тиз чўкиш керак.