21 March 2013
01:12 - Ўзбекистонга ҳозирги ишғолчилар қандай келган бўлсалар, шундай кетадилар
Бугунги Ўзбекистон учун улуғ Отатуркнинг "Ишғолчилар қандай келган бўлсалар, шундай кетадилар" сўзларни ишлатиш жоиздир.

Буни эслашимизнинг сабаби бор. Аввалари хабар берганимиздек, Туркияда
исломчилар ҳокимиятга келгандан кейин, Отатурк замонидан бери ҳокимиятда бўлган дунёвийчилик тарафдорларига қарши уруш деса бўладиган ҳужум бошланди. "Эргенекон" ва "Болйоз" деб ном олган жиноий ишлар доирасида, мавжуд ҳокимиятни тўнтариш ниятида бўлганлиги иддао қилинаётган бир неча юз хизматдаги ёки истеъфодаги ҳарбийлар ва зиёлилар ҳибсга олинди, улар устдан бир неча йилдан бери суд кетмоқда. Ҳибсга олинганлар ичида Туркия қуролли кучлари Бош штабининг собиқ бошлиғидан тортиб, бир қатор генерал ва адмираллар бор. Шу кунларда Бош Прокурор баъзилар учун умрбод қамоқ, кўпчилик учун узоқ йилларга қамоқ жазоси талабини очиқлади.

Отатурк бошчилигида қурилган, ҳозир мухолифатда бўлган социал-демократик руҳдаги Жумҳурият Халқ Партиясининг лидери Камол Қиличдорўғли кеча бу хусусда шундай деди: "Бутун миллатга сўз бераман. Ахир шундай кун келади, адолатни қатл этаётган бу прокурор ва судьялардан ҳисоб сўрайман. Мустафо Камол Отатурк ишғолчилар "Қандай келган бўлсалар, шундай кетадилар" деганди. Ҳозир адолатни қатл этаётганлар ҳам, ишонингки, қандай келган бўлсалар, шундай кетадилар."

Шубҳасиз, дейди мухбиримиз, охир-оқибатда дунёнинг ҳамма ерида дунёвий
давлатчилик тарафдорларига ғалаба қозонадилар. Аммо, ҳозирги босқичда, хусусан, Туркияда тўла Эронда каби бўлмаса ҳам, унга ўхшаш исломчилар давлатчилиги яратилиши мумкин. У ҳолда, бирлашган Турк Дунёси ғояси ҳозирча кун тартибидан чиқади.

Табиий, биз учун Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар муҳимдир. Воқеаларни анализ қилиш учун яқин тарихимизни тўғри тушунишимиз керак. Видеотасмаларга ҳам олинган фактлар кўрсатиб турибдики, CCCPинг КГБси ичимиздан чиққан 53-54 лақабли Салой Мадамин раҳбарлигидаги хоинлар ёрдамида Ўзбекистонда ЎЗБЕКнинг душманлари режимини яратишга муваффақ бўлди. Натижада, Қирғизистонда ўзбеклар қирғинига кўз юмиб, миллат сифатини йўқотдик. Иқтисодимиз чўкмоқда. Иқтисоднинг асосий кўрсатгичи - киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми, демак, аҳолининг ўртача даромади бўйича ҳам 2005 йилда Қозоғистондан 5,5 марта орқада эдик, ҳозир 8 баравар (!!!!) орқадамиз. Илм-фан, таълим системаси ўлди ҳисоб. Марказий Осиёдаги лидерлик ролини қозоқларга бериб бўлдик. Ислом Карим ҳамма билан алоқаларни бузиб, явкамохов бўлиб инидан чиқмасдан ўтирибди. Яъни, ўзбек давлатчилиги битмоқда.

Отатуркнинг гапларини такрорлаб, бу режимни қурганлар, тўғрироғи, ишғолчилар "қандай келган бўлсалар, шундай кетадилар" дейишдан осони йўқ. Аммо, бу осон иш эмас. Авваламбор, миллат сифатини йўқотган ўзбекларни қайтдан миллат қилиш керак, миллат ўз аҳволига ўзи баҳо бера оладиган савиягаа чиқмагунча, ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Уни бу савияга олиб чиқоладиган "Бирлик"дан бошқа куч йўқ. Айнан "Бирлик" миллат олдидаги муаммоларни тўғри ифодалади. Муаммони тўғри ифодалаш - ечимнинг ярмисидир.

Миллат тақдирини ўйлайдиганлар "Бирлик" билан бирга бўлишга мажбурлар. Бошқа йўл йўқ.