12 March 2013
22:43 - Жаҳон Банки Ўзбекистонга 93 миллион доллари кредит ажратди, бу бизга урвоқ ҳам бўлмайди
Мазкур молия муассасасининг директорлар Кенгаши "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш" лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 93 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча кредит ажратишни маъқуллади. Мазкур маблағ босқичма-босқич Халқаро тараққиёт ассоциацияси орқали етказиб берилади.

Лойиҳанинг мақсади қишлоқ аҳолисининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш ва тизимни модернизация қилишдир. Донорларга кўра, пул тиббиёт бирлашмалари фаолиятини кенгайтириш, қишлоқ худудларидаги касалхоналарда тиббий хизматнинг сифатини ошириш ва молиявий ахволини яхшилашга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон Банки шу пайтгача Ўзбекистонга 985,7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган, лекин бу маблағлар мамлакатда кўзга кўринарли бирор натижа бермаган.

Бу хабар ҳаммани қувонтириши табиий, чунки, қашшоқ Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими ҳам ривожланган мамлакатларга нисбатан анча орқада. Аммо, 93 млн долларлик, яъни Ўзбекистонда киши бошига 3 доллардан тўғри келадиган кредит биз учун етарсиз. Ўзбекистонда жиддий ислоҳатлар ўтказиб, чўкиб бораётган иқтисодимизни тузатмасак, аҳволимиз бундан ҳам баттар бўлаверади.