07 March 2013
13:06 - Украинада ўз вазифасини бажармаётган депутатларнинг мандатини олиб қўйишмоқчи, Ўзбекистонда ҳамма депутатларни ташқарига отиш керак
Ҳокимиятдаги Регионлар Партиясидан парлпментга сайланган Александр Ефремов ўз вазифасини бажармаётган депутатларнинг мандатини олиб қўйишга қаратилган қонун лойиҳасини Олий Радага киритгани Украина ахборот воситалари томонидан хабар қилинди. Агар шундай қонун қабул қилинса, ўз вазифасини бажармаётганлар қаторига парламент мажлисларида қатнашмаётганлардан ташқари, Олий Раданинг ишига тўсиқинлик қилиб, парламент минбарини ўраб олаётган мухолифатчилар ҳам кирган бўларди.

Бу қонун лойиҳаси парламентда тасдиқланиши даргумон. Аммо, ўз вазифасини бажармаётганларни депутатликдан чиқариш ғояси мутлақо тўғри эканлиги тан олиш ва бу масалани Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутатлари ва сенаторлари фаолияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш керак.

Маълумки, Ўзбекистон режими халқдан бекитиб келаётган маълумотларни биринчи марта эълон қилган Мустақил “Ҳаракат” Ахборот Агентлиги мамлакатимиз иқтисоди тўғридан-тўғри чўкаётганини, Ўзбекистон ўртача ойлик бўйича, ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, ҳатто қўшнимиз Қозоғистондан 8 баравар орқада эканлигини кўрсатиб бермасиди. Шармандаси чиққан Ислом Каримнинг ҳукумати нима қилишини ҳам билмай турибди. Аммо, Олий Мажлиснинг депутат ва сенаторлари ўзларини бу нарсани кўрмагандек тутишларини нима билан изоҳлаш мумкин? Изоҳ битта – улар ўз вазифаларини бажармаптилар. Нима учун сайландилар, нима учун ўз сайловчиларини алдаб келмоқдалар? У ҳолда улар нима учун ойлик олмоқдалар? Бу шунчаки ўз вазифасини бажармаслик эмас, Ватан ва Ўзбек миллати олдидаги жиноятдир.

Ваҳоланки, мухолифатдаги “Бирлик” Партияси бу ҳақда йиллардан бери гапириб келмоқда. Бу аҳволдан чиқиш учун инқилобий ислоҳатлар ўтказиш лозимлигини гапиришдан тортиб, инқироздан чиқишнинг стратегик йўлларини белгилаб берди. Ҳукумат бўлмаса ҳам, Олий Мажлис буларга эътибор бермаётгани депутат ва сенаторларнинг жиноятини яна ҳам оғирлаштиради.

Олий Мажлиснинг депутат ва сенторлари дарҳол истеъфога кетишлари ва унинг раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Қолаверса, Ўзбекистон қашшоқ давлатга айланганини секин-аста дунё жамоатчилиги ҳам тан олишга бошламоқда. Масалан, русларнинг расмий Inosmi.ru давлат сайтида “Ҳаракат”нинг қашшоқлигимиз ҳақидаги хабари русчага таржима қилиб эълон қилиниши ва Ислом Каримнинг “иштонсиз” (нищий) эканлиги ёзилиши эътибордан четда қолмаслиги керак бўлган воқеа. Буни биз Facebook-даги саҳифамиз ўқувчисидан билганимиз ҳам диққатга сазовор.