02 March 2013
00:47 -
Сенсация: “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳисоботини АҚШ элчихонасида тақдим этди

Фуқаролик жамият вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари оддий ташкилий фаолиятини йўлга қўя олмаётган, ўзаро ҳамжиҳат ва тизимли фаолият олиб бора олмаётган ҳозирги пайтда “Эзгулик”нинг бундай жиддий тадқиқотга қўл уриши ва бу борада муваффақиятга эриша олиши эътиборга молик воқеадир. Жамият томонидан тақдим этилган ҳужжат рекламага муҳтож эмас, зеро унга кўз югуртиришнинг ўзиёқ жамиятнинг фаолият кўламини акс эттириб турибди.
“Эзгулик”нинг бу йилги ҳисоботи шартли равишда 6 қисмга бўлинган бўлиб, уларда диний эркинликлар, қийноқлар, пахта қулдорлиги, фуқаролик жамияти вакилларига муносабат, аёлларни мажбурий стерилизация қилиш, мигрантлар билан боғлиқ муаммолар ўз аксини топган. Жамиятнинг бу йилги тадқиқотида ҳуқуқ ҳимоячилигининг ибтидоий қолиплари ёриб ўтилади ва жамият фаоллари фактларни замонавий услубларда таҳлил этади. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятнининг реал картинасини рад қилиб бўлмас далиллар билан фош этиб, бу борада талаб этиладиган ислоҳотларга йўналиш беради.
“Ҳисоботимиз бирмунча мураккаб шароит ва вазиятда юзага келди. Эҳтмол, унда ўзига хос камчиликлар ҳам бордир. Аммо тадқиқотлар даврида биз яна бир карра инсон ҳуқуқлари вазиятининг сиёсат ва сиёсий идора услублари билан боғлиқ эканига амин бўлдик. Сиёсий вазият ўнгланиши ва инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланиши учун аввало сиёсий иҳлоҳотлар қилиш зарур. Бу борада биз ҳуқуқ ҳимоячилари аввало сиёсий ҳуқуқлари, мухолифатдаги “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказишга эришишимиз зарур. Мен дипломатларни бу борада кўмакка чақирдим” дейди жамият раиси Васила Иноят.
А4-форматда 42 бетдан иборат рус ва инглиз тилларидаги ҳужжат дипломатлар томонидан қизиқиш билан қарши олинди. Тақдимотда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда дипломатлар саволларига жавоб қайтарган жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятнининг мураккаб жиҳатларини таъкидлаб ўтди.
Тақдимот кўтаринки руҳда ўтди. Ўз навбатида “Эзгулик”чилар ташкилотчилар, хусусан, АҚШ элчилиги маъмуриятига миннатдорчилик бўлдириб, уларнинг рағбати ва кўмаги ҳуқуқ ҳимоячилари учун муҳимлигини эътироф этишди.
"Ҳаракат" таҳририятидан: Танимайдиганлар учун айтиш керак - тўғрида ўртада ўтирган аёл - "Эзгулик" жамиятининг раиси ва айни замонда "Бирлик" Партиясининг Бош котиби Васила Иноятдир. Унинг чап тарафида - Абдураҳмон Ташанов. Расмни каттайтириш учун курсор билан босинг.