16 February 2013
06:16 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Фурқат, Усмон Носир, Ориф Алимаҳсумовларнинг айби нима?
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Сталин даврида қатағон этилган Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Зиё Саид, Боту, Саид Аҳрорий каби кўплаб ўзбек маърифатпарварларининг номини абадийлаштириш мақсадида кўчаю маҳаллалар, мактабларга уларнинг номини бериш урф бўлганди. Ўзбекистон бўйлаб бир қанча Усмон Носир, Зиё Саид кўчалари, Чўлпон маҳаллари, Тошкентнинг Эски шаҳар даҳасида боққа Абдулла Қодирий номи берилди... Шунингдек, ўзбек маданияти ва санъати ривожига ҳисса қўшган қатор санъаткорлар, маданият арбобларининг номлари пешлавҳаларга битилиб, кўчаларга осилди...

Бироқ мустақилликнинг йигирманчи йили нишонланганидан сал ўтиб давлат раҳбарининг тушунарсиз қарори эълон қилинди. Энди умумтаълим мактаблари рақамланадиган бўлди. Тошкент шаҳридаги фалонча рақамли мактаб, мактабгача таълим муассасаси, тарихий номларни тиклаш баҳонасида пойтахтдаги Акмал Икромов тумани Учтепа, Собир Раҳимов тумани Олмазорга ўзгартирилди (негадир кейинги номлашлар қабристонни эслатади). Дархонда уруш йилларида Тамарахоним гонорари ҳисобидан устози Ҳамза шарафига бино этилган консерватория (мустақиллик йилларида санъат коллежи) қайтадан қурилиб, ўзбек миллий маданияти ва санъатига кўпроқ ҳисса қўшган шекилли, Успенский номи билан аталувчи академик лицейга айлантирилди.

Қарийб 20 йилча Усмон Носир номи билан аталган кўча тўсатдан яна Шота Руставелига йланиб қолди. Ҳайратланарлиси, қачонлардан бери Муқимий номи билан аталган кўчанинг бошланишига “Усмон Носир кўчаси” деган пештахта осилганию, бир бекат юқорига юрилгач яна Муқимий номи бошланиб кетишига нима дейсиз?!

Ўзбек халқининг мурувватпешалиги рамзи бўлган Шомаҳмудовлар оиласи шарафига ўрнатилган ёдгорлик таг-туги билан юлиб олиниб, шаҳарга кираверишдаги кўримсиз жойга “бадарға” қилинди. Муҳташам Халқлар дўстлиги санъат саройи “Истиқлол” дея, метро эса “Бунёдкор” деб ўзгартирилди. Қизиқ томони, бу бетакрор бино ҳам, метрополитеннинг асосан барча станциялари ҳам ўша “қаттол шўролар тузуми” пайтида бунёд этилган.

Хўш, совет даври мустамлакачилик даври бўлган экан, унда бир умр совет тузумини олқишлаб, Ленинни бобом, Сталинни отам деб куйлаган маддоҳ шоир Ғафур Ғулом шарфланиб, Мирзо Улуғбек маданият ва истироҳат боғига ҳайкали ўрнатилгани ва унинг номи билан аталганида қани мантиқ? Яхшиям метро номи ўзгартирилмади. Ҳа нима бўпти, метронинг ҳар иккала йўналишида биттадан “мен яҳудийман” дея ашъор битган Ғафур бобонинг номи бўларди! Азалдан Абай номи билан юритилган кўча, эсингизда бўлса, бир муддат Ботир Зокиров номи билан аталди. Кейин... кейин Ботир Зокиров номи жимгина унутилди.

“Каттанинг қаҳрига учради”, деган баҳона билан буюк ҳофиз Ориф Хожи Алимаҳсумов ижролари телевидениедан “қувилди”. Ўрнини эса тор шим киядиган, қошини тердириб, муқом қилгучи, хезалакбашара “баччалар” эгаллади. Ўзбек миллий рақсини дунёга тараннум этган Мукаррам Турғунбоева номидаги “Баҳор” рақс ансамбли, арман қизи бўла туриб, ўзбекона ижролари билан ярим дунёни лол этган Тамарахонимнинг ҳатто номлари ўчирилди...

Ҳатто, “каттанинг” кўнглини хушлаш учун уюштириладиган зўрма-зўраки байрам концертларида қўшиқлар матни “қайчиланадиган”, совет тузуми ўрнатилишидан аа-нча олдин қазо қилган Фурқатдек жафокаш шоир номи ҳам тилга олинмайдиган бўлди...

Ҳув, беш-олти йилча олдин Сапармурот Туркманбошининг “Қуръони Каримдан ҳам устун туради”, дея таърифланган “Нурнома”си бутун туркман халқи ёдлашга мажбур қилинганди. Тупроғи ҳам совумай, “Нурнома” ўрнини Сердарнинг (“Туркманбоши-2)санитария-гигиена қоидалари тўғрисидаги китоблари мактаб дастурларига киритилибди.

Бизда ҳам шунга ўхшаш нарсалар бўлмоқда. Кампаниявозлик яхшида, зерикмайсан.

Жалол Камолиддин