08 February 2013
06:21 - "Ҳаракат" хатқутисидан: Ўзбекистонда автосаноат мафияси (биринчи қисм)
Ҳурматли таҳририят!

Аввало, Ўзбекистон матбуоти юрак ютиб ёрита олмаётган оғриқли, йиринг босиб, жамиятнинг ривожланишини бутунлай тўхтатиб қўйган ва қўяётган, демократияни жинидан баттар суймайдиган ва уни нима қилиб бўлсада мамлакатда таг-томири билан суғуриб ташлашга “бел боғлаган” “каримовчилар”, “мирзиёевчилар”, “азимовчилар” ва яна бир қанча “...чилар”нинг асл башарасини рўй-рост очиб ташлайдиган танқидий ва таҳлилий мақолаларзни жасорат билан эл ҳукмига тақдим этаётганингиз учун ташаккурларимни билдирмоқчиман.

Мақсадга ўтадиган бўлсак, яқинда “Ҳаракат” сайтида Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги баъзи қусурлар юзасидан чоғроқ фикрлар эълон қилинди. Бундай муносабатни республика матбуотида бериш ўзига ўзи ҳукм чиқариш билан баробарлиги учун ҳам, диққатга сазовор. Ана ўша чиқишларга озроқ илова тарзида автомобилсозлик саноати соҳасига яқин манбаларимдан олган ҳамда кузатувларим билан ўртоқлашмоқчи эдим. Лозим топсангиз, сайтга қўярсиз.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда автосаноат тарихидан бошласак...

Ўзбекистонда автомобилсозлик саноати

Мазкур йўналиш мустақилликнинг дастлабки йилларида (Худо раҳмат қилгур) Қудрат Парпиев ташаббуси билан мамлакатимиз иқтисодиётига олиб кирилган ва ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, ўшанда эзгу ниятларни, халқ фаровонлиги ва юрт иқтисодиётининг тараққиётини кўзлангани билан аҳамиятли эди. Раҳматли Қудрат Парпиевни шахсан таниганим учун ва бу инсоннинг муомаласи, гап-сўзларига гувоҳ бўлганим учун қўлимни кўксимга қўйиб айта оламанки, шахс ва раҳбар, инсонийлик хислатлари, атрофдагиларга муносабат борасида Қудрат ака ҳозирги пайтда Давлат Солиқ қўмитасини бошқараётган укаси Ботирдан мутлақо фарқ қилар эди.

1993 йил (адашмасам) президентнинг Жанубий Корея сафарига ҳамроҳлик қилган ва бу ерда ДЭУ автомобил ширкати раҳбарияти билан келажакда ҳамкорликда автомобил заводи қуриш тўғрисидаги меморандумга имзо чекилган пайтдан бошлаб мазкур соҳани республикамизда ривожлантириш, ёшларни иш билан таъминлаш, саноатни маҳаллийлаштириш ва автомобил саноати учун бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш унинг энг катта орзуларидан эди. Мазкур масалада унинг президент ҳузурига бир неча маротаба кириб чиққани ва автомобилсозликнинг истиқболли соҳа эканига Каримовни ишонтира олганидан бохабарман.

Хуллас, Парпиев автомобилсозликнинг давлат иқтисодиётига катта фойда келтириши мумкинлигини яхши англагани ва давлат раҳбарини бунга ишонтира олгани сабабли 1996 йили собиқ Иттифоқ республикалари орасида Россия, Белорус ва Украинадан кейин (ўтган асрнинг 80-йилларида Грузияда, Арманистонда ҳам автоишлаб чиқаришга уринишлар бўлган, аммо улар ижобий натижа бермагани учун ёпилиб кетган) автомобилсозлик саноатига асос солинди. Шу ўринда, тарихга яна бир бор қайтсак.

Ўзбекистон ҳукуматининг автомобил саноатини республикага олиб кириш ниятидан хабар топган қатор Европа автоишлаб чиқарувчилари ҳам ўзларининг таклифлари билан чиқадилар. Улар орасида машҳур Мерседес-Бенц, Фолксваген компаниялари ҳам бор эди. Аммо БМВ олмон ишлаб чиқарувчисининг таклифи бу соҳада ягона мутахассис саналган (ўша пайтда) Қудрат Парпиевга маъқул тушади. Таклифлар ва лойиҳа ҳужжатлари папкасини Каримовга етказади. Лойиҳаолди ҳужжатлари иқтисодий жиҳатдан анча асослангани ва Ўзбекистон томонига фойдаси бир қадар юқорилиги боис президентни Европа концерни билан қўшма корхона ташкил этиш маъқулроқ эканига қарийб кўндиради.

Аммо... Парпиев сарой ўйинларидан унчалик бохабар бўлмагани боис, давлат раҳбарига соҳанинг мамлакат иқтисодиётига фойда тўғрисида кўпроқ сўзлайди. Каримовнинг эса бу пайтларда иштаҳаси очилиб, кўпроқ ўзи ва оиласи манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўйишини англаб етмайди. Каримовнинг тарбиясини олган Рустам Азимов (Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси, республика молий вазири лавозимларида ишлаган, ҳозирда молия вазири-бош вазир ўринбосари) эса пайтдан жуда унумли фойдаланади. Парпиев президент ҳузуридан чиққанидан кейин, ўз навбатида кореяликларнинг таклифини олиб киради. Гап орасида Каримовга кореяликлар билан қўшма корхона барпо этиш лойиҳасининг “плюс” томонларини қистириб ўтади. Маълумотларга кўра, лойиҳа умумий қийматининг 15 фоизи миқдоридаги пора Каримовнинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилиши “катта”га мойдек ёқиб тушади.

Кореядаги сингари коррупция ва порахўрлик ҳали унчалик авж олмаган Олмония тарафи ва Парпиев бундан табиийки, бехабар эдилар. Орадан айтарли кўп вақт ўтмай Каримов Жанубий Кореянинг ДЭУ корпорацияси билан Асака шаҳрида автомобил заводи қуриш тўғрисидаги фармонга имзо чекади. Олмонлар тирсагини тишлаб қолаверади. Шунга қарамай, Парпиев бу лойиҳадан республикага кўпроқ фойда келтириш йўлларини кўзлайди, турли лойиҳалар ишлаб чиқа бошлайди. Бунга ёшларни Кореяга ўқишга, малака оширишга юбориш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш дастури, маҳаллийлаштириш сингари ташаббусларни мисол қилиш мумкин. Жанубий Кореялик шерикларга унинг унинг ҳаракатлари унчалик ёқмасада, Ўзбекистон томонининг асосий вакили бўлгани боис унинг устидан азза-базза шикоят қилишмасди.

Бу - умуман шикоят қилишмасди, дегани эмас. Улар Азимов тимсолида Ўзбекистон ҳукуматидаги энг маъқул одамни кўргани сабабли, Парпиевнинг “ўзбошимчаликларини” кўпроқ унга айтишади. Азимов табиийки, арзларни Парпиевнинг ўзига айтмас ва уларни оқизмай-томизмай, иложи борича кўпиртириб Каримовнинг қулоғига шипширди. Бу вақтга келиб, президентни ҳам кундан-кунга халқ орасида обрўйи ошиб бораётган Парпиев шахси безовта қила бошлаганди. Мисол учун, 1998 йили катта матбуот анжуманида Парпиевнинг “Ўзбекистон халқига арзон ва қулай автомобиллар керак. Имкон қадар машиналаримиз нархини халқимиз учун оширмаймиз. Автомобил билан аввало халқимизни таъминлаш керак, қимматбаҳо машиналарни эса четдан олиб кириш мумкин”, дегани президентнинг жиғибийронини чиқаради. Парпиевни ҳузурига чорлаб “ўзбошимчалик қилаяпсиз”, дея танбеҳ беради.

Аммо водийда жуда катта обрўга эга Парпиевга очиқ-ойдин ҳужум қилиш яхшиликка олиб келмаслигини Каримов яхши биларди. Қудрат Парпиевни ишдан олиш водийда, хусусан Андижонда норозилик келтириб чиқариши мумкинлигини “катта” ич-ичидан ҳис қилади ва ўзининг ўрнини ҳам эгаллаши мумкин потенциал шахсни ҳозирча шунчаки койиш билан чекланади. Бу орада у Азимов ва Иноятов (МХХ раиси)га маслаҳат солади. Табиатан қўрқоқ, аммо ўта маккор Азимов “Ўзавтосаноат” раҳбарини кузатиш ва унинг “кирдикорлари” тўғрисида ахборот йиғишни маслаҳат беради. Аслида вазифаси мазкур йўналиш бўлган Иноятов ҳовлиқма болакайнинг ўпкасини босмоқчи бўлади. Аммо Каримов “вафодор ялоқхўри”нинг таклифини маъқуллайди ва Иноятовга алоҳида топшириқ беради.

Шу кундан бошлаб Парпиевнинг ҳар бир босган қадами кузатувга олинади, ишхонаси-ю уйидаги барча суҳбатлар, мулоқотлар ёзиб олина бошланади. Аслида ҳукумат аъзолари, вазир ва қўмита раҳбарларининг телефондаги сўзлашувлари, учрашувларини доимий кузатув остига олиш авторитар ва нодемократик давлатларда урфга киргани сир эмас. Парпиев ўзининг кузатувга олингани ва суҳбатлари ёзиб олинаётганини сезар, бу унинг асабийлашишига сабаб бўларди. Аммо кузатув сабабини аниқ билмагани боис ҳеч кимга (Каримовга ҳам) мурожаат қилмаганди.

Уни ўзининг асосий рақиби деб билган Азимов терисига сиғмай борар, аммо Парпиевга сир бой бермасди. Бир гал президент қабулхонасида тўқнашганларида муаммо нимада экани Парпиевга бир оз ойдинлашади. Айнан бир хил масала юзасидан Каримов ҳузурига келишганини сезиб қолади. Президент қабулида бўлиб, ўзининг лойиҳасини ўтказганидан хурсанд Парпиевга қабулхонада Азимов дуч келади. “Ўзавтосаноат” раҳбари Азимов билан кўришиб, “катта”га лойиҳаси маъқул келгани, яқин орада республикада яна бир нечта автомобил заводи очилиши, маҳсулот таннархини маҳаллийлаштириш эвазига арзонлашишини айтади. Унинг хурсандлигини истеҳзо билан кузатган Азимов, “Табриклайман Қудрат ака, омадингизни берсин” деб қўяди. Аммо шу лаҳзадан бошлаб Парпиевдан омад юз ўгирганди.

Президентнинг столига навбатдаги қўшма лойиҳани қўйган Азимов унга “комиссионний” бу гал 20 фоизга ошганини билдиради. Ўпқонига ҳе йўқ, бе йўқ бир неча ўн миллион доллар уриладиганидан бахтиёр "катта" Азимовнинг лойиҳасини маъқуллаш тўғрисидаги навбатдаги қарорга имзо чекади. Бу гал ҳам улоқ Азимовда “кетади”.

Воқеаларнинг бу зайлда ривожланиши Парпиевга берилган навбатдаги зарба эди. Шундай бўлсада, давлат раҳбарига ишонган “Ўзавтосаноат” раиси у билан бир қанча масалалар бўйича гаплашиб олмоқчи экани ва унга тақдим этадиган хужжатлари борлигини айтади. “Катта” уни алоҳида чақиришини билдиради. Азимов ва Иноятовни ҳузурига чорлаган президент Парпиевнинг мурожаати ва аллақандай ҳужжатлар ҳақида гапирганини уларга айтиб қўяди. Парпиев билан бирга пайтда ўзбек автомобилсозлиги саноатига кириб келганларнинг кўпчилиги компания аппарати, Асакадаги заводда ишлаяпти ҳозир ҳам. Уларнинг аксарияти унинг дарди бўлмагани ёки юрагидан шикоят қилмаганини айтишади. Хуллас, шу воқеадан кўп ўтмай Парпиев тўсатдан иш кабинетида жон таслим қилади...

“Чўқинтирган ота”

Азимов бу орада ўзининг навбатдаги “планини” ишлаб чиққан ва “катта”га тақдим этишга улгуради. “Автосаноат” уюшмаси “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси шаклида қайта ташкил этилади ва Азимовнинг “вафодор” шогирди Улугбек Розукулов (айнан шундай ёзиш ва мурожаат қилиш талаб этилади) тайинланади. Аслида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида устозидан таълим олган Розукулов автомобил саноатидан узоқ бўлсада, бизнес, молия ишларида анча ўзини кўрсата олгани боис, ҳам Азимов, ҳам Мирзиёевнинг эътиборига туша олди. 20 йилдан ошиқроқ вақтдан бери Ўзбекистон молия-банк тизими ҳамда иқтисодиётини ўнглаб бўлмас даражада абгор қила олган Азимов, мамлакатдаги бугунги аянчли иқтисодий ва молиявий аҳволига Каримов билан бир хил жавобгар. Шундай қилиб, асосий рақибидан халос бўлгач Азимовнинг иштаҳаси “ҳаккалак” отди. Автосаноатга жойланган шогирд устозининг қадимий ва ноёб санъат асарлари, улуғ мусаввир ва ҳайкалтарошлар ишларига ишқи баландлигини яхши билгани боис, турли йўллар билан хорижий аукционлардан миллионлаб доллар эвазига уларни сотиб олиб совғалар қила бошлади.

Балли, ўйлаганингиздек валюта компания “чўнтагидан” тўланади. Бунақанги “операцияларда суяги қотган” Розукулов харид қилинган қимматбаҳо асарларни қандай қилиб компания ҳисобидан чиқаришни яхши билади. Ора-сирада Мирзиёев ҳам эсдан чиқарилмайди. Унга ҳам байрамлар муносабати билан ана шундай қимматбаҳо совғалар туҳфа этилади. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам, деганлари шу! Аммо харажат ўрнини қоплаш кераклигини эсингиздан чиқарманг. Бунинг йўли ҳам осон. Ишлаб чиқарилаётган автомашина нархи бир оз оширилса олам гулистон. Бошқа моделдаги автоулов харид қилишдан мосуво этилган халқ баланд нархда ёки ҳаминқадар сифатда бўладими, “ўзимизда” ишлаб чиқарилган машинани сотиб олишга мажбур.

Боз устига жаноб Азимов машинага олдиндан буюртма бериш услубини ишлаб чиқади. Унга кўра харидор танлаган позициясига кўра ё сўмда ёки эркин муомаладаги валюта (доллар)да машинага “заказ” беради. Бунинг учун, “Ўзавтосаноат”нинг жойлардаги дилерлари – автосалонларда тегишли тартибда шартнома расмийлаштирилади. Олдиндан, шартномада харидорнинг ҳуқуқлари қарийб йўқ экани, асосан мажбуриятлари белгиланганини машина сотиб олганлар яхши билади. Аввалдан сўмда ёки долларда машина баҳосининг 85 фоизи миқдорида пулини тўлаб қўйсада, харидор жонивор, нарх ўзгарса ёки доллар курси ошса оширилган баҳода қолган маблағни тўлашга мажбур. Бундан ташқари шартномада олти ойдан саккиз ойгача муддат орасида машина етказилади дейилишига ҳам рози. Мабодо айтилган муддатда машина конвейердан тушмаса харидор додини қозига айтса ҳам жавоби ҳалигиндақа...

Шу ўринда GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритган танишимнинг бир маълумотини айтмоқчиман. Оммабоп Нексия русумли автоуловнинг ишлаб чиқариш таннархи, тахминан бугунги кунда 6 минг АҚШ доллари, Матизники 3,5-4 минг, Спаркники 4-4,5 минг доллар атрофида экан. Устама қўйилган баҳодаги фарқни ҳисоблаш учун математик бўлиш шарт эмас. Хуллас, Азимов+Мирзиёев автомобил мафиясининг кармони бўлишдек бахтга эришган Розукулов ўртадаги фарқнинг асосий қисмини устозига, бир улушини ўзининг таъбири билан айтганда “отахонига” (бош вазирни Розукулов орқаворатдан “отахоним” дейди) “илинади”. Қолган бир қисм эса ўзи ва ҳамтовоқларига тегади. Мисол учун, Розукуловнинг ўринбосари, асли Россия Федерацияси фуқароси бўлган Тоҳир Мирджалилов республика ва МДҲ давлатларидаги дилерлик нуқталарига жавобгар. Ҳар чоракда Россия ва ўзбек автоси экспорт қилинадиган бошқа республикалар бўйлаб “бож” йиғиш операцияларига ҳам айнан Мирджалилов масъул.

Тасаввур қилинг, биргина Россияга йилига ўрта ҳисобда 50-60 мингдан ошиқроқ машина экспорт қилинаяпти. Ҳар бир сотиладиган машина учун Россиядаги дилердан қўпол қилиб айтганда, 100 доллар олинади. Сабаби оддий, Ўзбекистонда машина нархи четга сотиладиганидан тахминан ўзбек сўмида 2-3 миллион қиммат. Россия ёки бошқа давлатда сотиш учун долларда нархланади ва маълум муддат машина сотиш учун дилер ихтиёрида туради. Улар аввалдан пул тўламайди ёки буюртма бериб ойлаб, йиллаб кутмайди. Шу сингари сабаблар ўз-ўзидан янги машина учун арзимаган 100-200 долларнинг баҳридан кечишга яхшигина асос бўлади. Демак, МДҲ давлатларига 100 мингдан ошиқроқ машина эскпорт қилинишини эътиборга оладиган бўлсак, йиғиладиган ўлпон ҳам анойи эмас.

Асакадаги автомобил заводи, Самарқанд автомобил заводи, Самарқанддаги Ўзбекистон-Олмония МАН қўшма корхонаси, булардан ташқари яна 20 дан ошиқроқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Корея, Ҳиндистон, АҚШ, Олмония, Туркия, Россия каби давлатлар билан ташкил этилган қатор қўшма корхоналарнинг ҳам фолиятига Азимовнинг “кураторлик” қилишини айтадиган бўлсак, Ўзбекистон автомобилсозлик саноати мафиясининг “чўқинтирган отаси” айнан у эканини тан олсак бўлади.

(давоми бор)

Жалол Камолиддин