05 February 2013
04:41 - Ёзувчи Ғаффор Ҳотамов 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди, амнистига туширилди
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди ёзувчи ва публицист Ғаффор Ҳотамовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат) ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан айблаб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актига асосан жазо муддатини ўташдан озод қилинди.

Ёзувчи ўз қаламига мансуб “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон” асарида ҳозирги кунда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетасида Бош муҳаррир бўлиб ишлаётган Қўчқор Норқобилов ҳамда унинг рафиқаси, шоира Хосият Рустамоваларнинг шахси ва қадр-қимматини камситувчи иддаоларни ёзган. Ҳолбуки, ёзувчи мазкур асарини ишхонасидаги компьютерда сақлаган ва кимдир олиб уни интернет нашрларининг бирига жойлаштирган. Яъни, Ғаффор Ҳотамов асарни бирор жойга чоп қилиш учун бермаган.

“...Бутун умр Ўзбекистон Президенти ҳаракатларини қўллаб-қувватладим, Президент ғояларини амалга тадбиқ этдим. Айнан ана шу ҳаракатларим Ўзбекистон локомотиви йўлига ғов бўлишга уринаётган Хайриддин Султонов (Ўзбекистон Президентнинг Давлат маслаҳатчиси — таҳр.) ва унинг бир ҳовуч ҳамтовоқларига ёқмади. Улар менинг бошимда ёнғоқ чақишга, мени ва менинг ёнимдагиларни бадном қилишга уринишяпти” дейди ёзувчи.

Эслатиб ўтамиз, Ғаффор Ҳотамов турли йилларда респулика даврий матбуотида юқори лавозимларда фаолият юритган. 1997-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош консультант бўлиб ишлаган. Кейинчалик “Ўзбекистон овози” газетасига бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинланган.

Агарда, ростдан ҳам Ғаффор Ҳотамов Президент ғояларини амалга тадбиқ этишда иштирок этган бўлса, бу ғоялар Ўзбекка душманлик руҳида бўлгани сабабли, у ҳали Ўзбек халқи олдида жавоб беради.