04 February 2013
18:38 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ўзбекистонда ҳомийлик - товон тўлашдир! (Тўлатилган вариант)

Ўзбекистонда бир неча йирик жамғарма мавжуд бўлиб, уларнинг мамлакат ривожи, ҳаёт фаровонлиги, ободонлаштириш ва тараққиёт йўлидаги ҳиссалари ўзбек матбуотида бот-бот тилга олиниб келинада. Бундай жамғармаларнинг энг катта ва машҳурлари қуйидагилар: “Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт” жамғармаси,
“Болалар Спортини Ривожлантириш” жамғармаси ва ҳозирги кунда оммавий шаклда реклама қилинаётган “Фонд Форум”. Унинг иккитаси давлат даражасида бўлса, учинчиси феълан Гулнора Каримованинг шахсий мулкидир. “Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт” жамғармаси тўғридан тўғри бюджетдан молиялаштирилиб, мамлакат иқтсодининг муҳим стратегик объектларини модернизация қилиш учун инвестициялар киритиш, уларга кредитлар бериш мақсадида яратилган. Қолган икки жамғарма, айтиш мумкинки, ота-бола Каримовларнинг шахсий инжиқликлари махсулоти бўлиб, фақатгина ҳомийлик асосида ишлайди.

Лекин биз Ўзбекистон ҳақида гапираётганимизни унутмаслик лозим. Бу ерда ҳукумдарларга ҳомийлик қилиш - товон тўлаш демакдир. Ота-қиздан буйруқ келса бўлди, Ўзбекистондаги ҳар қандай ташкилот, корхона ёки инсон “мана ҳайрия” деб ҳамёнини очади. Шу сабабли дунёнинг бошқа давлатларида учрамайдиган ажойиботу ғаройиботларга дуч келаверасиз. Гапимиз қуруқ сафсата эмаслигини кўрсатиш учун учун аниқ бир мисол келтирмоқчимиз.

Пастда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1704 қарори келтирилган. Бу қарорда 2012 йилда “Болалар спортини ривожлантириш” жағармасининг бюджети тасдиқланган. Бу жамғарманинг Ҳомийлик кенгаши раиси шахсан Ислом Каримовнинг ўзидир. Энг қизиғи, Қарорга иловада шу ишлар учун ҳомийлик қилиши “прогноз” қилинаётган ташкилотларнинг рўйхати ва қанчадан ҳайрия кутилаётгани кўрсатилган.

Азиз ўқувчилар, ўйлаб кўринг, Ўзбекистон Президентининг Қарорига будай рўйхатнинг илова қилиниши, уларни ҳайрия бериш ўрнига товон тўлатиш эмасми? Худди шундай.

Яна шуларни айтмоқчиман. “Болалар Спортини Ривожлантириш” жамғармасининг ижрочи директори лавозими вакант бўлиб турибди. 2004 йилдан бери жамғармага директорлик қилган Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Абдулла Ачилов 2012 йилнинг декабр ойида ишдан олинган.

Кўриб турганингиздек, жамғарма бюджетнинг умумий миқдори - 41 520 000 000 сўм ёки 20 760 000 АҚШ доллари. Қайси мамлакатнинг Президенти ҳомийларни ўз қарори билан тасдиқлайди яна? Мен бундай давлатни билмайман. Ўзбекистонда пуллар ассосан тижорат банклар, супер корпорациялар (Ўзбекнефтегаз каби) ва оз сонли чет-эл сармояли корхоналарида тўпланиб қолган. Бундайлар Каримов учун яхши ўлжа.

Отанинг инжиқликларидан бирон нарса ортиб қолса, Гугушахон хизматингизга мунтазир! “Фонд Форум” эшиклари ҳар доим очиқ! Майда корхонолар, кичик ва ўрта бизнесларни эса, бошқа кичик жамғармаларга (маҳалла ва ҳокимият кабиларга) ўлжа сифатида қолдирса бўлади. Қизиғи шундаки, ҳомийлар қаторида на Каримовнинг ўзи, на унинг бойвачча қизи бор. Яъни, уларнинг ўзи миллат учун бир тийин ҳам сарфламайдилар.

Бунинг ҳаммасига ҳеч қачон тўймайдиган коррупцияни қўшадиган бўлсак, нима учун бизнес юритиш бўйича дунёнинг энг орқа давлатлари ичида пешқадамимиз, деган саволга жавоб топасиз. Тижорат банклари ва бошқа корхоналардаги иш ҳақининг қисқариш сабаблари ҳам айнан шундандир.

Ислом Каримов тузган феодал тузум - давлатнинг ўзи ва институтлари орқали халқни талайдиган қароқчига айланганининг исботини кўриб турибмиз. Бундай аҳволнинг давом этавериши давлат учун жуда кескин салбий оқибатларга олиб келиш муқаррар. Каримов бошчилигидаги амалдорлар буни тушунишни истамаётганлари ҳам яққол кўриниб турибди.

Аҳмад Тошкандий

 

"Ҳаракат" таҳририятидан:  Техник сабаблар билан Ислом Карим имзолаган Қарорнинг ҳамма варақларини ва товон тўлаши керак бўлган, Ўзбекнефргаз билан бошланиб Hi Tech Bank билан тугаллланадиган 66 ташкилотнинг рўйхатини сайтга қўяолмадик. Кейинроқ қўямиз албатта.

 

Яна бир нарса эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг Қарори унинг она ва давлат тили - рус тилида ёзилган.